Динимизда мўминларнинг мақталган хусусиятларидан бири уларнинг гўзал хулқидир. Энг чиройли хулқ соҳиби, шубҳасиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (“Қалам” сураси, 4-оят). Ояти каримадаги “буюк хулқ”нинг маъноси ҳақида тафсирларда турлича маълумотлар келтирилган. Хулқ сўзи бу ерда асл маънода ишлатилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен гўзал хулқларни такомиллаштириш учун юборилганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ҳақиқатан, Муҳаммад алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон эканликларига асло шубҳа йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга тақво қилиш ва гўзал хулқ”, дедилар. У зотдан одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди. У зот: “Оғиз ва фарж”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).

Киши гўзал хулқ билан тақводорлар эришган олий даражаларни қўлга киритиши мумкин. Шунингдек, инсон бир оғиз яхши сўзи орқали улкан саодатга эришиши ва аксинча битта ёмон сўзи билан бадбахтликка йўлиқиши мумкин. Шу боис тилни ёмон сўзлардан эҳтиёт қилиш керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз гўзал хулқлиларингиздир”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мўмин-мусулмонлар яхши инсон экани ҳаммага аён. Ўша яхшилар орасида энг яхшиси, шубҳасиз, гўзал хулқ эгаларидир. Демак, янада яхши инсон бўлишга интилишимиз зарур. Шунда ҳам тақводор бўламиз, ҳам улуғ даражаларга эришамиз, инша Аллоҳ.

Денов туманидаги Илонсой жоме масжиди имом ноиби

Рахманов Хикматилло

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here