Ислом ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Жахон динларининг ичида фақат Исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган: Бақара сурасининг 256 оятида «Динда зўрлаш йўқ»-дейилган. Қуръонда пайғамбарларнинг ўзига хос шажараси қуйидаги тарзда келади: «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброхим, Исмоил, Исхоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (вахий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва Унинг ўзигагина бўйин синувчилармиз».

Кўпинча Қуръон ва хадислардаги баъзи ўринларни, айниқса уруш ҳақидаги, жиход тўғрисидаги кўрсатмаларни нотўғри равишда, жангарилик руҳида талқин қилишади. Ваҳоланки, ҳақиқий ислом нуқтаи назаридан қаралса, бундай уруш фақат мудофаа мақсадида олиб борилгандагина шаръий (қонуний)дир. Акс ҳолда, ҳатто ислом динини тарқатиш учун бўлганда ҳам уруш муқаддас эмасдир. Қуръон оятларини синчиклаб ўрганган киши шак-шубхасиз шундай хулосага келиши мукаррар. Бундан 100 йил аввал кўзга кўринган рус файласуфи В.С.Соловьев шундай ёзган эди: «Юқорида келтирилган Қуръон матнларидан Муҳаммадга нисбатан фанатизм, тоқатсизлик, диний зўравонлик каби айблар қанчалик ноҳак эканини кўрдик. Умуман мусулмонларнинг муқаддас китобида Муҳаммад томонидан динни онгли равишда суистеъмол қилинганлиги ҳақида биронта сўз йўқ». Қуръонда диққат билан қаралса, барча имонсизларга қарши уруш олиб бориш ҳақида биронта кўрсатма йўқ… Муқаддас уруш фақат биргина ҳолатда мусулмонларга душман хужум қилгандагилар вожибдир, агар кимда-ким Қуръон кўрсатмаларини бошқача тушунса, бунга илоҳиётчиларнинг нотўғри талқини айбдор”. Ҳақиқий эътиқод ички имондан келиб чиқади. Шундай экан, уни зўрлик билан ўрнатиб бўлмайди. «Динда зўрлаш йўқ» оятини, инсонга танлаш ихтиёри берилган ва бунинг учун унинг ўзи жавоб беради маъносида тушуниш ҳам мумкин.

Бундан ташқари қиёматда эътиқод масаласидаги бахсларни Аллоҳнинг Ўзи ҳал қилади. Унгача эса инсонлар фақат хайрли ишларда ўзаро мусобақалашмоқлари керак. Эътиқод масаласида монополия бўлиши мумкин эмас. Миллий ва диний рангбаранглик ҳамда эътиқод эркинлигини қарор топтириш масалаларида Қуръон тўлиғича бағрикенглик руҳи билан суғорилган. Дунёдаги турли-туманлик Яратганнинг иродаси ва хикмати билан боғлик. Аллоҳ таоло дастлаб одамзотни бир уммат қилиб яратганди, сўнгра уларни турли қабила, халқ ва динларга ажратишни ирода қилди. Бундай рангбарангликдан мақсад умумий фаровонлик йўлида инсонлар бир-бирлари билан мусобақа қилмоқлари даркор. Бошка жамоалар билан хамжиҳатликни чуқурлаштириш учун мусулмонлар улар билан, айниқса, китоб ахли-яхудийлар ва насронийлар билан мулоқот қилмоқлари лозим. Қуръон бу дунёни барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин деб эълон қилди. Муҳаммад (с.а.в) ҳаёти синчиклаб ўрганилса, у зот ҳеч қачон ҳеч кимни исломга киришга мажбур қилмаганлари, бирон марта у ёки бу харбий ҳаракат диний эътиқод туфайли бўлмагани аён бўлади. Пайғамбар олиб борган харбий тадбирларнинг беистисно барчаси соф мудофаа мақсадларига хизмат қилган.

628 йилда Пайғамбар тинч мақсадда Макканинг зиёрати учун отланганда мушриклар бунга рухсат бермадилар. Оқибатда Худайбия сулхи имзоланди ва мусулмонлар Мадинага қайтишга мажбур бўлдилар. 630 йилда ушбу сулх шарти бузилгач, Маккага мусулмонларнинг юриши (фатх) юз берди ва шахар деярли қаршиликсиз олинди. Манбаларга кўра 630-632 йиллардаги газотлар хам асосан мудофаа жанглари ёки шартнома бузилгани сабабли содир қилингап. Умуман олганда Қуръони каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мумин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилганлар.

Ўзбекистон диний бағрикенглик улкаси. Халқимизга азалдан хос бўлган хислат- бағрикенглик биз учун анъанавийдир. IX асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон худудида ислом дини сунна йўналишининг ханафий (Имом Аъзам) мазхаби карор топди. Бу ҳам бежиз бўлмаса керак, зеро Имом Аъзам мазҳаби ўзга динлар ва махаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериш билан бошқа мазхаблардан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомулга етказган ватандошларимиз — ал-Мотуридий, Абул Муъин Насафий ва ал-Маргиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка бархам бериш, ислом динининг «аҳли сунна ва жамоа» йўли барқарор бўлиб қолишига катта хисса кўшишлар. Нафақат буюк алломалар, балки Ўрта Осиё хукмдорлари ҳам бу йўлда курашдилар. Масалан, X аср ўрталарида мусулмон дунёсида шиа йўналиши (Шимолий Африка, Миср, Сурия, Ҳижозда-фотимийлар, Яманда-зайдийлар ва хатто аббосийлар пойтахти Бағдодда-бувайхийлар) устунликка эришган бир пайтда ўрта Осиёлик тохирий, сомоний, ғазнавий ва қорахоний хокимлар «аҳли сунна ва жамоа»ни қаттиқ туриб химоя қилдилар. Буюк бобомиз Амир Темур «Аҳли сунна ва жамоа» га доим содиқ диний ақидапарастликка қатъий қарши бўлган.

Мустақиллик туфайли ўзлигимизни англаш, маънавий қадриятларимизни тиклаш жараёни кечаётган ҳозирги пайтда умуман динга ва айниқса ота-боболаримиз дини бўлиб келган Исломга муносабат тубдан ўзгарди. Президент И.А.Каримов — «Минг йиллар мобайнида, марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик хаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг ташувчилари ўртасидаги хамкорлик ва хамжихатликнинг шаклланишига йўл очган” — деб ёзади. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида, жумладан, шундай дейилади: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Халқаро хамжиҳатлик йўлида ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва хурмат қилиши жуда муҳимдир. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик бўлмайди.

З.Абсаломов
Олтинсой тумани “Рахмонберди хожи” жоме  масжиди имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here