Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саълаба розияллоҳу анҳунинг жанозасида оёқ учида юрган эканлар…

Саълаба розияллоҳу анҳу бир умр Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлган саҳобалардан эди.
Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бир юмуш билан бир жойга юбордилар. Саълаба розияллоҳу анҳу бир ансорий яшайдиган уйнинг олдидан ўтаётиб, ногаҳон ичкарида бир аёлнинг ғусл қилаётганига кўзи тушиб, ундан бироз кўзини узолмай қолди. Шу пайт тўсатдан унинг қалбига ваҳима кириб, бу ҳақда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор ваҳий нозил бўлишидан қўрқиб кетди. У даҳшат ичида Макка билан Мадина оралиғидаги бир тоққа чиқиб, у ерда қирқ кунга яқин қолиб кетди…
Бир куни Жаброил алайҳиссалом Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига тушдилар ва: «Эй Муҳаммад, Роббинг сизга салом йўллаб, шундай деди: «Умматингиздан бир киши бир тоғнинг ичида Мендан (гуноҳидан) паноҳ сўраяпти».
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳумоларга: «Боринглар, менга Саълабани олиб келинглар», дедилар. Улар Саълабани топиб келиб, «Мана у, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Саълаба, нима учун мендан узоқлашдинг?», дедилар. «Гуноҳим туфайли, эй Аллоҳнинг Расули», деди у.
У зот: «Гуноҳларингни ўчириб юборадиган бир оятни айтайми?», дедилар. У: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот:

ربنا آتنا في الدنيا حسنة وفي الآخرة حسنة وقنا عذاب النار
«Роббанаа, аатинаа фид-дуня ҳасана, ва фил-ахироти ҳасана, ва қинаа азаабан-наар»,
дедилар. Саълаба: «Аммо менинг гуноҳим жуда катта», деди. У зот: «Аллоҳнинг каломи барча нарсадан улуғ ва каттадир», дедилар ва уни уйига қайтишга буюрдилар.
Орадан саккиз кун ўтгач, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Юринглар,
Саълабанинг олдига борамиз», дедилар. Саълабанинг олдига кириб, унинг бошини муборак тиззаларига қўйдилар. Аммо Саълаба Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларидан бошини шартта кўтариб олди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нега бошингни тиззамдан олдинг?» деб сўрадилар.
У: «Чунки бу бош гуноҳларга тўладир», деди. Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳволинг нечук?»дедилар. У: «Суягим, этим ва терим орасида чумолилар ёпирилиб келаётгандай», деди.
У зот: «Нима истайсан?», дедилар. У: «Роббимнинг мағфиратини», деди.
Шу пайт Жаброил алайҳиссалом келиб, шундай дедилар: «Эй Муҳаммад! Роббингиз сизга салом йўллаб, «Агар бу бандам Менга ер юзи тўла гуноҳ билан келса ҳам, Мен унга ўшанча мағфиратим билан юзланаман», деяпди».
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни Саълабага айтган эдилар ҳамки, Саълаба қаттиқ қичқириб, беҳуш йиқилди. Унинг жони узилган эди…
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ювиб, кафанлашга буюрдилар. Жанозани ўқиб бўлгач, оёқ учларида юра бошладилар. Дафн тугагач, у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, нима учун боя оёқ учида юрдингиз?», деб сўрашди. У зот шундай дедилар:
«Мени ҳақ ила юборган Зотга қасамки, Саълабани жанозасига ҳозир бўлган фаришталар кўплигидан оёғимни ерга тўлиқ боса олмадим».

 

З.Абсаломов

Олтинсой туман «Раҳмонберди ҳожи» жомеъ масжид имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here