Кел эй мўъмин яқин билдинг кетарни,
Ҳисоби умр бепойон этарни.
Яъне: Эй мўъмин, шубҳасиз бу фоний дунёдан бир кун кетишинг аниқ экан, сен бепойон деб ўйлаган бу умринг ҳисобли ва тугаши муқаррар эканини ҳам англашинг керак.
Ўтар дунё учун бўлма гирифтор,
Ўлумса йиғмағил монанди кафтор.
Шундай экан, бу ўткинчи дунёга боғланиб қолма. Йиртқич чиябўри каби ўлимтик йиғма.
“кафтор” арабчада “забўъ”, туркийда “дулта” дейилур.Бўри каби йиртқич ҳайвонлардан.
Агар дунёга ҳирсинг бўлса фажсан,
Нажосатни йиғарға кал-ҳамажсан.
Эсиз, умринг нажас йиғмоқ раҳинда,
Қолурсан бир кун охир ер таҳинда.
Агар дунёга ҳирсинг бўлса, сен пасткаш экансан. Худди гўнг йиғадиган қўнғиз ҳолига тушиб қоласан. Эссиз, умрингни нопок мол тўплаш йўлида сарф қилиб, охир бир кун ўзинг ер остида қолиб кетасан. Байтдаги “ҳамаж” сўзи арабча бўлиб, паст ва ахмоқ кишиларга нисбатан ишлатилади. Халқимиз истилоҳида тезак тўплайдиган қора қўнғизга айтилади. Унинг одати тезакни юмалатиб уйига олиб боради, уйини оғзи торлиги сабабли ичига олиб киролмасданўша жойда йиғаверади, аксар ҳолда ўзи унинг остига босилиб қолиб ҳалок бўлади.
Танбеҳ: Сўфи Аллоҳёр дунё аҳли жамланган мол-мулкини ўлганда ўзи билан олиб кетолмаслигини ва мол дунёга булган ҳирс охир-оқибатда ҳалокатга сабаб бўлишини ўлимтик йиғадиган кафтор-сиртлон ва нажосат тўплайдиган қора тўнғиз ҳолига қиёсламоқдалар. Бу икки жонзот ҳирс билан нажосатни уйи олдига тўплаб, уни ейишга улгурмасдан, ранж ва машаққат тортиб ўлиб кетади. Дунёга мўккасидан кетганлар ҳам шу ҳайвонлар каби ҳалол-ҳаромдандунёнинг ўлимтик матосини тўплайди, аммо фарз бўлган закотини бермайди ва силаи раҳм-қариндошларига эҳсон ва борди-келди қилмайди. Натижада бир кун тўсатдан ўлиб кетади, ҳасрат билан қабрга киради ва мол-мулки бу дунёда қолиб, ҳузурини ворислари кўради. Ҳисоб ва азобини эса у бечоранинг ўзи тортади! Бундайлардан Аллоҳ асрасин!
Ўрамчидек ҳамиша тор этарсан,
Қаноатсизлигинг изҳор этарсан.
Қилурсан риштаи жонинг била қайд,
Магасдек мўрни қилмоқ учун сайд.
Супурса соҳиби хона баякбор,
Ўрамчи ҳам кетар, ҳам сайд ночор.
Худди ўргимчак каби ҳар ерга нафсинг тўрларин ёйиб, қаноатсизлигингни ошкор қиласан. Пашша ва чумоли кабиларни овлаш учун макр-ҳийла қўллаб жонинг риштасидан тузоқ қўясан. Хонадон эгаси бир марта супурса,ўргимчак ҳам кетади, ов ҳам йўқ бўлади. Шу каби шунча ҳирс билан кишиларни алдаб мол-дунё тўпласанг, ажал етгач, Аллоҳ жалла шаънуҳу дунё уйини супуриб, дунёни сенинг вужудингдан покласа, зулм билан жамлаган мол ва матоларинг кимларгадир насиб этади, аммо ҳисоб-китоби сенг қолади.
“ Саботул ожизин шарҳи” китобидан
Сариосиё туман бош имом-хатиби Абубакр Алимов тайёрлади