Рўза тутиш жараёнида киши озми кўпми қийинчиликларга кимгадир кўрсатиш учун, ёки хўжакўрсинга эмас, балки фақат Аллоҳ таоло учун бардош беради. Ибодатини виждонан адо этиш жараёнида бу хислатни бошқа амаллари учун ҳам жорий эта бошлайди. Одатий кундалик юмушларида ҳам қунт ва тоқатни ўзига ҳамроҳ билади. Натижада эътиқод янада мустаҳкамланади.
Юсуф хос Ҳожиб: “Агар меҳнат-машаққат ё қайғу-алам дуч келса, сабр билан қарши олсанг, кетидан қайта шодлик келади” деган экан. Рўзадор ана шу фикрга ишонади: қийинчиликлари, ташналик ва очликлари ортида мисли топилмас ифторлик борлигини ҳис қилади, Аллоҳнинг марҳамати, берилажак юксак мукофот, жаннатнинг “Райён” эшигидан киришни умид қилади. Сабр билан кутади. Тонг қоронғусидан то шомгача егиси келса емайди, ташналикдан томоғи қуриб кетса ҳам қултум сув ичмайди. Бардоши етади. Сезадики, бошқа кунлари чидай олмайман деб ўйлаган кўп қийинчиликларни бемалол, яна қалбда хотиржамлик билан енгиши мумкин экан. Демак, унинг сабри синаланади. Янгидан куч ва шижоатга эга бўлади. Шу боис бўлса керак, буюк олимлар, ислом уламолари юксак ишларни асосан Рамазон ойида ёки бу ойдан кейин бошлаганлар. Рамазондан ўрганилган бардош сабаб балки юксак асарлар, тарих зарварақларида қолган буюк ишлар амалга оширилгандир.
Маҳмуд Замахшарий: “Ўз нафсингга асир бўлмасанг, уни ўз ҳукмингда тутасан, акс ҳолда ундан ғолиб чиқиб, ушлаб тура олмайсан”, дейди. Рўзадор нафсининг ҳокимига айланади, энди ҳар доимгидек нафси нима деса, айтганини қилмайди, инжиқликларига эътибор бермайди. Демак, нафси устидан ғолибликка эришади. Бу нарса Рамазондан кейин ҳам асқотади, бўлар-бўлмас нарсаларни хоҳловчи нафс энди жиловланган, тартибга риоя қила бошлайди.
Рамазон руҳиятнинг шифокори ҳамдир. Гинаю кудуратлардан, турли асаббузарликдан ҳоли бўлган қалб осойишталикка бурканади. Қолаверса, руҳий хотиржамлик вақтида инсон тафаккури тиниқлашади, маъсиятлардан покланиб борган онгнинг ҳам маърифат эгаллашга бўлган иштиёқи ортади. Атрофга теранроқ назар солади. Рамазонни тиниқ тафаккур, руҳий хотиржамлик билан кузатади.
Ахлоқни ўнгламоқ фурсатидир – Рамазон. Шарафли ойнинг ҳурмати боис воз кечилган иллатлару ўрнини эгаллаган фазилатлар ҳар бир мусулмоннинг улкан ютуғидир. Бинобарин, бежиз бу ой бизларга инъом этилмаган, бекорга муқаддас этиб белгиланмаган. Кишининг хулқини ўнглаб, ёмон иллатлардан йироқлашиб, қутлуғ айёмга кириб борса, бу унга йил давомида унга ҳамроҳ бўлади.
Бир ой мобайнида оч ва ташна кишилар ҳолатини танасида синаб кўрган инсон юрак-юрагидан шукрлар айтишни ўрганади. Неъматларни қадрлашни, йўғида сабр қилиб, борида мамнунлигидан миннатдор бўлишни таълим олади. Дастурхони тўкинлиги, меваю сабзавотлар, дон дун сероблиги, диёрининг мусаффо иқлими, оби-ҳаётнинг қимматини илгари сезмаган бўлса, рўза сабаб ҳис қиладиган бўлади.
Бундан ташқари, замонавий тиббиёт рўзанинг беқиёс даволовчи таъсирга эга эканлигини исботлади,
Рамазон шарофати билан аразлашган кишилар ярашади, гиналар унут бўлади, кўпгина келишмовчиликлар бартараф этилади, муборак кунларда яқинлар, кексаю ногирон, бемору муҳтожлар ҳолидан хабар олинади, меҳр-муҳаббат ортади, мурувват туйғулари жўш уради, оқибат янада шаклланади.
Аслида ушбу санаб ўтганларимиз Рамазондан олажак яхшиликларимизнинг ҳаммаси эмас. Биз кўрмаган, бироқ ҳаётимизни тубдан ўзгартирган фазилатлари яна қанчадан-қанча. Асосийси, биз бу имкониятни юракдан ҳис қила билишимиздир. Ана шунда мустақил юртимизда эътиқод эркинлигининг таъминлангани, диндорлар учун яратилаётган бемисл шароитлар бежиз кетмайди, тинч-хотиржам кунлар учун заҳмат чекаётган фидоийлар меҳнати қадрланади.
Иншооллоҳ, бу йилги Рамазонни ҳам кўзда ёш билан, бироқ, биз эришган бир олам фазилатлар билан кузатамиз. Аллоҳ таолодан чин қалбдан сўраймизки, янаги йил шу кунларга, муборак моҳи шарифга соғ-саломат, тинчлик-хотиржамликда етказсин. Юртимизда яхши инсонлар кўпаяверсин. Тинчлигимизга, ҳурлигу эркимизга кўзлар тегмасин! Рамазон Муборак Азизлар!!!
Хосият Қосимова
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси