“Зино” сўзи шариатда “ Эр кишининг ўз никохида бўлмаган аёл билан жинсий алоқа қилишидир” деб таърифланади. Шу сабабли зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разолат, диний жиҳатдан гуноҳи кабира, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналади. Бу умумий қоидадан фақат инсонийлигини йўқотган жамиятлар четга чиққанлар. Чунки, соф инсоний табиат хеч қачон зинони яхшилик сифатида қабул қилмайди. Аллох таоло қуръон каримда “Зинокор аёл ва зинокор эркак, икковларидан ҳар бирини юз даррадан уринг. Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсинлар” деб мархамат қилади (Нур сураси, 2-оят). Яъни бу ояти орқали қиёмат кунида дўзахга тушиши аниқ бўлган зинокорлик учун хад (жазо) тайин қилингандир. Агар зинокор бу дунёдан ушбу жазосини олмасдан оламдан ўтиб кетса, дўзахга тушади. Тириклигида ихлос билан тавбаи насух қилса, Аллоҳ таоло гунохларини кечириши мумкин. Зинокорлар шу дунёнинг ўзида бир қанча муоммоларга рўбарў бўлишади. Зинокор инсон билан ўлим доимо ёнма-ён юради. Агар эътибор бериб ўзини хатосини англаб тавба қилмаса кимнингдур қўлида ўлим топади. Аллоҳ таоло “Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) харом қилган жонни нохақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлади” деб ўлим билан зинони ёнма ён зикр қилмоқда (Фурқон сураси 68-ояти). Зинода хам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш рух мавужуд. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, айниқса, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса, ўзига хос одам ўлдиришдир. Яъни Аллоҳ таоло фарзанд бериш учун ато этган имкониятни йўққа чиқаради. Маънавий жиҳатдан одам ўлдиришга келсак, зино кишиларда рухни ўлдирувчи пасткашликдир. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар зинокорни ҳам уларнинг қариндошларини, яқин кишиларни ҳам маънавий жиҳатдан қатл қилади. Бир йигит Пайғамбаримиз (с.а.в)га эй Аллоҳнинг расули зино қилишга рухсат беринг деди? Сахоби киромлар ғазабланиб турганларида у зот ўша йигитни ёнларига ўтирғизиб ундан сўрадилар? Сени онанг билан биров зино қилса рози бўласанми? йўқ, уйлансанг хотининг билан биров зино қилсачи? Йўқ, қизинг билан биров зино қилса рози бўласанми? йўқ. Демак сен зино қилмоқчи бўлган аёл ҳам кимнингдур хотини, онаси, ёки қизи бўлади, бошқа бир киши бўлиши мумкин эмас дедилар. Шунда йигит мени авф этинг, тавба қилдим, эй Аллохнинг расули бўлди бу ишни қилмайман деб уйига қайтиб кетди. Дарҳақиқат, зино инсонни ҳайвонга айлатирадиган амалдир. Зинокорлар хоҳишини жиловлай олмаган ҳайвондан фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам, мусулмон жамиятида зино қаттиқ қораланади. Зинокорлар ҳамма тарфдан қадрсизлантирилади. Мўминларни улар билан никоҳ алоқасида бўлишдан қайтариш ҳам шу мақсадда қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, зинокор ё Ислом жамияти жисмидан умуман олиб ташланади ёки қадрсизлантирилиб, тўлақонли аъзо бўлиш имконидан маҳрум этилади. Кўпчиликнинг гувоҳлигида шарманда қилиниб, дарра урилади. Зино шунчалик гуноҳ бўлгач, бировни зинодан айблаш ҳам оғир гуноҳ ҳисобланади. Ким бировни зинода айбласа, исбот қилиб бериши талаб этилади, исбот қила олмаса, ўзи туҳматчи сифатида жазога тортилади.
Жарқўрғон туман “Исломобод”
жомеъ масжиди имом хатиби А.Халилов