Барча инсонлар ҳам суҳбатлашиш ва дўст бўлишга муносиб бўлавермайди. Сиз шундай киши билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлингки, унда уч хислат бўлсин:

Биринчиси, ақлли бўлсин. Аҳмоқ ва унинг суҳбатидан фойда йўқ. Аксинча, охири бу кишига ҳам аҳмоқлиги таъсир қилади. Аҳмоқ шундай кишики, сенга яхшилик қилмоқни хохлар, аммо сенга зиён бўладургон ишни қилади. Аҳмоқ шундай кишики, яхши-ёмонни, тўғри-нотўғрини фарқлашга фаросати етмас. Унга яхшилик қилсанг, фахм қилмас.

Иккинчиси, хуш феъллик ва чиройли муомаладир. Бунинг тескариси шуки, ким ёмон хулқни тарк этмаса, вақти келиб ёмон одати, бадхулқлиги тутиб қолса, ҳақиқатни ва барча яхши хислатларни зое қилишдан уялмас.

Учинчи хислат, салоҳдир. Гуноҳ ва маъсиятга рағбати бор одам Худои Таолодан қўрқмайди ва андиша қилмайди. Ким Худои Таолодан қўрқмаса, анга эътиқод қилиб бўлмас.

Ҳазрат Жаъфар Содиқ (р.а) айтадилар: “Беш тоифа кишининг суҳбатидан йироқ бўлғил ва ҳазар қилғил:

— ёлғончики, уни ёлғонига алданиб, мағрур бўлурсан;

— аҳмоқки, сенга манфаат етказаман деб зиён етказур;

— бахил киши сенга манфаат етар вақтда андан қочар;

— тангдил (юраги тор) одам мухтожлик вақтида узоқлашар;

— фосиқки, сени бир луқмага сотар”.

 

Билгинки, бу хислатларнинг ҳаммаси бир кишида бўлмоғи камдур. Лекин бирон киши билан чин дўст, улфат бўлмоқни хохласанг, хушфеъл яъни, инсонга ёқимли, хуштабиат, хуш хулқ кишини танла. Дўстликка шундай кишини танлагинки, дин ишида уни сенга фойдаси тегсин ва сен унга фойда келтиргин. Суҳбат ва дўстлик ҳуқуқини билгинки, айтадиларки, икки дўстнинг мисоли, икки қўлга ўхшашдур, бир-бирини ювиб пок қилур.

﴿الْأَخِلَّاءُ يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلَّا الْمُتَّقِينَ﴾

Ўша  кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир. (Зухруф: 67).

Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда ўзаро яқи дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки, у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон билан дўст бўлганига афсусланиб, дўстлар дўстини ёқтирмай қўяди. Дўстлар душманга айланади. Бир-бирига маломат қилиб, сени деб шундай бўлди, дейишга ўтади.

Фақат тақводор дўстларнинг оқибати хайрлидир. Чунки, уларнинг дўстлиги Аллоҳ учун, тақво асосига қурилган эди. У дўстлар доимо яхши амалларни қилган бўладилар. Шунинг учун, қиёмат куни бирга жаннатга тушадилар ва дўстликлари яна ҳам ортади.

Дўстлик бу – фаровонлик ва тўкин-сочинчилик учун хизмат қилувчи    омил.

Дўстлик бу – оғиздаги ўзаро гап-сўз  билан эмас, балки унинг амалда намоён бўлишидир.

Дўстлик бу – фақат моддий ёрдам кўрсатиш дегани эмас, балки маънавий кўмаклашиш ҳамдир.

Дўстлик бу – бир-бирининг камчиликларини  тузатиш воситасидир. Зеро, ҳадиси шарифда “Мўъмин-мўъминнинг ойнасидир” , дейилган.

Дўстлик бу – ҳужжатларни имзолаш билан ҳам мустаҳкамланади.

Дўстлик бу – тарихий асослар билан ҳам исботланади ва мустаҳкамланади.

Дўстлик бу – халқ орасида конференсиялар ўтказиш билан ҳам мустаҳкамланади.

Дўстлик бу – илмий ҳамкорликларни йўлга қўйиш билан ривожланади.

Дўстлик бу –  яхши ишларда  ўзаро ёрдамлашиш ва бардавом бўлишдир.

 

Шеробод тумани бош имом хатиби У.Бўронов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here