بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматлардан тежам билан, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган. «Исроф» сўзи арабча бўлиб, унинг маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъносида келади. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади:

…كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ (سورة الآعراف/31

яъни: Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (سورة الفرقان /67

яъни, “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганиларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилишмайди, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Қуръони каримнинг биргина Исро сурасида бугунги мавъизамиз мавзусига оид бир неча ояти карималар келган. Шулардан айримлари билан биргаликда танишиб чиқамиз. Аллоҳ таоло айтади:

وَآَتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/62

яъни: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг”! (26-оят).

Ислом дини инсонларни жамиятдаги барча қатламларга бирдай муносабатда бўлиш, қариндош-уруғлар, ҳаётда қийналиб қолган фақир ва мискинлар, ўзи юртида бой киши бўлса ҳам сафарда иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолга тушиб қолган йўлчиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишни, эҳсон ва садақалар беришни буюради. Бу ҳақларни адо этиш эса Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ўзига У зот томонидан ато қилинган неъматларнинг шукрини адо этиш омили ҳамдир. Аммо бу ишларда исрофга бориш мутлақо ярамайди, чунки исрофгарчилик жамиятларда, хонадонларда тангчилик ва етишмовчиликларни келтириб чиқаради. Ислом таълимотига кўра, исрофгарчилик-ноҳақ ва ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Исрофнинг чегараси катта: маросимларни тежамсиз ўтказиш ҳам исроф, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш ҳам исроф, вақтни, умрни бефойда ўтказиш ҳам исроф, фойдасиз ишлар билан шуғулланиш ҳамда соғликнинг қадрига етмаслик ҳам исрофдир. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ”, деганлар.

Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром дейишган бўлса, айримлари макруҳ санашган. Қуръони каримда исрофнинг мазаммат қилинишига сабаб, Аллоҳ неъматларидан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида охиратда савол-сўроққа тортиламиз. Шунинг учун ушбу неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла бандаларини уларни исроф қилмасликка чақиради.

وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا

(سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/29)

яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.

Эй инсонлар, бахиллик билан қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг, яъни очиққўл бўлинг. Исрофгарчилик қилиб қўлингизни бирваракайига ёзиб ҳам юборманг. Шундай қилсангиз, одамларнинг маломатига қоласиз, бор нарсангиздан маҳрум бўлиб, афсус-надомат чекасиз. Дарҳақиқат, бахиллик қанчалик ёмон иллат бўлса, бор нарсасини исроф қилиш, уни беҳуда сарфлаш ҳам шунчалик ёмон хислатлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг“Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” (Термизий ривояти) деган муборак ҳадислари бор.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилади:

“كُلْ مَا شِئْتَ وَالْبَسْ مَا شِئْتَ مَا أخْطَأتْكَ اثْنَتَانِ سَرِفٌ أَوْ مَخِيلَةٌ” (رواه البخاري

яъни: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер» (Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек:

“كُلُوا وَتَصَدَّقُوا وَالْبَسُوا في غَيْرِ اِسْرافٍ ولا مَخِيلَةٌ” (رواه النسائي

яъни: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар».

Азиз намозхонлар! Минг афсуски, баъзи оилаларда динимизнинг ана шу кўрсатмалари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга минади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар, ўзини тийиб-қантаришлар билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, обрў қозониш мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари ҳануз давом этяпти. Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди. Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади. Бунинг ортида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Аксинча, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, исрофгар асло жаннатга кирмайди.

Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Кўпларимиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва чекловлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз, ҳатто «кимошди» савдосидан харид қиламиз. Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилиш соҳасида-ку ҳар қандай миллатни ортда қолдирамиз.

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еганидишингдаги ёғ юқини тозаламасликдир». Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни кераксиз қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан қувиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.

Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир кимсани қўллаб юбориш мумкин-ку!

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Майда-чуйдани исроф қилган катта нарсаларидан маҳрум бўлади. Гугурт тежаш учун ёки хонани иситиш мақсадида газимиз кун бўйи ёқилганича қолади. Зарурати бўлмаса ҳам уйларимизда, хонадонларимизда, ишхонамизда электр чироқлари соатлаб ёниқ туради, ҳеч ким кўрмаётган телевизорни ўчириб қўймаймиз, компютрларимиз зарурати бўлмаса ҳам ишлайверади. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейди. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган.

Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб ҳаммамиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб кетганмиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат.

Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга хўжасизларча бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги афсуслантиради. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. “Нега бундай?” десангиз, “совуқда музлаб қолади”, деб баҳона топамиз. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга, кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига иқрор бўласиз.

Муҳтарам жамоат! Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. «Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди», дейишади. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этиб, ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидандир, зеро Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ва маъиший ҳаётда мўмин кишига хос фазилат эмаслигини ва бунга йўл қўймаслик ҳақида шундай дейди:

وَمَا كَانَ قَوْلَهُمْ إِلَّا أَنْ قَالُوا رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَإِسْرَافَنَا فِي أَمْرِنَا وَثَبِّتْ أَقْدَامَنَا وَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ (سورة آل عمران/147

яъни: “Уларнинг гаплари фақат қуйидагича бўлди: «Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни ва ишимиздаги исрофгарчилигимизни (бандачиликдаги хатоларимизни) кечир, (жанг асносида) бизни собитқадам қил ва бизга кофирлар қавми устидан ғалаба насиб эт”!

Аллоҳ таоло барчаларимизни У зот ато этган неъматларни тежаб-тергаб ишлатадиган, бунда исрофга йўл қўймайдиган тежамкор бандаларидан қилсин, Парвардигор берган неъматларнинг қадрига етиб, уларнинг шукрини қилувчи жаннатий инсонлардан айласин, омин!

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here