Бисмиллаҳир роҳманир роҳиийм.
Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.
Ҳозирги кунда мулоқот одобига эътибор қаратсак инсонлар ўртасида арзимаган гап сўзлар сабабли ихтилофлар, баҳслар ёки жанжалларни келиб чиқиши мулоқот одобининг йўқлигига далолат беради.
Ислом динимизда мулоқот қилиш одоби муқаддас Қуръон таълимоти билан ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ҳадислари билан ўрнак бўлиб келган.
Инсонлар ўртасидаги ихтилоф хоҳ диний, хоҳ дунёвий ишларда бўлсин, қадимдан давом этиб келаётган ишдир. Ер юзида ҳаёт борки, ихтилофлар бор.
Бу ҳақиқат Қуръони каримнинг кўплаб оятларида таъкидланган. “Агар Парвардигорингиз ҳоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари ҳақ йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва кофир одамларнинг барчаси билан тўлдирурман”, деган сўзи ҳақ бўлди”. (“Ҳуд” сураси, 118-119-оятлар).
Диний-дунёвий ихтилофларнинг сабаблари бир қанча. Уларнинг турлари ҳам хилма-хил. Масалан:
1) ташқи кўриниш.
2) ички кўриниш.
Биринчисида ният ҳақиқатга етишиш бўлади. Бундай ҳақиқатни тўла-тўкис билиш учун далил-ҳужжатлар келтирилади ва бу нарса уламолар тилида баҳс-мунозара деб номланади. Зеро, шу нарса билан ҳақиқатга етишиш мумкин.
Иккинчисида эса, ёмон ният, ғурур, қайсарлик бор, бу ҳол уламолар наздида манманлик, кибр, қарама-қаршилик, ўжарлик дейилади.
Ихтилоф сабабларидан яна бири мавзуни ҳар томонлама тушуниб олмаслик. Бир томондан ўрганилган нарсага бошқа томондан қаралса, бошқача тушуниш мумкин. Учинчи томондан эса, бутунлай ўзгача тушунча уйғониши эҳтимол.
Қадимги донишмандлар шундай деганлар: “Ҳақиқат инсонларга ҳар томонлама яхшилик келтирмаган. Ҳақиқатни ҳар ким ҳам тўлиқ тушунмаган. Балки кимгадир бир томони, бошқаларга эса бошқа томони аён бўлган”.
Бунга бир нечта кўр киши билан бўлиб ўтган воқеани мисол қилганлар. Улар бир катта филга дуч келишди. Сўнг ҳар бири шу филнинг жасадига қўлини қўйди ва ўзларича филни тасаввур қилишди. Филнинг оёғини ушлаган кўр шундай деди: “Бу ҳайвон думалоқ, чўзинчоқ дарахтга ўхшар экан”. Филнинг орқасига қўлини қўйган кўр эса: “Унинг шакли баланд тепаликка ўхшар экан”, деди.
Ким филнинг қаерини ушлаган бўлса, шунга кўра уни тасаввур қилди. Бу бир томондан тўғри. Лекин бир-бириникига солиштирганда хато, ихтилофли.
Устоз Муҳаммад Абу Заҳра ушбу мисолни келтириб шундай деганлар: “Қара! Тўғрилик уларни қандай жам қилди. Энди ёлғон ва хатоликка қара, уларни қандай ажратиб юборди”.
Бу одамлар ўртасидаги ихтилофнинг бир кўринишидир. Унинг балки бошқа жиҳатлари ҳам бордир. Чунки тўла ҳақиқатни билгандан ёки масалани ҳар томонлама ўрганиб чиққандан ёки низо чиқаётган жойларнинг нуқтаси билингандан сўнг бундай ихтилофлар тўхтайди. Шунинг учун айтишади-да: “Агар низо нуқтаси аниқланса, келишмовчилик тугайди”, деб.
Инсонлар ўртасидаги ихтилофларнинг сабабларидан яна бири одамларнинг бошқасига ҳеч бир далил-ҳужжатсиз бошқаларга тақлид қилиб эргашиб кетишидир. Агар Қуръони каримни ўқисангиз, унда ота-боболарига ва ўзларидан катталарга тақлидий эргашиб кетган ғофил, жоҳил ва адашган кишилар баёнини топасиз.
“Қачон (мушрикларга): “Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз”, дейилса, улар: “Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?” “Бақара” сураси, 170-оят
Қуръони карим тақлид қилувчиларга истеҳзо қилган ҳолда раддия беряпти: “агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?”
Ҳозирги кунда инсонлар орасида ҳам исломда бўлмаган ҳаракатлар, даьволар, бирор бир амаллар ёки муносабатларни кўриб ундан изоҳ сўрасанг ота-бобомиз ўшандай қилишган дейишади. Ота-боболаримиз ислом динининг асл мазмуни ва моҳиятини англаб иш қилишган. Улрда бундайин адашган йўллар бўлмаган. Шунинг учун бизнинг диёримиздан Имом Бухорий, Термизийлар чиққан. Ўзининг амалини исломдан деб бонг ураётган бу инсонлардан далил, ҳужжат сўрасанг ота-боболаримиз шундай қилишган дейиши, уларнинг залолатда эканлигидан далолат беради.
Қуръони карим уларнинг қабиҳ ҳолатларини қуйидагича тавсиф қилади: “Куфр йўлидаги кимсаларни (ҳақ йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар”. “Бақара” сураси, 171-оят.
Бир киши одамларни тўғри йўлга даъват этади, лекин улар ундан узоқлашаверадилар. У киши худди чўпонга ўхшайди, чорваларини ҳайдаб бақиради. Ҳайвонлар унинг овозини эшитадилар, лекин чўпон нима деяётганини тушунмайдилар, ана ўшалар ғофиллардир. Ана у одамлар ҳақ даъватни эшитмайдилар, даъватчига жавоб қайтаришдан соқовдирлар, тўғри йўлни англашдан кўрдирлар. Улар ўзларига айтилаётган насиҳатни англаб етмайди ва тушунмайдилар.Яна бир оятда айтилади: “Балки улар (шундай) дедилар: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир миллат-дин устида топганмиз ва, албатта, бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз”. (Эй Муҳаммад), шунингдек, Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантирувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир миллат-дин устида топганмиз ва, албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз”, деганлар”. (“Зухруф” сураси, 22-23-оятлар).
Хулоса шуки, ота-боболарга ва улардан бошқаларга кўр-кўрона эргашиш инсонлар ўртасида келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Айниқса, бу тақлидга ўжарлик, ҳақни тан олмаслик ва ҳою ҳавасга берилиш қўшилса ихтилоф янада йириклашади. Мисол учун ҳозирги кунда инсонлар орасида ортиқча ҳою ҳавасларга берилиш, тўй ҳашам ва маракаларни дабдаба-ю, исрофгарчиликка йўл қўйилишига изоҳ сўрасангиз –“Ота-боболаримиз шундай қилишган” дейишади холос. Бизни ота-боболаримиз ўзлари қилган амалларни исломда топишган, ҳар бир ўгит ва насиҳатларни китобларда битишган, ҳозирги биздек гумроҳ авлодлар нима дейишимизни олдиндан билишгандек.
Юқорида диний ва дунёвий ишлардаги тортишувларнинг қадимдан давом этиб келаётганлигини айтиб ўтдик. Бу тортишувларни келтириб чиқарадиган сабабларни ҳам санаб ўтдик.
Энди эса инсонлар ўртасидаги ихтилоф ва мунозараларни тартибга солиб турувчи олий ахлоқ-одоб тамойилларини, ҳидоят ва ҳусни хулқ асосларини баён этамиз.
Ислом таълимоти жорий қилган одоб ва асослар баҳс-мунозараларни назорат қилиб қуйидагича тартибга солиб туради:
1. Инсонлар ўртасидаги сўзлашув тўғриликка ва ҳақиқатга йўғрилган, ёлғон, сафсата, хомхаёллардан узоқ бўлиши керак…
Қуръони карим пайғамбарлар билан уларнинг қавмлари ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувларнинг турли хилларини баён қилган. Агар бу хусусдаги оятларга назар ташласак, яхши инсонлар ёлғонларни йўқ қилувчи тўғри гапларнигина гапирганини кўрамиз.
2. Ислом таълимоти ҳақиқатни юзага чиқариш учун инсонлар ўртасидаги сўзлашув ва тортишувларни тартибга солиб туради.
3.Ислом таълимоти тортишувларга барҳам бериш учун-аниқ далил, ҳужжат билан гапиришни талаб этади.
Қуръони каримдаги Иброҳим алайҳиссалом билан ўша даврнинг золим подшоҳи ўртасида кечган воқеага қулоқ тутинг: “Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми?! Қайсики Иброҳим: “Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир”, деганида у: “Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман”, деди. Иброҳим айтди: “Албатта Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқарсанг-чи?” Шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди”. “Бақара” сураси, 258-оят
(Изоҳ: Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: “сен бизларни даъват қилаётган парвардигоринг қандай зот?” деганида Иброҳим (алайҳиссалом) айтдилар: “Парвардигорим ўз бандаларига жон бериб, жон олувчидир”. Шунда Намруд: “Бу менинг ҳам қўлимдан келади”, деб икки кишини келтирдида, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўриб, дедилар: «Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!” Ана шундагина Намруд жавоб тополмай лол бўлиб қолди.)
Оддий қилиб айтиб ўтадиган бўлсак математикада ҳисобланган мимол ва масалани қайси услубда ҳисобланганлигига асос, далил сўралади. Биз биргина фанни мисол қилиб келтирдик, ислом дини эса бизнинг ҳаётимиз мағзи, моҳияти ва талабидир.
4. Ислом таълимоти тортишув мавзуида томонларнинг бир-бирига ҳақиқатни айтишларининг лозимлигини уқтиради.
5. Баҳс-мунозара ва мулоқотни тартибга солиш учун ислом таълимоти жорий қилган одоблардан яна бири тавозели бўлиш, кибрдан сақланишдир.
6. Баҳс-мунозара ва мулоқот одобига доир ислом таълимоти ўрнатган тамойиллардан яна бири — нуқтаи назарини оғир-босиқлик билан тинглаш, унинг сўзини оғзидан тортиб олмаслик, шахсиятига тегиб ҳақоратламаслик, бир сўз билан айтганда, сабр-тоқат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишдир.
7. Исломдаги сўзлашув одобларидан яна бири бу — ҳақгўй, гўзал хулқли, таъмасиз, қалбан пок, оқил инсонларнинг ҳурматини жойига қўйишдир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Инсонлар манбаадирлар. Жоҳилият даврида ҳам, ислом даврида ҳам тушунган кишилар уларнинг яхшиларидир”, дейилади.
8. Исломий муомала одобининг яна бир жиҳати — ҳукм ва хулосаларни умумлаштириш, сўзлаётган пайтда ўта эҳтиёт бўлиш, муаммо ва масалаларнинг моҳиятини синчиклаб ўрганиш, ибораларни ўз ўрнида усталик билан ишлатишдир. Қарор чиқараркан, ўз жойида, тўғрилик ва адолат мезонига таянган ҳолда иш юритиш, шунингдек, ҳойи-ҳавасларига эргашиб, кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлиб қолганлар билан оқилона муомалада бўлиш ҳам исломнинг ўзига хос мулоқот одоблари сирасига киради…
9. Ўзаро мулоқот ҳар икки томонга ҳам фойдали бўлиши, гўзал оқибат ва яхши натижаларга эришиш учун лозим бўлган яна бир одоблардан бири бу — ёлғон мишмишларга эмас, тўғри гапларга таяниш, уйдирма хабарларга эмас, балки аниқ маълумотларга асосланишдир.
10. Исломий мулоқот одобларидан яна бири — ҳар бир сўзни, тушунчани ҳижжалаб ўрганган ҳолда, тўғри ҳукм чиқаришдир. Чунки ишни тўғри тушуниб олган оқил инсон тўғри ҳукм, хулоса чиқаради. Нотўғри ҳукмлар эса аксарият ҳолларда нотўғри тушунчаларга асосланган бўлади: сўз ва иборалар маъносидаги чалкашлик туфайли ҳақиқатнинг ўрнини ботил, тўғри сўзнинг ўрнини ёлғон эгаллайди.
11. Исломий мулоқот одобларидан яна бири — бирор мавзу бўйича сўз кетаркан, очиқлик ва ростгўйлик билан гапириш, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларларни рўй-рост айтиш, аниқ далиллар, “етти ўлчаб бир кесилган” фикрлар асосида тўғри ҳукм — хулосага келишдир.
Хулоса ўрнида айтиб ўтамизки мулоқот одобига риоя қилиш инсонлар орасида келишмовчиликлар, баҳс-мунозалар орқасидан келадиган кўнгилхушликлар, жанжаллар, ихтилофларни олди олинади.
Термиз шаҳар бош имом хатиби
Чорев Низомиддин