Ҳозир дунёнинг баьзи  бир давлатларида

минглаб ёшлар ўқиш-ёзишни ўргана олишмаяпти.

Ўша минтақадаги нотинчликлар сабабли таълим тизими бутунлай издан чиқиб,

ёш болалар хоҳласалар ҳам алифбо ҳарфларини таний олмаяпти, бир  умрга  саводсизликга маҳкум бўлиб колмоқдалар…

Минг шукрки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо.

Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барча жабҳалари ва соҳаларида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳам аввало ана шу тинчлик туфайлидир.

 

 

Маълумки, шукроналик ҳаётдан мамнунликни, мамнунлик мустаҳкам ишонч, ўз ишига боғлиқлик, эътиқодий барқарорликни ифода этади. Халқимиз тарихида Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб буюк аждодларимиз ҳаётда завқ билан яшаш, эртанги кунга ишонч, розилик ва шукроналик, мамнунлик ғояларини тараннум этганлар.

Умрдан мамнунлик, ҳаётга завқ билан қараш муқаддас китобимиз Қуръони Каримда алоҳида қайд этилиб, шукроналик ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарз-вожиб даражасида эканлиги уқтирилади.

Қуръони Каримнинг Иброҳим сураси 7- оятида    шукр қилгувчи одамларнинг ҳар икки дунёда ҳам бахт топишлари ёзилган: «Касамки ,агар (берган неьматларимга) шукр килсангиз, албатта (уларни янада) зиёда килурман.», деб қайд этилган.

Алишер Навоий шаҳзода Бадиуззамонга ёзган мактубларидан бирида мақсад хусусида шундай ибратли фикрларни баён қилади: «Одамнинг мурод-мақсади бўлмаса балолардан омон қолмайди. Аммо ҳар кишининг муроди кўпроқ бўлса, ҳақ-таоло амрига итоати ҳам кўпроқ бўлади. Демак, ёшларда даставвал мақсад тарбиясини йўлга қўйиш, уларнинг онги, қалбида келгуси ҳаёт орзуларини таркиб топтириш ,тинчлик ва фаровонлик неьматларига шукрона келтириш туйгусида тарбиялаш ўта муҳим масаладир.

Улуғ мутафаккир Алишер Навоий қаноатсизлик инсонни ҳаётда бетайинликка олиб келишини ўзининг «Мажолисун-нафоис» асарида  сабрсиз, ношукур шахсларнинг ўз умрларидан барака топмаганликлари орқали ёрқин тасвирлаб берган.

Жамиятда шукроналик, одамларда розилик туйғулари ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Бу жараёнда халкимизнинг амалий саъй-ҳаракатлари катта аҳамият касб этади. Мазкур омилнинг нечоғли муҳимлигини юртбошимиз алоҳида таъкидлаб, шундай деган эдилар: «Такрор-такрор айтаман, биз авваламбор одамларимизни рози қилишимиз керак. Биз қачон кучли ва қудратли бўламиз – қачонки одамлар бугунги тизимдан, бугунги ҳаётдан рози бўлса. Шундагина бу ҳолатни ҳеч ким енга олмайди».

Ҳаётдан розилик эса билимларга эгалик омилига ҳам бевосита боғлиқдир. Улуғ аждодимиз Абу Райҳон Беруний «Билимсиз одам хурофотга мойил бўлади», деб бежиз айтмаганлар. Шундай экан, бугунги ёшларни билим ва маърифатга даъват этиш давлатимиз сиёсатининг устувор масаласига айлангани фикримизнинг далилидир

Шукроналик юрт тинчлиги, омонлиги омилига бевосита боғлиқдир. Одамлар дуога қўл очганда даставвал «тинчлик, омонлик бўлсин» дейишлари бежиз эмас. Дарҳақиқат, дориломон замон, фаровон турмуш, давру давроннинг пойдевори тинчлик, омонликдалиги, осойишта турмуш нечоғлик буюк қадрият эканлиги бугунги кунда айниқса рўй-рост кўринмоқда. Дунёнинг турли томонларида юз бераётган ола-тасир тўполонлар, жангу муҳорабалардан юртимизнинг фориғлиги аввало тангри-таолодан бўлса, иккинчидан донишманд юртбошимизнинг келажакни башорат қилувчи фазилатларидан, эл-юрт ташвишида ҳормай-толмай тинимсиз қилаётган саъй-ҳаракатларидандир. Бундан барчамиз шукронада бўлишимиз, розиликда ҳар куни дуо қилишимиз лозим.

Шукроналик ҳалол меҳнат, эзгу мақсадлар, тўғри ҳаракатга ҳам боғлиқдир. Агар эътибор қилинса, улуғ аждодларимизнинг ҳар бири ҳалол меҳнати, ўз касби, ижодига садоқатни муқаддас билганлар, элга наф-фойда келтиришни ўйлаб яшаганлар. Хазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг устозлари Мир Кулол  ўнлаб шогирдлар, етим-есирларни ҳалол меҳнатлари билан, кулолчилик касби орқали олинган насиба билан улғайтириб, қунт билан илм эгаллашга ўргатиб, тарбиялаб элга қўшган бўлсалар, Алишер Навоий бобомиз ўзларининг катта мулкларидан фақат озгина ризқларини олиб, қолган барча бойликларини эл-юртни тўйдириш, илм-маърифат масканларини қуриш, одамлар ҳаётини обод қилишга тўла-тўкис бағишлаганлар.Улуг мазхаббошимиз  Имом Аьзам савдо билан шугуланиб,илм-фан равнакига хисса кушганлар. Ҳудди шундай мисолларни Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Хожа Аҳрор Валий ва бошқа ўнлаб улуғ сиймолар ҳаётида ҳам кўриш мумкин.

Раҳматли 1- Президентимиз И.А.Каримов  «Юксак маънавият-енгилмас куч» номли китобларида ҳалол меҳнатнинг ролини алоҳида таъкидлаб, шундай деганлар: «Ўз пешона тери билан ҳалол турмуш кечирадиган инсон ҳаётидан мамнун ва рози бўлиб, қалби ва юраги осойишта, виждони пок, руҳий олами барқарор бўлиб, элнинг ҳурматини қозониб яшайди. Иккинчи томондан, бу дунёда енгил-елпи, ҳар хил нопок йўлларга берилиб, инсоний бурчини унутиб, мол-дунёга интилиб яшаган одам, энг ачинарлиси шуки, ҳаётининг сўнгида армон ва надоматларга ботиб ўз умрини тугатади».

Миллий истиқлолга эришганимиз, халқимизнинг асрий орзулари ушалгани, озод ва обод жамиятда 27 йил мобайнида тинч ва осуда яшаётганимиз, маънавий меросимизнинг тикланаётганлиги, ватанимизнинг кундан кунга чирой очиб бораётганлиги, турмушимиз фаровонлашаётганлиги жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси учун чексиз-чегарасиз шукроналик манбаидир. Шукроналик туйғуси аҳоли турли табақаларига кирувчи ёши, жинси, миллати, мулкий даражаларидан қатъи назар барча фуқаролар учун энг муҳим фазилат сифатида шакллантирилиши бугунги дориломон давр учун ўта долзарб тарбиявий вазифа ҳамдир.

Жаннатмакон юртимизда тинчлик, тотувлик, аҳил-иноқлик ,тилимиз ва дилимизда шукроналик бор экан, бу улуғ неъмат йиллар ўтгани сари янада навқиронликка, етук ва баркамолликка юз тутиши, юртимизда жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги юксак турмуш тарзидан асло кам бўлмаган ҳаёт тарзи, завқли умргузаронлик қарор топиши шак шубҳасиздир. Аллоҳ таоло осмонимизни мусаффо ва хонадонларимизни тинч қилсин.

 

Сурхондарё вилояти   Денов тумани

«Хикмат» жомье масжиди

имом-хатиби: Фахриддин Худойназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here