Тотувликнинг асосий омилларидан бири сахийликдир. Кимгадир мурувват кўрсатгимиз, шу йўл билан савоб олгимиз келади. Айтайлик, уйимизга етти ёт бегона одам кириб келди. У ким бўлишидан қатъи назар, илтифот кўрсатиб, олдига дастурхон ёзиб, чой-нон қўямиз. Меҳмонимиз мусофир бўлиб бир кечага жой сўраса, йўқ деёлмаймиз. Ғарб дунёсида ундай эмас. Ҳатто хонадон эгасининг яқин қариндоши ҳам меҳмонхонага бориб тунайди.
Яқин ўтмишда ҳам ўзбек аёллари, онахонлар тандирдан узилган иссиқ нонни қўни-қўшниларга тарқатиб чиқишарди-да, ўзларига етмай қолса, яна тандирга ўт ёқардилар. Уйларига қачон кирманг, самовор қайнаб турарди.
Сахийлик ҳақида қатор ҳадиси шарифлар бор. Бир ҳадисда айтилганидек, “Ким Аллоҳ розилиги учун эҳсон эшигини очса, Аллоҳ унга дунё ва охират яхшилигини беради” (Ибн Жарир ривояти). Ҳақиқий обрў учун бойлик асос бўлолмайди. Аксинча, инсоннинг мартабасини сахийлик улуғ қилади. Ҳаётда ҳар хил вазиятларга дуч келамиз. Одам турли сабабларга кўра ночор аҳволга тушиб қолиши мумкин. Кимдир соғлиғини тиклаш учун катта маблағ сарфлашига тўғри келади. Фарзандини ўқитаман деб ёрдамга муҳтож бўлиб қолаётганлар бор. Ана шундай пайтда биров сахийлик кўрсатиб, ҳожатманднинг жонига оро кирса, нур устига нур бўлади.
Қарз бериш ҳам сахийлик ҳисобланади. Бироқ қарздан қарзнинг фарқи бор. Бирор зарурат сабаб ёки бошига ташвиш тушиб муҳтож бўлиб қолган одамга қарз берилса, савоб олинади, иншоаллоҳ. Шунингдек, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар ва таниш-билишларнинг кундалик эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам қарз бериш савобдир. Аммо ҳашаматли ресторанда тадбир ўтказиш, эрка ўғилга енгил автомашина, кенжатой қизалоққа қимматбаҳо жиҳоз, хотинга зеб-зийнат сотиб олиш учун қарзга кириш зарурат сабаб бировнинг қўлига қарашдан бутунлай йироқдир. Орамизда ҳиммат қилиб қарзидан кечиб юборадиганлар ҳам бор. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг гуноҳларини кечиши ҳадисда айтилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида айтилади: “Кимки бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Кимки бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини ёпади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).
Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримиз қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишга, мурувватли бўлишга бурчлимиз. Бизнинг халқ бу бурчга ҳамиша содиқ бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Денов туман “Имом Бухорий” жоме
масжиди имомноиби: А.Воситов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here