Бугунги кунда ўзларини турли хил жозибадор номлар билан атаб, одамларни тўғри йўлдан оғдириш билан шуғулланаётганлар ҳамда уларнинг найрангига учаётганлар, афсуски, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу имтиҳон дунёда ҳаётнинг паст-баландларига бардош қилмайдиган баъзи имони заиф кишилар турли хил важлар билан фолбинларга мурожаат қилиб, уларнинг бозорини ривожланишига сабабчи бўлмоқдалар. Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар.
Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас. Келажакни ҳам, инсонлар тақдирини ҳам фақат Аллоҳ таоло билиши, ғайб сирларидан ҳеч ким, фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмагани ҳақида Қуръони каримда кўп бора такрорланган:»Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам)билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом сураси 59-ояти).
Фолбинларнинг қилаётган ишлари ёлғон ва фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, – дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).
Имом Табароний Анас ибн Молик розийаллоху анхудан ривоят килган хадисда Пайгамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил булган нарсадан ажрабди. Ким унинг хузурига келсаю гапига ишонмаса, кирк кунгача намози кабул булмайди,» деганлар.Сеҳр, фолбинлик, илгирлик каби амалиёт билан шуғулланишнинг ҳар қандай тури ҳаром ҳисобланиб, уни ўрганиш, ўргатиш ва шуғулланиш қатъиян тақиқланган.Аллома Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ: “Илм аҳли ўртасида ушбу ҳукм борасида хилоф йўқ”, – деб таъкидлаган. Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади” (Имом Насаий ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзига бўлган имонимизни мустаҳкам қилсин! Барчамизни турли фитна ва офатлардан Ўз паноҳида асрасин! Ўзи рози бўладиган ишларга тавфиқ берсин!
Олтинсой туман «Қорлиқ» жоме масжид имом хатиби Ҳамидуллоҳ Турдиев