Пайғамбаримиздан с.а.в Абу Ҳурайра р.а ривоят қилган ҳадисда у зот марҳамат қилиб айтдилар: яъни “Сизлардан қай бирингиз мол дунё ва фарзандлар берилган бадавлат одамга назар солмоқчи бўлса ўзидан кўра фақирроқ инсонга ҳам ибрат кўзи билан боқсин!” И.Бухорий ривояти.
Ҳаётда турли одамларнинг дунёвий насибалари турлича бўлишини барчамиз яхши билмоғимиз лозим.Аллоҳ таоло кимга хохласа, мол дунё беради, истамаса, бандасига ҳеч нарса бермайди.Бу Унинг ўзига хосдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади яъни: Айтинг: “Эй Мулк (подшоҳлик) эгаси- Аллоҳ! Сен хохлаган кишингга хукмдорлик ато этурсан ва хохлаган кишингдан хукмдорликни тортиб олурсан, хохлаган кишингни азиз қилурсан ва хохлаган кишингни хор этурсан. Эзгулик Сенинг измингдадир.Албатта сен ҳамма нарсага қодир Зотдирсан” (Оли Имрон,26)
Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати ва иродаси билан бандаларига уларнинг ҳеч бир аралашувларисиз турли неъматларни ато қилади. Инсон чиройли суратда таваллуд топиши шулар жумласидандир. Инсоннинг бунга ҳеч бир даҳли йўқ, бунга чиройни ўзича ярата олмаслиги ёки мерос йўли билан катта бойликка эга бўлиши ёинки осон йўллар билан мол – мулкка эришиш кабилар киради.Инсон бойликларга тижорат ёки бирор бир ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳалол меҳнати, саъй ҳаракатга ўхшаган йўллар билан етишиши мумкин.
Инсон табиати мол-мулк, гўзаллик ваҳаёт роҳатларига ошуфта.Аммо инсон истаган ҳамма нарсасига эриша олмайди.Аксарият одамлар Аллоҳ таоло ўзларига нисбатан фазилатли бой бадавлат этган бандаларига ҳасрат ва алам билан қарайдилар. Уларнинг айримлари ҳатто давлатманд одамлардан бу неъматлар йўқ бўлишини, ҳамма фақирлик, заифлик ва ночорликда баробар бўлишини истайди. Бу ёмон ҳасад ҳисобланади ва унинг соҳиби доимий ғам андуҳга мубтало бўлади. Нотинч асабий ҳолатда умр кечиради.Бундай кимсалар баъзан нотўғри ҳатти ҳаракатлари орқали ноқонуний мол дунё топишга интиладилар. Ислом шариати бундай уринишларни қаттиқ қоралайди. Ибн Можа, Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича: “Дарҳақиат олов ўтинни ўз домига тортгани каби, ёмонликлар яхшиликларни зое қилади”. Биз ўрганаётган мазкур ҳадисларда Аллоҳ таоло баъзи одамларни баъзиларидан афзал қилганига нисбатат қалбларимиз таскин топиб,хотиржам бўлиши учун бизларга керакли даво кўрсатиб берилган. Ҳар бир оқил киши ўзга инсонга берилган мол-дунё, сиҳат саломатлик, гўзаллик ва дунё роҳат фароғатини кўрган вақтида, ўзига қараганда бу неъматлар озроқ берилган одамга қараши лозимдир. Шунда Оллоҳ таоло томонидан ўзига берилган неъматларни ҳис этади. Натижада у руҳан хотиржам бўлиб, ўзидаги бор нарсага қаноат ҳосил қилади ва Аллоҳнинг неъматларига шукрлар айтади. Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам шу ҳақиқатга ишора қилади. Яъни: Маиший ҳаётда ўзларингиздан қуйироқда бўлганларга назар ташлангиз ва сизлардан маиший даражада юқори бўлганларга қарамангиз. Бу Оллоҳ таолонинг сизларга берган неъматини ҳурмат қилишингиздаги муносиб аломатдир. (Имом Муслим ривояти) Инсон Аллоҳ таолонинг ҳар қандай моддий неъматини ўзида ҳис этиши ва унга шукр қилиши, қадрига етиши у неъматларнинг зиёда бўлишига сабабдир. Аксинча неъматга ҳурматсизлик, уни писанд қилмаслик содир бўлса, бу эртами – кеч Аллоҳнинг ғазаб ва интиқомига олиб келади. Зеро, Аллоҳ таоло хабар бериб айтади: яъни “Яна Роббингиз эълон қилган (Бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (Берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албата, (Уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброхим,7). Ислом шариатидан белгилаб қўйилганидай, агар ўзгалар билан яхшилик, фазилат ва камолот соҳаларида Аллоҳ берган мол — дунё, сиҳат – саломатлик куч- қуввати асосида мусобақа қилиши мақбул амал ҳисобланади. Буни Росулуллоҳнинг (с.а.в) айтган сўзлари ҳам тасдиқлайди: яъни: Орзу қилиб аҳамият бериб, ўзаро мусобақа қилиш жоиз бўлган икки хислат мавжуд. Бири Оллоҳ таоло бир кишига ҳалол мол дунё берса, бас уни тўғри йўлларда сарфлаган бўлса, иккинчиси, Аллоҳ таоло бир кишига илмуҳикматини берган бўлса, бас у билан ҳукм қилса ва уни инсонларга таълим берса (Муттафақун алайҳ) фақат дунё топиш учун мусобақа қилиш яхши эмас, зеро, инсон дунё лаззат фароғатидан асло тўйдим демайди. Бу муқаррар ҳақиқатдир. Росулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар: яъни: Агар одам боласи ихтиёрида икик водий тўла олтин бўлса ҳам, у учунчисини истайди..Одам боласи кўзини фақат тупроқ тўлдиради, холос” (Муттафақун алайҳ) .
Маънавий ва диний камолотга эришиш учун бўлган аҳамият ва эътибор моддий тараққиётга нисбатан кўп ва кучлироқ бўлиши зарур. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: яъни “Айтинг: “дунё лаззати қисқадир. Тақволи кишига эса охират яхшидир….” (нисо,77)
Аллоҳ таолонинг қадарига ишониш ва берган неъматига рози бўлиш, инсон ҳаёти гўзал ва барққарор бўлишида дунё ғам ташвишлари, азоб укубатларига сабр қилишида ёрдам қилади. Шу билан бир қаторда, Ислом дини таълимотлари барчамизни кундалик фаолиятларимизда ҳам холис ният билан меҳнат қилишимизга,одамларга яхшилик қилиш ва уларни шунга чорлашимизга, дунё насибаларидан баҳраманд бўлишимизга даъват қилади. Қасос сурасининг77-оятида амр қилинади: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилган каби сен ҳам (Одамларга) эҳсон қил!” Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтганлар: яъни “Дунё ширин ва гўзал, бас ким ундан меъёрида истефода қилса, Аллоҳ таоло уни баракотли қилади” (Табороний ривояти)
Юқорида зикр қилинган ҳадиси шариф мазмунини яхши тушуниб,амал этишга ҳаракат қилиб борсак, иншааллоҳ, ҳаётимиз фароғотли ва охиратимиз обод бўлади. Аллоҳ таоло қалбларимизни имон нури билан мунаввар айлаб, маънавий ва моддий даражаларимиз юксалиши йўлидаги саъй –ҳаракатларимизни самарали қилсин, дунё ва охират яхшиликларига сазовор бўлишимизда мададкор бўлсин!
Бойсун тумани бош имоми З.Чориев