Солиҳа аёлнинг меҳрибонлиги
“Эрдан — садоқат, хотиндан – итоат”. (Ўзбек ҳалқ мақоли)
Бир подачи йил бўйи ҳамқишлоқларининг молу қўйларини боқиб, кун кечирарди. Саратон жазирамаси-ю, қаҳратон қаҳрини у ҳаммадан кўпроқ тортар, аммо ҳеч шикоят қилмас, ҳаётидан, касбидан мамнун эди. Сабаби…
Подачини эрта тонгда айланиб – ўргилиб кузатиб қоладиган, шомда яна парвона бўлиб қарши оладиган жудаям меҳрибон завжаи ҳалоли бор эди.
Бу аёл таърифини қишлоқ аҳли тилдан қўйишмас, ҳамма бу хонадонга ҳавас билан қарар, кўпчилик эркаклар хотинларига подачининг жуфти ҳалолини ибрат қилиб кўрсатишар эди.
Кунларнинг бирида ўша қишлоқнинг амалдори хотини билан айтишиб қолибди. Аёлнинг дийдиёсидан зада бўлган амалдор гап орасида:-“Подачининг хотинидан озроқ ақл, фаросат ва инсоф қарз олсанг, зарар қилмас эдинг”, дея пичинг қилибди. Бундан хотини баттар жазавага тушибди:
-Ҳа, ордона қолсин ўша подачининг хотини –я! Икки гапнинг бирида ўша ялангоёқни пеш қиласизлар!…
Эри эса э, кошки эди ўшанга ўхшаган бўлсанг…. депти.
-Ҳой эркаккина, менга қаранг, сиз қишлоқ каттасисиз, гапингиз ҳаммага ўтади, жуда кўнглингиз суст кетган бўлса , уни подачидан тортиб олинг…
Амалдор; “Эй бемаза хотин”- дея этак силтаб чиқиб кетибди.
Эри кетгандан сўнг аёл ўзича ўйлабди: “Тавба, нуқул ўшани мақтаб гапиришади-я, пешонасидан ой кўринганми бунча?” дея йўлга тушибди. Подачининг қишлоқ чеккасидаги уйига боргач, девор оша мўраласа, ховлида нозиккина бир жувон офтобадан сув ичиб турган экан. “Ҳа-йа, сулувгина экан-да, яшамагур”, деган ўй ўтибди кўнглидан. Ҳовлига кирибди, подачини хотини уни очиқ чеҳра билан кутиб олибди.
“Сувингиздан берсангиз,чанқаб кетдим”- дебди аёл.
Жоним билан, хозир олиб чиқаман- дея жувон ичкарига йўл олибди.
-Шундан бера қолмайсизми?- дебди аёл ҳайрон бўлиб.
-Бу исиб қолган, сизга муздайини олиб чиқмоқчиман — дебди.
Аёл баттар таъжубга тушиб: Ие, ичкарида муздай сув бўлатуриб, нега ўзингиз илиқ сув ичиб ўтирибсиз?-дебди.
Подачининг хотини бундай жавоб берибди: Эрим жазирамада мана шунақа илиқ, иссиқ сув ичиб юрибди, у шунга мажбур, мен бўлсам соя-салқинда ўтириб, муздай сув ичиб роҳатланиб ўтирсам, Худойимга хуш келармикан?! Унда менинг хотинлигим қаерда қолади?!
Бу гапдан амалдорнинг хотини мулзам бўлиб, эрига қилган қилиқларининг хато эканлигини, хақиқатдан бундай солиҳа аёлдан ибрат олиш кераклигини
тушуниб етибди ва ўз уйига борганда қилган хатоларини қайтармасликни ўз олдига мақсад қилиб қўйибди. Қиссадан ҳисса шуки ҳар бир солиҳа, ақлли аёлнинг оиласида доимо тинчлик , хотиржамлик, қут — барака бўлади.
Ҳадиси шарифда айтилганидек “Эрига итоат қилган аёл жаннатидир!”
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг Хотин — қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова