Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир» (Нур сураси, 30-оят).

Ушбу ояти каримада зинодан сақланишнинг энг бош омили–номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийишга ва фаржларни зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда.

Бу билан, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғотади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Сен мўминларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириг учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар» (Нур сураси 30-31 оят).

Ушбу ояти каримада ҳар бир инсонга Аллоҳ таоло ўзи ҳаром қилган нарсалардан кўзни тийишни фарз қилди. Кўзни тийган инсон бу иши билан Аллоҳ таолонинг буйруғини бажарган шунингдек, дунё ва охиратида нажот топишига асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Ким дунё ва охиратда нажот топса, Аллоҳ таолонинг мукофотига сазовор бўлади, ким акси бўлса, итоатсизлигидандир.

Хусусан, қалбни поклаш, дунё ва охиратига фойда келтирадиган иш билан машғул бўлиш лозим.

Агар инсон кўзини гуноҳ ва маъсиятларга қарашдан тиймаса, кўз орқали қалбга кирадиган нарсалардан тўсиши, унинг кирларидан сақланиши қийин кечади. Чунки қалб бир бўш идиш бўлиб, у кўз, қулоқ, оғиз ва бурун орқали кирган нарсалар билан тўлади ҳамда ўшалар билан машғул бўлади. Шунинг учун кўзни тийиш мағфират қилинишнинг асосий  сабабларидан биридир.

Ибн Қайюм роҳматуллоҳи алайҳ : “Жазо ва мукофот қилинган амал жинсидан бўлади. Ким кўзини Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан тийса, унга тийган нарсаси (қараш) эвазига тийган нарсасидан афзалини берилади. Кўз нурини тутиб қолгани учун Аллоҳ таоло унга қалб кўзини ва басийратини ўткир қилиб қўяди. У орқали кўзини тиймаганлар кўролмайдиган нарсаларни ҳам кўради” деганлар.

Қолаверса, кўзни тийиш қалб, юз, кўз ва бутун аъзоларда нурни пайдо қилади. Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди. Бу нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир.

Абулфаворис Шоҳ ибн Шужоъ роҳматуллоҳи алайҳ: “Ким назарини ҳаромдан тийса, нафсини шаҳватлардан тийса, ботинини (фикр хаёлини) доимий кузатув билан, зоҳирини суннатга амал қилиш билан обод қилса ва ҳалол ейишга одат қилса ундай кишининг фиросат (юритган фикри ва чиқарган ҳукми) хато қилмайди” деганлар.

Уламолар ичида Шоҳ ибн Шужоъ роҳматуллоҳи алайҳнинг (юритган фикри ва чиқарган ҳукми) хато чиқмаслиги машҳур эди. Шунинг учун номаҳрамларга қарашга ўрганиб қолганнинг қалб кўзи кўр бўлиб қолади.

Кўзни тийиш қалбга покликни олиб киради. Чунки қарашдан маҳрум бўлганда қалб қизийди, алам қилади, сўнг ўтиб кетгач, алам ўрнини хурсандчилик эгаллайди. Бу бир неча бор такрорлангач покланади ва уларга қарашни табиат тортмайдиган нарсага қараш каби билиб қолади.

Кўзни тийиш қалбга иймон ҳаловати ва лаззатини олиб келади.

Кўзни тийиш қалбни шабақ (шаҳватпарастлик ва шаҳвоний ҳирсдан) саломат қилади.

Ало ибн Зиёд роҳматуллоҳи алайҳ: «Назарингни аёллар ҳусни ортидан тобеъ қилмагин. Чунки у қалбда шабақ (ҳайвоний ҳирс)ни пайдо қилади» дедилар.

Интернет манбалари асосида тайёрланди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here