Жорий йилнинг 20 март куни Сурхондарё вилоят ИИБ Тезкор қидирув ҳамкорлик бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлар давомида “Telegram” мессенжеридаги @GroupSurxondaryo каналининг фойдаланувчиси “A N Z O R” деб номланган профил эгаси 2020 йил 20 март куни соат 12:38 да @GroupSurxondaryo гуруҳига коронавирус ҳақида яъни, “Joʻrabayevada Bor ekan 2 kishi aniqlandi 30 daqiqa oldin”-деган, мазмунда одамларни чалғитувчи, жамиятда ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатганлиги маълум бўлди.
Қўшимча олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида “Telegramm” мессенжерида “@GroupSurxondaryo”, деб номланган гуруҳга ёлғон маълумот тарқатган “A N Z O R” номли профил эгаси ва фойдаланувчиси- Сурхондарё вилояти Музработ туманида истиқомат қилиб, Термиз шаҳридаги савдо шохобчаларининг бирида сотувчи бўлиб ишлаб келаётган фуқаро Анзоржон Бердиқулов экани аниқланди.
Унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судига юборилди.
–Аниқланган бу “миш-миш” аҳоли ўртасида шов-шувларга сабаб бўлиб, халқимизнинг энг аввало бир бирига бўлган ишончини, аҳиллиги, қолаверса, тинчлиги ва фаровонлигини бузишдан бошқа нарсага ярамайди,– дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари,капитан Ф.Тошбоев.– Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 205-моддасида эса бундай хатти-ҳаракатларни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима солиш ёки ўттиз суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
2020 йилнинг 23 март куни Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судининг қарорига кўра фуқаро Бердиқулов Анзоржон Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 205-моддасида кўрсатилган (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) ҳуқуқбузарлигини содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари, яъни 1.115.000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Азиз юртдошлар, мамлакатимизда саросимага, ваҳимага берилмасдан дунё халқлари бошига тушган бу синовни енгиб ўтиш бўйича тегишли чоралар белгилаб олиниб, зарур тадбирлар амалга оширилаётган бир пайтда коронавирус ҳақидаги аниқ маьлумотлар билан расмий манбалар орқали танишиб боришингизни ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган турли миш-мишларга ишониб,чалғимасликни сўраймиз.