Ўнг ва сўл томонингга қарасанг, қайғу эгаларини кўрасан, ҳар ҳовлида фарёд, ҳар ёноқда кўзёш, ҳар водийда Бану Саъдлар бордир.
қанча мусибатлар бўлса, шунча сабрлилар ҳам бордир, мусибат фақат сенга келмайди, балки сенинг мусибатинг бошқаларга қараганда оздир. Неча йил тўшакка михланиб, оғриқнинг зўридан ўнгу сўлига ағдарилиб фарёд чекаётган касаллар қанча.
Неча йиллар қуёшни кўрмай, зиндон бўлмасидан бошқа жойни билмайдиган маҳбуслар қанча.
Умрларининг энг яшнаган, ёшлик даврларида жигар парчаларини йўқотган эркак аёллар қанча.
Бахтсизлар, қарзга ботганлар, турли балоларга дучор бўлганлар қанча.
Бас сен ана шулардан ибрат олмоқлигинг ва аниқ билмоқлигинг керакки, бу ҳаёт мўмин учун қамоқ, қайғулар ҳовлисидир.
Қанча қасрлар кунни эгалари билан тўлиб-тошган ҳолда бошласа, кечага бориб ҳувиллиб қолмоқдаку! Қанча тўкис-тугал, баданлари соппа-соғ, бой бадавлат, серфарзанд оилалар саноқли кунларда камбағалликка, ўлимга, тирқираб йўқ бўлишга, турли дарду ситамларга дучор бўлмоқдаку! «…Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингизлар, Ҳақ Йўлга юрмадингизлар)». (Иброҳим сураси, 45-оят).
Демак сен нафсингни худди жиловланган туя харсанг тош устига чўкишга ўргатилганидек бало мусибатларга кўндиришни ўргатишинг лозим. Бошингга тушган бало-мусибатни атрофингдагиларнинг мусибатларига, бу замон чархпалагида сендан аввал ўтиб кетганларнинг балоларига солиштириб кўргин! Шунда сенинг уларга нисбатан тинч-офиятда эканинг. Сенга етса игнанинг учидек бало етгани аён бўлади. Бас, сен Оллоҳ таолога лутфу карами учун ҳамду сано айт, сенга қолдирганига шукр қил, олиб қўйганларида савоб кут – атрофингдагилардан ибрат ол!
Сен учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда намуна бордир, дарҳақиқат У Зотнинг бошларига туянинг ичак-чавоқларини ташлашди, оёқлари тирналди, юзи ёрилди, қамал қилинганларида, дарахт баргларини ейишлик даражасида оч қолди, Маккадан ҳайдалди, тишлари синди, завжайи шарифаларининг обрўлари топталди, етмиш саҳобаси ўлдирилди, ҳаётлик чоғларида ўғли ва бир неча қизларини йўқотди, очликдан қоринларига тош боғлади, У Зотга шоир, коҳин, мажнун, ёлғончи деб туҳмат тошлари отилди, лекин Оллоҳ таоло у зотни Ўзи асради. Буларнинг барчаси кўрмаслик мумкин бўлмаган балолар эди, тенгсиз Илоҳий имтиҳон эди. У зотдан аввал Закариё ўлдирилди, Яҳё сўйилди, Мусо қувилди, Иброҳим Халилуллоҳ ўтга ташланди саҳобаларнинг пешволари — Умар ўз қонига бўялди, Усмонга суиқасд қилинди, Алийга найза санчилди, қанчадан-қанча улуғ инсонлар қамчиланди, ахёрлар зиндонбанд, тақводорлар кишанбанд этилди: «Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли — ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Оллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди». (Бақара сураси, 214-оят)
Доктор Оиз ал-ҚАРНИЙ «Махзун булма» китобидан
Хайбатуллох РАШИДОВ
Шўрчи тумани «Толли ота» жоме масжиди имом хатиби