Жунайд Бағдодий ҳазратлари бошидан ўтган бир воқеани қуйидагича ҳикоя қилган эканлар:
“Бағдоддаги масжидларнинг бирида жаноза намозининг бошланишини кутиб турган эдик. Бағдод халқи сафдан даражаларига қараб ўрин олиб намознинг бошланишини кутаётган эди. Шу орада кўзим бир фақирга тушиб қолди. Ибодат аҳлидан экани юз-кўзидан аён бўлиб турар эди. У тиламчилик қилаётган эди. Ичимда ўзимга ўзим: “Кошкийди шу одам ўзини тиланчиликдан қутқариб бирор ишнинг бошини тутсайди, ўзи учун жуда ҳам гўзал иш қилган бўлар эди-да”, дедим.
Намозни ўқидик, бошқа ишларимни ҳам битказиб уйга қайтдим. Хуфтон намозини ўқидим, вирдларимни бажардим. Вирдларим негадир шу кеча оғирлик қилди. Уйқум қочди, бир оз ўтирдим. Ана шу ўтирган жойимда уйқу элитиб кўзим бир илиб олди. Тушимда ўша фақирни кўрдим. Уни бир лаганга солиб менга узатдилар-да: ”
– Унинг гўштини е, сен уни ғийбат қилдинг, – дейилди.
Мен:
– Мен тилим билан уни ғийбат қилмадим, фақат кўнглимдан ўтказдим, – дедим.
Шунда менга:
– Сен кўнглингдан кечириш шаклида бўлса-да, бундай ишлардан рози бўладиган кишилардан эмассан, Бориб у одамдан узр сўра – дейилди.
Тонг ёришгач, ўша одамни излай бошладим. Уни сув ичига тушиб олиб ўсимлик баргларини йиғаётганида учратдим. Олдига бориб салом бердим ва бошимдан ўтганларни сўзлаб бердим. У менга куням билан хитоб қилиб:
– Эй Абул Қосим, энди бундай ишларни қилмайсанми? – деб сўради.
Мен:
– Йўқ, асло қилмайман, – дедим.
Буни эшитган дарвеш:
– Аллоҳ бизни ва сени афу этсин, – деди”.
Денов туман «Шайх Аттор Валий» жомеъ масжиди имом хатиби
Саидмаҳди Мирзаев