Бирор инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзича яшай олмайди. Инсон зоти борки, бошқа инсонлар билан ўзаро муамола ўрнатишга, бошқалар қушнилару, қариндошлар билан аҳил, тотув яшашга мажбурдир Одамни  жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўпдир. Буларнинг ичида энг муҳими, энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигдир. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ширин аччиқ муаммоларини ечишда уларга таянади ва шу нарса орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта, хотиржам кечади.

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади:

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.

Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди:

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда қаттиқ азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Яъни ҳадисда “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган оралари узилиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, бундай деганлар:

“Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим   Қариндошларга    чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш арзлаб гина кек сақлаб юриш кўрганда гаплашмасдан юзини ўгириб кетиш энг катта гуноҳлардан санлади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига қариндошларига, яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналарга бутунлай тошбағр бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.

Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюргани ҳолда гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Оқибатда улар жаннат юзини кўришмайди.

Қавм-қариндошлар билан алоқани боғлаш бу имондандир, бу алоқаларни узиш эса кофир-фосиқларга хос хислатдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келдиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир»; «Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди»; «Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин»; «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», дедилар.

Одобимизда яқинлар ва қариндошлар билан алоқа-муносабатларни (силаи раҳмни) узиш энг оғир жиноятлардан саналади. Агар улар арзимас сабаблар туфайли сиздан ўпкалаб, гина қилиб юришса ҳам, сиз аввалгидай муомалангизни қилаверинг, уларга яхшилик ва эҳсонларингизни кўпайтираверинг.   Қариндош-уруғлардан кимдир сиздан ўпкалаб ёки ноўрин ранжиб юрган бўлса ҳам, сиз уникига боринг, ҳолидан хабар олинг, қўлингиздан келган ёрдамингизни марҳаматингизни кўрсатаверинг. Айбдорларни изламанг, шайтон васвасаларига учманг, ғурур ва кибр домига тушманг. Яқинларингизнинг сиздан норози бўлишларига йўл қўйманг. Ғурур ва кибр инсонни ҳалокатга олиб борувчи, икки дунёсини хароб қиладиган иллатлардандир.

Абу Бакрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлабқўйиладиган гуноҳ йўқ», деганлар».

Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак шафоатларига лойиқ бўлишимиз борасидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насибу этсин. Ўзини розилигига олиб борадиган яхши амалларда барчаларимизни бардавом айласин!

 

Шўрчи туман бош имом-хатиби     А. Ҳабибуллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here