Термиз деганда кўпчилик Ўзбекистон жанубида, қадимда “Жайҳун” номи ила сифат топган Амударёнинг ўнг соҳилида жойлашган ўртача бир шаҳарни кўз олдига келтиради. Таассуфки, ҳали ҳам Термиз ҳақидаги тасаввурларимиз ёзининг ниҳоятда иссиқлигию қум зарраларини ёғдирувчи афғон шамолларидан нарига ўтмайди.
Хўш, Термиз қандай шаҳар ўзи? У қачон ва қандай бунёд этилган?
Бу саволларга дафъатан жавоб бериш анча мушкул. Араб ва юнон олимларининг асарларига қараганда Термиз кўҳна Шарқдаги энг қадимий шаҳарлардан биридир. Қулай жуғрофий ўрни туфайли Термиз қадимда Шарқни Ғapб, Жанубни эса Шимол билан боғлаб тургувчи савдо марказига айланган. Буюк Ипак йўлининг муқаддам тармоқларидан бири ҳам Термиздан ўтганлиги сўзимизни тасдиқ этади.
Бу кўҳна шаҳар Шарқ тамаддунининг шаклланишида алоҳида аҳамият касб этган. Шу боисдан кўҳна Термизни “Шарқ тамаддунининг муҳим бир бўлаги” деб аташ мумкин. Қадимшунос олимлар эски Термизнинг қалъа қисмида олиб борилган қазилма ишлари ва ёзма тарихий манбаларга асосланиб, шаҳарга милоддан аввалги I минг йилликнинг ўрталарида асос солинган, деган фикрларни илгари суришган.
Шунингдек кўҳна Термиз тарихий буюк давлатлардан бўлмиш Сўғдиёна, Хоразм, Марғиёна, Парфия давлатлари билан алоқалар ўрнатгани тарихдан маълум.
Тарихчи Ҳофизи Абрўй ўз асарида “Термиз” номи қадимги Бақтрия тилидан олинганини таъкидлайди. Унга кўра, шаҳар номи “Тарамастха” сўзидан олинган бўлиб, унинг маъноси “нариги соҳилдаги шаҳар” демакдир.
Кўҳна Термиз турли асрларда турлича номлар билан атаб келинди: Антиохия, Деметриас, Тармид, Тармиз. Фақат X асрдан бошлаб шаҳарни “Термиз” деб номладилар.
Эрамиздан аввалги VII–VI асрларда Аҳмонийлар салтанати қадим Бақтрия ҳудудига бостириб киради. Ўша пайтда шаҳар ғоят равнақ топган, аҳолиси осуда ва фаровон ҳаёт кечирар эди. Бу салтанатнинг ҳукмронлиги 328 йилда Искандар Зулқарнайннинг бостириб киришига қадар давом этади. Термиз аҳлининг жасорати машҳур саркардани ҳайратда қолдиради. Бошқа шаҳарлар ўз ихтиёрлари билан таслим бўлаётган бир пайтда термизликлар душман қўшинига қаттиқ қаршилик кўрсатишади.
Дунёнинг жуда ҳам номдор шаҳарларини кўрган Искандар Зулқарнайн ҳам Термизнинг гўзаллиги ва бетакрор табиатига мафтун бўлади. Уни ўзининг исми билан Искандария, деб атайди.
Термиз Искандария номини олгач, орадан беш йил ўтиб, улкан салтанат соҳиби вафот этди. Искандар Зулқарнайн ўлимидан сўнг қудратли империя бир нечта давлатларга бўлиниб кетди. Шу тариқа Термиз Юнон-Бақтрия давлатининг марказига айланди. Термиз шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Деметрий шаҳарни ўз номи билан “Деметриас” деб аташларини талаб қилади.
Буни қарангки, Термизни кўрган ҳар қандай ҳукмдор уни ўз номи билан аташни орзу қилган. Бу бежиз эмас, албатта. Зотан, ўша даврларда Термиз Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган иккита йирик шаҳардан бири эди.
Эрамиздан олдинги III ва эрамизнинг II асрларигача давом этган Кушонлар ҳукмронлиги даврида эса Термиз дунёнинг энг гуллаган шаҳарларидан бирига айланди. Кушон давлати дунёдаги 5 та қудратли империядан бири ҳисобланарди. Бу даврда Термиз ва умуман қадимий Бақтрияда темирчилик ва кимёнинг айрим соҳалари ривожланади. Ҳатто Термизда тайёрланган маҳсулотлар қуруқлик ва денгиздаги савдо йўллари орқали бошқа мамлакатларга ҳам сотиш учун олиб кетилади.
Эрамизнинг III ва VII асрларигача бўлган давр оралиғида Термиз Сосонийлар давлати таркибига кирувчи шаҳарлар қаторига ўтди. Сосонийлар ҳукмронлиги йилларида шаҳарда дин эркинлиги мавжуд бўлган. Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, аҳоли буддавийлик, зардуштийлик, монийлик, насронийлик ва яҳудийлик каби динларга эътиқод қилган. Термиз ҳудудидан топилган Будда ибодатхоналари, зардуштий оташхоналари, насроний черковларнинг қолдиқлари бу фикрни тасдиқ этади.
641 йилда Сосонийлар қўшини араблар томонидан тор-мор қилинади. Термиз эса ислом маданияти ва маънавиятининг ўчоғига айланади. Айтиш жоизки, бу даврда Термиз кўҳна Мовароуннаҳрдаги энг ривожланган шаҳар эди. Негаки бу даврда Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар йирик пойтахт шаҳарлар сифатида тарих саҳнасига чиққан эдилар.
X-VIII асрлар ораларида Термиз чинакам илму маърифат бешигига айланди. Бу шаҳардан ўнлаб қомусий олимлар етишиб чиқди ва Шарқ тамаддунининг олтин даври бошланди.
Қарийб уч аср давомида кўҳна Термиз Сомонийлар, Қорахонийлар, ғазнавийлар давлатлари ўртасида талаш бўлади.
Мўғуллар истилоси даврида эса Термиз ва термизликлар жасорати ҳақидаги гап-сўзлар халқ орасида чинакам афсонага айланиб кетди. Бу бежиз эмасди. Мовароуннаҳрнинг айрим шаҳарлари мўғул босқинчиларига жон-жаҳдлари билан қаршилик кўрсатадилар. Ҳолбуки, душман қаршилик кўрсатган шаҳарларни ер билан яксон қилаётган эди. Термиз қамалига эса шафқатсиз Чингизхоннинг ўз бошчилик қилади. 11 кунлик қамалдан сўнг Термиз қўлга олинади ва бутунлай вайрон этилади. Шаҳар ўрнида харобазорлар қолади, холос.
Бу ҳақда машҳур тарихчи Шарофуддин Али Яздий “Зафарнома”сида батафсил маълумот беради. Унинг (ўзларига қараганда, мўғул босқинига жасорат ила қаршилик кўрсатгани боис Термиз “Мадинат ул-рижол”, яъни, “Мардлар шаҳри” дея ном олади).
“Худуд ул-олам” асарида Термиз таърифи шундай баён этилади: “Жайҳун бўйидаги кўркам ва обод шаҳар. Қалъаси дарё бўйида, улкан бозори машҳур, Хутталон ва Чагониён аҳли шу ерда савдо қилади”.
Тарихий китобларда берилган маълумотларга асосланиб айтадиган бўлсак, жуда кўп урушлар ва қамалларни бошдан кечирган термизликлар қалъани мудофаа учун қулай бир тарзда бунёд этишган. Шунингдек, ҳоким саройи қалъа ичида жойлашган. Шаҳристон эса қўшқаватли қалин деворлар билан ўраб олинган. Бу деворлар оралиғида эса махсус жой бўлиб, бунда душман ҳужум қилганда асосий мудофаа кучи саналмиш камончиларни жойлаштириш кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, қадимги Термизда карвонсарой ва ҳаммомлар бўлган. Бу эса шаҳар фақат маънавият ва илмдагина эмас, балки маданиятда ҳам етакчилик қилганини билдиради.
Термизнинг работ қисмидаги ҳар бир хонадон шаҳарнинг меъморий тузилишини ҳисобга олган ҳолда қурилган. Шунингдек хонадонлар бир-бирига халал бермайдиган бир тарзда жойлаштирилган. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, оқава сувларни ташқарига чиқариб юбориш тизими йўлга қўйилган. Айтиш мумкинки, ўрта асрларда Термиз Марказий Осиёдаги ҳунармандчилик марказларидан бирига айланади.
XIV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Термиз Темурийлар давлати таркибига кирди. 1407 йилда эса Темурий шаҳзодалардан Халил Султон Жайхун соҳилидаги қадимий Термиз қалъасини қайтадан тиклаш ҳақида фармон беради. Халил Султон ташаббуси билан машҳур аллома шайх Ҳаким ат-Термизий мақбараси обод қилинади ва бу улуғ инсон қабрига оқ мармар сағана ўрнатилади.
Темурийлар ҳукмронлиги даврида аввалги мавқеини тиклаган, мустақил шаҳарга айланган Термиз XVI асрнинг дастлабки йилларида Шайбонийхон қўшинлари томонидан яна вайрон этила бошлади. Кейинчалик ўзаро урушлар туфайли қарийб икки ярим аср давомида шаҳар суронли йиллар ичида ҳаёт кечиради. XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, Термиз бутунлай вайроналикка юз тутди. Фақат бир вақтлар иқтисодий ва маданий жабҳаларда равнақ топган шаҳар таркибига кирувчи икки-уч қишлоқ сақланиб қолди, холос.
XIX аср охирида эса кўҳна Термиз харобаларидан унча узоқ бўлмаган ерда русларнинг қалъа истеҳкоми қурилган. Маҳаллий аҳоли тилида бу истеҳком “Тупроққўрғон” деб атала бошлади. Ҳозирги Термиз шаҳри ўша Тупроқўрғон атрофида жойлашган.
XIV асргача гуллаб-яшнаган Термиз адабиёти ва илм- фан муҳити XV асрда бироз сусайиб қолгандек бўлди. Бироқ Чингизхон зулмидан кутилган Термиз маданияти XVI асрдан бошлаб яна равнақ йўлига тушади. XVI-XIX асрларда “Термизий” тахаллуси билан ижод қилувчи шоир ва олимларнинг янги бир гуруҳи пайдо бўлди. Улар сирасига Умар ат-Термизий ас-Суфий, Мавлоно Қудсий Термизий Маҳжуб, Хожа Самандар Термизий, Абдуллоҳ Термизий, Тақий Термизий каби беназир зотларни киритиш мумкин.
Бундан ташқари, XVI-XIX асрлар илмий-маърифий ҳаётига Сўфи Оллоёр ва Масиҳо Бойсунийлар ҳам ўз улушларини қўшишди.
Дарҳақиқат, бу бағрикенг юртдан етишиб чиққан ва Термиз номини дунёга таратган шоиру алломалар бисёр. Ўзбек адабиётининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари “Насойим ул-муҳаббат”ида улардан бир нечаси, жумладан, Муҳаммад ибн Исо Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий, Хазрати Ҳаким ат-Термизий, Абу Зарр Термизий, Муҳаммад ибн Ҳомид ат-Термизийлар ҳақида маълумот берган. Бу улуғ зотларнинг ўз даврида илм ва маърифат, дин ва тариқат муҳитида қандай ўрин эгаллаганлари борасида сўз юритганлар.
Алиакбар Сайфуддинов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилояти вакили,
исломшунос олим