Динимизда аҳли илм, олимлар, устоз ва мураббийларга  шу қадар улуғ даража берилган-ки, уларга инсонларнинг энг аълоси ва фазилатлиси деб қаралган.  Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб,  шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” )Оли Имрон сураси, 18-оят(.

Имом Қуртубий (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бу оятда илмнинг фазлига, олимларнинг шарафига ва уларнинг фазилатига далил бор. Агар бошқа бирор  киши олимлардан ҳам шарафлироқ бўлганда эди, худди олимларнинг исмини боғлагани каби  Аллоҳ таоло уларнинг исмини ҳам оятда ўзининг ва фаришталарнинг исмига боғлар эди. Уламоларнинг инсонлар ичида энг шарафли эканини исботловчи  кучли далил Аллоҳ таолонинг улар ҳақида нозил қилган ушбу оятидир:

…إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ

“…Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”  (Фотир сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолонинг бандалари орасида Ўзидан қўрқадиган аҳлидан қилгани ва буни Ўзи васф қилгани  уларнинг шарафли эканига кифоя қилади”.

Илм эгалари ўша илм билан жоҳил, билимсиз кишилардан фазилатли бўлади. Бунинг исботи эса ниҳоятда гўзал бўлиб у қуйидаги оятдир:

…قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

“…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” ( Зумар сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло нозил қилган шариат бўлмиш муқаддас динимиз исломни ҳам Ер юзида фақат илм эгаларигина бошқаларга етказади. Аллоҳнинг динини етказиш билан улар яна бир бор фазл эгасига айланадилар. Чунки фазилатли илмни ўргатиш ила яна фазл  топадилар:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” ( Мужодала сураси, 11-оят).

Бу билан Аллоҳ таоло олимларнинг даражаларини кўтариб қўйди.

Бундай улуғ даража, буюк мартаба эгаларига фақат эргашиш ва иқтидо-итоат қилиш лозим. Зеро, жаҳолат пардалари кўзларини кўр қилган кимсалар йўлларини  уламоларнинг илм нуригина ёритади холос. Агар бу итоат “илоҳий амр” билан бўлса нақадар улуғ:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” ( Нисо сураси, 59-оят).

Бир гуруҳ муфассирлар иш эгаларидан мурод олимлардир, десалар, бошқа муфассирлар иш эгалари амирлар ва олимлардир, деб айтганлар.

Олимларнинг  даражалари юксак,  фазилати улуғ эканлиги борасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак  суннати шарифларида ҳам кўплаб ҳадислар  ворид бўлган.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитдим: “Кимда ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди ва фаришталар унинг қилаётган ишига рози бўлиб, қанотларини толиби илм учун ёзиб туради. Албатта у (илм толиби) учун осмон-у ердаги жонзотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади, Олимнинг обиддан фазли тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фазли кабидир.  Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта  пайғамбарлар динор ё дирҳамни мерос қолдирмади, балки  илмни мерос қолдирди. Кимики уни олса, тўлиқ (мўл-кўл) насиба олибди” (Имом Термизий ривояти).

Алломалардан бири ўз китобида уламолар ҳақида шундай деди: Олимлар ерда осмондаги юлдузларнинг ўрнидадир. Зулматда қолган кишилар улар билан ҳидоят топади. Инсонларнинг уларга бўлган ҳожати  овқатланиш ва ичиш каби ҳожатлардан кўра юксакроқдир”.

Ислом шариати мусулмонларни аҳли илм ва уламоларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради.

 

Шеробод тумани «Имом Термизий» жоме масжиди имом ноиби А.Бобоев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here