Бу дунёда азал-азалдан одамзод бир-бирларига устоз ва шогирдлик қилишиб келадилар. Чунки ҳамма инсон ўз-ўзидан устозсиз илмга ва касб ҳунарга эга бўла олмайди. Устозларсиз умуман ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон учун ҳаёти давомида, илму-урфон, одоб-ахлоқ ва касб-ҳунар ўргатадиган, йўл йўриқ кўрсатадиган бир устоз жуда ҳам зарур. Доно халқимизда шундай мақол бор: “Ҳар ишнинг бир устаси бор, ҳар устанинг бир устози бор” ва яна; “Устоз кўрмаган шогирд, ҳар мақомға йўрғалар”
Миллий урф одатларимиздан, халқ мақолларидан ва муқаддас динимиз кўрсатмаларидан устоз ва мураббийлар иззат икроми, қадри қиймати ва уларга кўрсатилиши керак бўлган ҳурмат ва эҳтиром қанчалик бўлиши керак эканлиги бизларга маълум. Доно халқимиз мақолларида; “Устоз меҳри — ота меҳри” ва яна “Устоз — отангдан улуғ” дейилади. Дарҳақиқат ота она фарзандни дунёга келтириб, асраб авайлаб парваришлаб, кийинтириб, қорнини тўйғазиб, моддий таминотини қилиб вояга еткизса, устоз бир умрга унга керак бўладиган билимни ёки ҳунарни ўргатади. Инсон мана шу ўрганган илм билан бир умрлик ҳаёт сўқмоқларидан ўтиб кетиши учун, моддий ва маънавий жиҳатдан ҳаётга тайёр бўлади. Киши устоз ўргатган илм ва касби билан улуғлар сафига қўшилади.
Ҳақиқий устоз шогирдининг эртага ғам қайғусига сабаб бўладиган нарсани ўргатмайди. Устознинг мақсади ҳамиша эзгуликка йўғрилган бўлади. Ҳақиқий устоз уммонга ўхшайди, ундан барча инсон фойдаланиб чексиз хазина ва бойлик топиши мумкин.
Устоз қуёшга ўхшайди, шогирд эса, дарахт каби унинг беминнат нуридан баҳраманд бўлиб улғаяди ва мева беради. Дарахтнинг ҳосили — меваси, устознинг ҳосили — шогирдларидир. Комил инсон осмондан тушмайди, у ҳам устоз тарбиясини олиб шаклланади. Устоз инсон маънавиятининг меъморидир. Шунинг учун устозларнинг ҳурмати баланд, уларни қадрлаймиз. Муқаддас динимизда устоз ҳурмати ҳақида алоҳида кўрсатмалар берилган. Жумладан устозни кўрганда шогирд ўрнидан туриши, уларнинг хизматини қилиши, берган топшириқларини аниқ бажариши, ҳотто устознинг ўрнига ўтирмаслиги ва ҳоказо.
Азиз мамлакатимизда ҳам ҳар йили “1-октябр устоз ва мураббийлар куни” деб белгиланган. Ва шу куни байрам қилиниб устозлар улуғланади. Зеро илк бора мактабга борган кунимиз ва меҳрибон устозимизнинг қўлларимизга қалам, дафтар ва китоб тутқазиб, меҳр билан илм ўргатиб бошлаганлари ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди. Шундай экан чин қалбимиздан; “Байрамингиз муборак бўлсин азиз устоз ва мураббийлар!” деймиз.
“Қадимий Дарбанд” жомеъ масжиди имом хатиби Ў.Алимов.