Аллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоят ва ҳақ дин билан пайғамбар қилиб юборган. Буни яхши биласизлар. У кишининг буюк ҳаёт тарзи ва улуғ хулқларини барча аср замонларда уммати учун тақлид қилинадиган гўзал намуна қилган.
Аллоҳ таъоло айтди: ˝Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди˝. Аҳзоб, 21.
Яна айтдики: ˝Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади˝. Нисо, 80.
Қуръонда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишга буюрилган ушбу оятдан кучли бошқа оят борлигини билмайман.Лекин бир неча асрдан бери янги фирқа пайдо бўлди. Улар ўзларининг фикрий қиёфаларини ва тутган йўлларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган кўплаб нарсалар ўрнига алмаштириб ташлади. Ажабланарлиси шундаки, бу фирқалар ўзларининг фикрий қиёфаларига ва тутган йўлларига даъват қилишда гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган «хатоларни тузатувчи» киши каби ҳаракатланадилар.
Икки шайҳ (имом Муслим, Бухорий) ва бошқалар иттифоқ қилган ҳадисда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳеч бирингиз мени ота-онаси, фарзанди ва барча инсонлардан кўра яхши кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар.Бошқа бир саҳиҳ ривоятда: «Ўз нафсидан кўра яхши кўрмагунча» — дейилган. Ўша фирқаларнинг бошлиғи: «Йўқ, Расулуллоҳга муҳаббат қилишда муболаға қилиб бўлмайди», деган. “Хатоларни тузатиш” амалиётига эътибор беринг.Имом Термизий,
Абу Довуд, Ибни Можжа ва бошқалар Усмон ибн Ҳанифдан ривоят қилган ҳадисда айтилади;
«Қатоданинг кўзи кўрмас эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ўз ҳолидан шикоят қилиб келди ва жамоат намозига иштирок этиш учун Расулуллоҳнинг масжидларига боришга ожизлик қилаётганини айтиб Аллоҳдан шифо ҳамда икки кўзларини қайтариб беришини сўраб дуо қилишларини Расулуллоҳдан илтимос қилди. Шунда унга Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам; ”Мукаммал тахорат олиб икки ракат намоз ўқи. Кейин: «Аллоҳим мен сенга раҳмат пайғамбари бўлган Набийинг Муҳаммаднинг олий мартабаси ила юзланаман. Эй Муҳаммад мен Роббинга ҳожатимни раво қилиши учун сен билан юзланмоқдаман. Аллоҳим уни менинг ишимда шафоатчи қил” — деб, ҳожатингни айтгин” — дедилар.
Ҳалиги киши бориб Расулуллоҳ айтган нарсани қилди. Аллоҳ таоло унга эҳтиром кўрсатди ва унинг икки кўзи кўрадиган бўлди».Лекин бу фирқаларнинг раҳбарлари: «Бундай дейиш жоиз эмас. Расулуллоҳни васила қилиб бўлмайди, ким шундай қилса ширк қилибди”- демоқда.
Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқалар мутавотур даражасига етган кўплаб ҳадисларни ривоят қилганлар. Расулуллоҳнинг саҳобалари — Аллоҳ улардан рози бўлсин — Расулуллоҳнинг муборак терлари ва ундан бошқа яъни таҳорат вақтида юз қўлларидан оқаётган сувларини, соч соқолларидан тушган мўйларини ҳам табаррук санашар эди.
Лекин тарқалган бу бидъатчи фирқаларнинг раҳбарлари: «Йўқ, бу жоиз эмас, ким бундай қолдиқларни табаррук санаса ширк қилибди” — демоқда.
Имом Аҳмад ўзининг Муснад номли китобларида ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда келтирилишича Пайғамбаримиз алайҳис-солату вас-салом Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юбораётганларида у билан видолашиб туриб: «Эй Муоз бу йилдан кейин қайтиб келганингда эҳтимол мени кўрмасанг керак. Мадинага қайтганингда эҳтимол бу масжидим ва қабрим олдидан ўтсанг керак” — дедилар.
Муоз Ямандан қайтиб келганларида ҳақиқатда Расулуллоҳ унга айтган нарса бўлган эди. Билсаки Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рафиқул аълога риҳлат қилибдилар(вафот этибдилар). Дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари томон йўл олди ва у кишининг муборак қабрлари олдида тўхтаб у зотга салом бердилар.
Лекин бугунни ”тузатмоқчи” бўлаётган бу фирқалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёратига боришни жоиз эмас демоқда.Яна
Имом Аҳмад ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Менинг бу умматим раҳм қилинган умматдир. Шунга биноан тавбалари қабул қилинган, шунинг учун гуноҳлари мағфират қилингандир”— дедилар.
Яна у зот айтган саҳиҳ ҳадисда:
«Гувоҳлик бериб айтаманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва яна гувоҳлик бериб айтаманки албатта мен Аллоҳнинг Расулидирман. Қайсики банда бунга шубҳа қилмай Аллоҳга йўлиқса жаннатга киради” — дейилган.
Лекин ўша фирқалар қиёмат кунидаги нажот топгувчи жамоа фақатгина бир ўзлари бўлишлари ҳақида жар солиб чирилламоқдалар. Яъни бу фирқалар пайдо бўлишидан илгариги одамларнинг ҳаммасини адашган ва ширк келтирган — демоқдалар, ўзларига эргашмаган барча одамларни эса кофир ва мушрик деб сурон кўтармоқдалар.
Агар бир киши ўшаларнинг биридан сенинг мазҳабинг қайси, сен Шофеиймисан ёки Ҳанафийми?- деса, мен нажот топгувчи жамоаданман, дейди. Яъни агар мен юрган йўлда бўлсанг сен ҳам мен каби нажот топганлардансан, акс ҳолда билгинки сен ҳам қиёмат куни жаҳаннамга солинадиган адашганлардансан, дейди.
Сунан эгаларининг кўпчилиги ривоят қилган ҳадисда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам;
«Албатта Роббингиз ҳаёли ва каримдир у Зот бандаларидан бирортаси қўлларини очиб (дуо қилса) уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади”— деганлар.
Улар эса: Йўқ, инсон дуода мутлақо қўлини очиб кўтариши мумкин эмас, демоқда.
Уларнинг бундай ёндошишларини қандай тушуниш мумкин, эй Аллоҳнинг бандалари. Албатта бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насиҳатларини ҳамда у кишининг буйруқ ва муносабатларини «тузатиш учун» ёндашишга яқин келади. Шундай эмасми?
Ким Аллоҳни ҳақиқий маърифатини билса ва Муҳаммад алайҳис-саломни чин маърифатини таниса хоҳласа хоҳламаса Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўришга мажбурдир.
Тўғри биз Аллоҳ таоло биздан талаб қилган ишларда камчиликга йўл қўямиз -ҳаммамиз ҳам хатокормиз- лекин биз Аллоҳни яхши кўрамиз. Албатта биз ҳам ўша аъробийнинг Расулуллоҳга айтган сўзларини айтамиз. Аллоҳ таоло биздан талаб қилган нарсаларни ҳаммамиз ҳафсала билан бажара олмаябмиз, ҳаммамиз камчиликга йўл қўямиз, ҳаммамиз хатокормиз. Лекин қасам ичиб айтаманки, биз Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўрамиз.
Бир куни у Расулуллоҳнинг олдиларига савол сўраб келди ва: ˝Қиёмат қачон˝?- деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
˝У кунга нимани тайёрладинг˝— дедилар.
Шунда аъробий: ˝Аммо мен у кунга кўп рўза ва кўп намоз тайёрлай олганим йўқ, лекин мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман˝— деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
˝Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан˝— дедилар.
Биз ҳам ўша аъробий айтган сўзни айта оламиз халос.
Бизни ҳам Аллоҳнинг ҳузурига ҳотиржам олиб кетадиган кўп тоатимиз йўқ. Бизни кўп намозимиз йўқ, рўзамиз ва ҳудожўйлигимиз йўқ. Лекин Аллоҳга қасамки, биз Аллоҳ ва унинг Расулини яхши кўрамиз.
Бу ерда ушбу муҳаббатнинг чегараси йўқ, бу ерда ушбу муҳаббатнинг ихтиёрий ўлчови йўқ. Бу биз ҳаётимиз давомида ҳаракатланадиган услубдир. Одамлар Аллоҳнинг олдида ҳисобга турадиган қиёмат кунида биз Аллоҳ азза ва жаллага шу билан йўлиқамиз.
Эй дўстларим! Бизни ушбу муҳаббатимиздан бошқа авф, мағфират ва шафоатга лойиқ умид қиладиган сармоямиз борми ўзи.
Лекин қалби оламлар Роббиси ва унинг Расули муҳаббатидан ажраган ҳолда яшаган кишининг оқибати жуда ҳам ёмондир. Муҳаббат бошқа нарса, ақлий қиёфа бошқа нарса эй дўстларим. Агар қалб муҳаббатдан ажралган бўлса ақлий қиёфа фойда келтиролмайди. Ана унда қалбга бошқа нарсаларнинг муҳаббати ҳужум қилади. Ўзини яхши кўриш, дунёни севиш, мансаб мартабага муҳаббат қўйиш қалбга ҳамла қилади. Қалб Аллоҳнинг муҳаббатидан узоқлашган вақтда унга ҳужум қиладиган иккинчи даражали ишлар жуда кўп.
Аллоҳ биз сендан қалбимизни ўзингни муҳаббатинг учун кейин Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чексиз муҳаббатлари учун идиш қилишингни сўраймиз.
Олтинсой тумани «Саййид Мухиддинхон» жоме масжид имом хатиби Сирожиддин Мухиддинов