Ўқув машғулоти

Куни кеча Сурхондарё вилояти имом-хатиб ҳамда имом-ноибларининг илмий салоҳияти ва малакасини ошириш мақсадида ўқув семинари бўлиб ўтди.

Семинарда Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий халқаро маркази ўқитувчилари ташриф буюриб, динимизнинг асоси бўлган ақидавий масалалар, тариқатчиликнинг асл моҳияти ва ҳозирги кунда Яқин Шарқ минтақаларида бўлаётган воқеа ва ҳодисаларнинг асл тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтдилар. Хусусан, аввалги соатда дин ва давлат муносабатлари тўғрисида машғулот олиб борилиб, истиқлолимиздан сўнг динга бўлган муносабат ва биз имом-хатибларга яратиб берилаётган шароитлар хусусида атрофлича тўхталинди. Ҳозирда юртимизда 16 та расмий диний конфециялар ўзаро бағрикенглик тамойиллари асосида фаолият юритаётгани жонли мисоллар орқали айтиб ўтилди. Айниқса, юртдошларимизнинг асосий қисми эътиқод қиладиган Ислом динига эътибор ва мусулмонлар учун яратилган шароитлар жуда яхши йўлга куйилганини воқеъликдаги мисоллар билан тушунтириб ўтилди.

Кейинги машғулот ақида илмининг аҳамияти ва унинг жамиятда тутган ўрни мавзусида олиб борилди. Ақида илмининг асосчилари Имом Мотуридий ҳамда Имом Ашъарийларнинг ҳаёт йўли, уларнинг ақидавий йўналишлари ва улар ўртасидаги жузъий фарқлар тўғрисида жуда аниқлик билан маълумотлар берилди. Ҳозирги кунда ақидамизга зид бўлган турли хил адашган тоифалар, уларнинг келиб чиқиш тарихи ва асоссиз даъволарига қарши далиллар билан раддиялар бериш тўғрисида тавсиялар берилди.

Учунчи соатдаги машғулотда тариқатчилик ва унинг ижтимоий – диний вазиятга таъсири мавзусида сўз юритилди. Аввало тасаввуф тарихи, Марказий Осиёда шаклланган учта асосий тариқат йўналишлари Нақшбандия, Яссавия ва Кубравия тариқатлари, уларнинг соф таълимотлари ва жамиятда тутган ўрни ҳақида кенг ёритилиб, сўнгра, ҳозирги кундаги тариқатчиларнинг фаолиятлари, шариатни пухта ўрганмасдан туриб, баъзи кишиларнинг қош қўяман деб кўз чиқараётганлари асоссиз эканлиги исботлаб берилди.

Охирги машғулотда Яқин Шарқ минтақасида бўлаётган воқеа ва ҳодисалар ва уларнинг динимизга зарарлари ҳақида бўлди. Сурия ва Ироқ давлатларида кечаётган урушлар, ИШИД гуруҳининг келиб чикиш сабаблари, уларнинг ортида турган кучларнинг мақсадлари аниқ ва равшан тарзда тушунтириб берилди.

Дарс якунида бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан биз имом-хатибларга яратиб берилаётган шароитлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017-йил 14-февральда қабул қилган “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳақида тўлқинланиб гапирилди. Бундай шароитлардан унумли фойдаланиб жамият ишларида фаол иштирок этиш кераклиги айтиб ўтилди. Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, ўқув семинари жуда яхши ташкил қилиниб, биз имом-хатибларнинг илмий малакамизни яна бир бор оширди. Шунинг билан бирга зиммамизга жуда катта масъулиятларни ҳам юклади.

Дарҳақиқат, бундай кунларни ота-боболаримиз орзу қилиб ўтиб кетишган. Бизларга ана шундай улкан бахт насиб этган экан, ундан унумли фойдаланишимиз лозим. Чунки имом-хатибларнинг жамиятда тутган ўрни кундан — кунга юксалиб, бизларга қаратилаётган эътибор кун сайин ортиб бораяпти. Шу билан бирга бугун ҳаёт олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бизлар эса шу вазифаларга тайёр туришимиз ниятни холис қилиб, Ватанимиз тинчлиги ва динимиз мусаффолигини сақлашда тинмай ҳаракат қилишимиз зарур.

Биз имом-хатиблар ўқув-машғулотни ташкил этувчиларга ҳамда машғулотни олиб борган узтозларга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Қизириқ туман “Такия ота” масжиди имом-хатиби: Холмурод Чоршанбиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here