Баъзан жуда кўп ва беҳуда, бефойда сўзларни сўзлаётган кимсаларни кўриб қоламиз. Ёки ўша кимса ўзимиз бўламиз. Динимизда ҳар бир нарсанинг ҳукми бўлганидек, сўзлашнинг ҳам ҳукми бор.
Имом Мусилий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Каломлар уч хил бўлади: Савоб, гуноҳ ва мубоҳ.
Савоблиси – уни сўзлашдан ҳам ўзига ва бошқаларга ҳам манфаат етадиган, Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва шу каби эзгуликларга чорлаб, ёмонликлардан тўсадиган сўзлар.
Гуноҳ бўладигани эса – туҳмат, ғийбат, чақимчилик, ҳақорат, масхара қилиш каби сўзлаш қайтарилган ва бошқалар шаъни, обрўси ва ҳаётига зарарли сўзлар.
Мубоҳ сўзлар – уни гапириш оддий ҳаётий муомалаларида ишлатиладиган «кел», «бор», «олиб бер» ва ҳоказо сўзлардир.
Аслида, сўзлай олиш Аллоҳ таолонинг бизларга ато қилган улуғ неъматидир. Аммо ҳаммамиз ҳам ушбу неъматнинг қадрига етавермаймиз. Сўзлай олмайдиган инсонга боқайлик. Уни сўзлай олмаётгани қанчалар оғирлигини ҳис қилиб кўрайлик. Уни ўрнига ўзимизни қўйиб кўрайлик.
Аллоҳ таоло Роббимиз марҳамат қилади: «Ва тилни ва икки лабни (бермадикми?)« (Балад сураси, 9-оят).
Ҳақ таоло ушбу оятда тилни, яъни сўзлай олишни улуғ неъматлигини баён қиляпти. Муфассир уламолар Аллоҳ таоло нени Қуръонда зикр қилган бўлса, ўша нарсани улуғлигига далолат қилишини айтишган.
Бизнинг кичик ва эътиборсиз тилимизни Роббимиз Ўз каломида зикр қилганини тафаккур қилиб кўрайлик!
Шу билан бирга, икки лаб ҳам оятда зикр қилинган бўлиб, уларни сўзлаш ҳаром қилинган, ҳамда, бефойда сўзлардан тийилиш ва тўсилиш учун неъмат ўлароқ берилганини тафсирчи уламоларимиз айтишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: “Беҳуда ишларни тарк қилиш киши исломининг гўзаллигидандир”, деб айтганлар (Термизий ривояти).
Ислом дини унга амал қилганни икки дунё саодатига ноил қилади. Эътибор қилсак, динимизда бекорчи гапларни сўзлаш ҳам кароҳиятли амалдан эканлиги айтилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларни икки жағ ва икки оёқ ўртасида жойлашган аъзолардан огоҳлантириб, уларни тийганларга улуғ даражотларни ваъда қилганлар.
Улуғ зотларнинг бефойда сўзлардан тийилиш мақсадида оғизларига тош солиб юргани нақл қилинган. Оғиз, тил, сўзлаш бизга неъмат ўлароқ берилган. Шунингдек, қабиҳ ва бефойда сўзлардан қайтарилган.
Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ беҳуда сўзларни гапириб турган инсон олдида тўхтаб, унга шундай деди:
– Гапираётган шу бефойда сўзларингдан савоб умидидамисан?
– Йўқ.
– Ёки ушбу сўзларинг сабабли иқобга тутилишингдан омондамисан?
– Йўқ.
– Ундай бўлса, савоби умид қилинмайдиган ва иқобга учрашинг мумкин бўлган беҳуда сўзларни нега гапираябсан?!
Бирон жойда махсус восита билан бизни ёзиб олишадиган бўлишса, ёки камера бор жойда бўлиб қолсак, ўзимизни қандоқ тутишни, бефойда сўзлардан тийилишни жуда яхши биламиз. Овозимиз диктофонда ёзиб олинаётганини билиб қолсак, дарров сўзлашувда эҳтиёт бўлиш, бировлар ҳақида ёмон гапирмасликка ҳаракат қиламиз. Мабодо, ёзиб олинганини кейинроқ билиб қолсак, ўйламай сўзлаб қўймадиммикан, дея хавотирга тушамиз.
Ҳақ таолонинг ҳақ каломида бундай марҳамат қилинган: «Зотан икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир бордир» (Қоф сураси, 17-18-оятлар).
Икки ёнимизда икки фаришта бир зум ҳам тўхтамай сўзларимизни ёзиб турибди. Ёзиб оладиган ҳар қандай восита қувватсизланиши, ўчиб қолиши, бузилиб қолиши мумкин. Лекин бу икки фаришта бир зум ҳам ўз вазифасидан тўхтамайди. Улар қувватсизланмайди. Бузилиб ҳам қолмайди. Улар ўзларига буюрилган ишдан асло тўхтамайди. Уларни тўхтатадиган бирон бир инсон ёки бирорта восита йўқ. Улар каттаю кичик, бойу камбағал, мискину мансабдорлар амалларини бир он ҳам тўхтамай ёзиб туришибди. Уларнинг назаридан на подшоҳлар, на гадолар, на сиз ва на мен омонда қололмаймиз.
Ҳасан Басрий раҳимаҳулоҳ «..ўнгда ва чапда ўтирган ҳолда» оятини ўқиб туриб шундай деган: «Эй одам фарзанди, сенинг амал саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта эса сенга вакил қилинди. Уларнинг бири ўнг тарафингда бўлиб, яхшиликларингни, иккинчиси эса чап тарафингда бўлиб, ёмонликларингни ёзишади. Озми-кўпми, нимани хоҳласанг, шуни қилавер. Вафот қилганингда саҳифанг беркитилади ва қабрингда бўйнинга осиб қўйилади. Қиёмат кунида қабрингдан шундайин ҳолатингда чиқасан».
Шундай экан, энг азиз неъмат бўлмиш умрни қадрига етайлик. Уни маъсиятларга ва бефойда нарсаларга сарф этмайлик. Сўзласак яхши сўзларни гапирайлик, ёки жим туришни бошлайлик.
Денов туман “Чамбил” жоме масжиди имом ноиби Усмон Камолов