Ижтимоий иллатлардан яна бири кўр-кўрона тақлиддир. Руҳий тарбия фанида ёзилган манбаларда қалб офатлари қаторида санаб ўтилган бу иллат эътиқодий масалаларда бировга кўр-кўрона тақлид қилиш, шу шахсга нисбатан ҳаёлида шаклланган яхши гумонига суянган ҳолда унинг сўзларини ҳужжат-далилсиз, суриштирмасдан қабул қилишлик, ўз эътиқодини унинг эътиқод йўлига мослаш, деб таърифланган. Ақоид соҳасида бундай тақлид мақбул эмас. Балки, лоақал ижмолий тарзда бўлсада, эшитган сўзи устида фикр қилиб кўриши, шариат Шариатга мос бўлса эргашади, зид бўлса рад қилади. Албатта, мана шу таққослаш учун ҳам маълум даражада илм таҳсил қилиш фарздир.
Қуръони каримда бу ҳасталикка мубтало бўлганларни Аллоҳ таоло танқид қилиб шундай дейди: «Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: «Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар”. (Зухруф. 23. Тафсири ҳилол).
Баъзи инсонларга «дининг нима?» деб савол қилинса, Ота-бобом мусулмон, мен ҳам мусулмонман, деб жавоб беради. Ислом ҳақида батафсил сўзлаб бериш у ёқда турсин, ҳатто шаҳодат калималарини тузукроқ айтишни ҳам билмайди. Аслида улар ота-боболарининг нима учун мусулмон бўлганларини ҳам билиб олишлари лозим эди.
Аҳли суннанинг ақоид бобидаги Имом Мотуридийнинг қавлига кўра бундай тақлидчиларнинг иймони саҳиҳ бўлсада, далил талаб қилмагани учун гуноҳкор ҳисобланишади. Ҳатто баъзи уламолар муқаллиднинг иймони саҳиҳ эмас деганлар.
Аҳли илмлар ақоид масаласида истидлол вожиб эканига ижмоъ қилганлар.
Амалиётда яъни, фуруъот масалаларида эса, илоҳиётнинг акси, адолат ва солиҳлиги билан танилган, мужтаҳид мақомида бўлган аҳли тақво олимларнинг фатволарини ҳужжат сўрамасдан қабул қилиш ва унга эргашиш жоиздир.
Олтинсой туман «Саййид Мухиддинхон»
жомеъ масжид имом хатиби: Сирожиддин Мухиддинов