Бизни Ўзигагина ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга буюрган, хушуъли бандаларига жаннат хушхабарини берган Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз! Хушуъ қилувчилар пешвоси, тақводорлар имоми, муаллим Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, оила аъзоларига, саҳобаи киромларига салавотлар, саломлар йўллаймиз!

Маълум бўлишича, намоздаги ҳаракатлар инсонда жисмоний динамизмни (яъни, ҳаракатчан ўсишни) таъминлайди. Бу илоҳий ибодат қийматини янада оширади. Намоздаги ҳаракатларнинг аъзоларга таъсири эса, одам анатомияси билан шуғулланадиган олимларни ҳам ҳайратга солмоқда. Ортопедик нуқтаи назардан қараганда, намоздаги барча ҳаракатлар бўйинга, умуртқа поғонасига, биқинга, бўғимларга кони фойдадир. Таҳлиллар шуни кўрсатади, намозда ўзаро ҳамоҳанг ўнта ҳаракат, фавқулодда эгилувчанлик намоён бўлади. Бунда ҳаракат билан ҳаракатсизлик ажойиб қоида асосида ўзгаради. Демак, биринчи ҳолатда қўллар юқори кўтарилади, бош бармоқ қулоқнинг юмшоқ ерига текказилади. Бу билан тана мушаклари бироз тортилади, нафас олиш енгиллашади. Иккинчи ҳолат – қўлларни қорин устида ушлаб туриш. Ўнг кафтни чап кафт устида ушлаб туриш давомида бош бармоқ энг муҳим акупунктур нуқталар ҳисобланган йўғон ичакларга тегади. Қўлларнинг қорин устига қўйилиши энсага (яъни, бўйин орқасига), елка мушакларига тушадиган юкни енгиллаштиради. Учинчи ҳолат – рукуъ (эгилиш). Мутахассислар фикрича, қўллар таранг ҳолда тизза кўзига қўйилганда чуқур нафас чиқариш жараёни кечади. Кўкрак қафаси мушаклари тортилиб, қисқа муддатга кенгаяди. Тўртинчи ҳолат – рукуъдан қайтиш. Намоз ўқиётган киши рукуъдан тураётиб, қўлларини ёнга ташлаганда бутун тана мушаклари юмшайди, мувозанати тикланади. Бешинчи ҳолат – сажда (бошни ерга қўйиш). Бу пайтда курак суяклари, энса мушаклари ҳаракатланади. Айни пайтда мушаклар билан бирга барча пайлар тетиклашади.

Биринчи ҳолатда елка ҳаракатлари, ундан кейинги ҳолатда биқин, тизза, елка, тирсаклар, тўпиқлар фаол иштирок этади. Бир кунда беш маҳал намоз ўқилса, бўйин ва умуртқа поғонаси “занглаб қолиш”дан сақланади.

ХУШУЪ НИМА?

“Хушуъ” сўзи луғатда “бўйсуниш”, “сокинлик”, “хотиржамлик”, “хокисорлик” маъноларини англатади. Мазкур сўз кўпинча “хузуъ” билан бирга ишлатилади. Уларнинг маъноси бир-бирига яқин. Бироқ хузуъ танада, хушуъ эса танада, овозда, кўзда бўлади. Яъни, хушуъ баданнинг хотиржам туриши, овозни пасайтириш, нигоҳни ерга қаратиш маъноларини билдиради.

Хушуънинг истилоҳий маъносига тўхталадиган бўлсак, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу уни қўрқув ва сукунат деб таърифлаган. Али розияллоҳу анҳу: “Ҳақиқий хушуъ қалб хушуъсидир”, деган.

Қатода айтади: “Қалбдаги хушуъ қўрқув ҳамда намозда нигоҳни пастга қаратишдир”. Ибн Қаййим: “Хушуъ – қалбнинг Парвардигори ҳузурида хокисорлик билан туриши”, деб айтган.

Аллома Ибн Касир таърифига кўра, намозда виқор, тавозеъ билан хотиржам туриш хушуъ саналади. Аллоҳдан қўрқиш, Унинг кўриб турганини ҳис этиш бандани хушуъга ундайди.

Хушуъ фақат намозда эмас, кишининг ҳар бир ҳаракатида, ибодатида, хусусан, Қуръон ўқишида, дуо қилишида, садақа беришида, рўза тутишида ҳам бўлади. Хуллас, намоздаги хушуъ хотиржам, тинч турган тиниқ сувдек, Аллоҳни кўриб тургандек ёки Унинг кўриб турганини ҳис қилиб, қўрқув ва умид билан туриш, бутун вужуди билан Парвардигорига юзланиш, дил юмшаши, ибодат вақтида хаёлни бир ерга жамлаш, қалб ва тана аъзолари сокинлиги, атрофга алангламасдан, Аллоҳга ихлос билан муножот қилишдир.

ХУШУЪНИНГ ЎРНИ

Хушуъ қалбда бўлади. Унинг самараси аъзоларда кўринади. Хушуънинг асл маъноси қалб юмшаши, мулойимлигидир. Агар қалб хушуъли бўлса, танаъ аъзолари ҳам хушуъ қилади. Чунки аъзолар қалбга бўйсунади. Қалб танада подшоҳдир, қолган аъзолар унга аскар. “Нажот топган мўминлар хушуъси қалбларида бўлади. Шунинг учун улар кўзларини тиядилар, гуноҳлардан сақландилар”, дейди улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ. Кимнинг қалби хушуъ билан безанса, унга Аллоҳдан улуғ бир неъмат етибди. Чунки хушуъ ихлоснинг аломатидир.

Хушуънинг намоздаги ўрни руҳнинг танадаги ўрни каби, дейилди. Демак, хушуъсиз намоз ўлик намоз. Ундай намозда яхшилик йўқ. Бугун намозхонлар орасида баъзан ножоиз ишлар қилинаётганига сабаб хушуъсизлик бўлса ажаб эмас.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: “Намоз мункардан, бузуқ ишлардан тўсади” деб хабар берган. Аллоҳ таолонинг сўзи рост. Ҳақиқатан, намоз гуноҳлардан, ёмонликлардан қайтаради. Фақат нафсимизда, намозимизда камчилик бор. Шунинг учун ҳам бугун бизга хушуъ ниҳоятда зарур. Чунки энг буюк ибодат мазмуни, ундан олинадиган савоб хушуъга, унинг даражасига боғлиқ.

ХУШУЪНИНГ ИККИ ТУРИ

Юқорида айтиб ўтганимиздек, хушуъ қалбга ўрнашади. Кейин вужуд аъзоларида зоҳир бўлади. Аммо баъзан хушуъ қалбда бўлмагани ҳолда аъзоларда кўриниши ҳам мумкин. Бу нифоқ хушуъси дейилади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нифоқ хушуъсидан Аллоҳ паноҳ беришини сўранглар!” дедилар. Шунда савол берилди: “Эй Расулуллоҳ, нифоқ хушуъси нима?” У зот: “Тана хушуъси ва қалб нифоқидир”, дедилар (Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган). Айрим саҳобалар: “Нифоқ хушуъсидан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман”, деб дуо қилишарди. “Нифоқ хушуъси нима?” деб сўралса, “Қалбда бўлмаган хушуънинг танада кўриниши”, деб жавоб беришарди.

Фузайл ибн Иёз: “Киши қалбидагидан кўпроқ хушуъли кўриниши ёмондир”, дейди. Бир солиҳ киши елкаси билан бадани хушуъли кўринган одамга: “Эй фалончи, хушуъ елкада эмас, мана бу ерда бўлади”, деб кўкракка ишора қилган экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир киши намозда соқолини ўйнаётганини кўриб: “Агар бу (одам)нинг қалби хушуъ қилса, тана аъзолари ҳам хушуъ қилади”, дедилар.

 (Ҳаким Термизий “Наводирул усул”да заиф санад билан ривоят қилган).

Қалбида хушуъ бор инсон Аллоҳнинг улуғлигини эътироф этади, Парвардигоридан ҳаё қилади. Бундай банда қалби қўрқувга, муҳаббатга, ҳаёга тўла бўлади. У Аллоҳнинг неъматларини, ўзининг гуноҳларини тан олади. Аллоҳ учун хушуъ қилган инсоннинг шаҳват олови сўнади, қалби жилоланади, дилида азамат нури барқ уради, Аллоҳдан қўрқув нафс истакларини сўндиради. Қалб шаҳват исканжасидан қутулса, Аллоҳ зикрига рағбат қилса, Парвардигорини эслаганда хотиржам бўлса, хушуъли қалбга айланади. Бундай қалб соҳиби бутун вужуди билан намоз ўқийди, Парвардигори ҳузурида турганини дилдан сезади, намоздан ҳузур олади, рукуълар, саждалар унга чексиз роҳат бағишлайди. Мана шу имон хушуъсидир. Қалб безовта ҳолида тана аъзолари хушуъли кўриниши эса нифоқ хушуъси дейилади. Бу сохта, юзаки, ясама хушуъдир. Аллоҳга ҳақиқий имон келтирган, У Зотга тўлиқ бўйсунган банданинг қулоғи, кўзи, боши, хуллас, барча аъзолари хушуъ қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъда мана бу дуони ўқирдилар:

“Аллоҳумма лака рокаъту ва бика ааманту ва лака асламту, хошаъа лака самъий ва басорий ва муххий ва ъазмий ва ъасобий”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, Сен учун рукуъ қилдим, Сенга имон келтирдим, таслим бўлдим. Қулоғим, кўзим, миям, суягим, асабим сенга хушуъ қилди”.

Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъдан ривоят қилинишича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан “Улар намозларида хушуъ қилувчилардир” ояти ҳақида сўралди. Шунда у: “Хушуъ қалбда бўлади. (Хушуъ) мусулмон кишига мулойим бўлишинг (ёки чиройли муомала қилишинг), намозда (атрофга) алангламаслигингдир”, деди.

(Ҳоким, Байҳақий, Ибн Муборак ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Демак, хушуъ икки хил бўлади: имон хушуъси, нифоқ хушуъси. Имон хушуъси қалбга ёндошган бўлади. Хушуъли қалб соҳиби Парвардигори ҳузурида тиниқ сувдек туради, намоздан ором олади. Имон хушуъси кишига Аллоҳ азза ва жаллани, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни, ибодатни севдиради, намозни кўз қувончига айлантиради. Нифоқ хушуъси сохта, ясама, сунъий бўлади. Намозда қалби қайнаётган сувдек тургани ҳолда ўзини хушуъли кўрсатишга уриниш риёкорлик аломатига ўхшайди. Аллоҳ бизни бундай иллатдан асрасин.

 

Чориев Низомиддин қори Тошболта ҳожи ўғли Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here