Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.
Мутаассиблик луғатда бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маъноларни англатади. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида “мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир” деб таърифланган.
Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор бўлиб, улар кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши демакдир. Мўътабар манбаларимизда ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси кишини дўзахга тортади деб таъкидланган.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бир киши шеригига қараб: “Мен фалончини ўғлиман. Сен кимсан, онасини йўқотган (онаси бетайин)”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусо алайҳиссалом даврларида икки киши бир-бирига насабини баён қилди. Улардан бири: “Мен фалончини ўғлиман. Отамнинг отаси фалончи”, деб тўққиз авлодини санаб: “Сен кимсан, онаси бетайин”, деди. Нариги киши: “Мен фалончини ўғлиман. Отамнинг отаси фалончи. Унинг отаси бир мусулмоннинг ўғли”, деди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий қилиб деди: “Эй сен, ўзини тўққизта аждодига нисбат берган, уларнинг ҳаммаси дўзахдадир, сен ўнинчисисан. Эй сен, ўзини икки аждодига нисбат берган, улар жаннатда, сен учинчисисан”.
Бу туйғу инсонлар ўртасида муҳаббатни сўндиради, иноқликни кетказади, дўстлар орасида адоватни пайдо қилади, яқинлар ўртасини ажратади, қариндош-уруғлар орасида урушни қўзғайди, мустаҳкам бино каби кўринган дўстликка барҳам беради.
Мутаассиблик турларидан яна бири диний мутаассибликдир. Диний мутаассиблик деганда маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири динлараро мулоқотга раҳна солишдир. Ушбу иллат аксар ҳолларда ислом дини билан боғлиқ ҳодиса сифатида кўзга ташланади. Аммо бу ҳаракат муайян маънода барча дин ва конфессияларга эътиқод қилувчилар орасида учрайди.
Диний мутаассиблик икки кўринишда намоён бўлади. Биринчиси, бошқа динларга нисбатан мутаассиблик. Иккинчиси, динда мутаассибона ҳаракат қилишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Динга зўрлаб киритиш йўқ. Зеро, тўғри йўл залолатдан ажраб бўлди” (Бақара сураси: 256-оят). Уламолар бу оятни диний мутаассибликдан қайтарувчи далил сифатида келтирадилар.
“Мутаассибликнинг хавфли томони шундаки, таассубга мойил одамлар жамиятда беқарорлик тўлиқинини келтириб чиқаришга қодирлар. Оммавийлик унсури эса муайян бир хатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга оммавий тус беради. Ўзининг шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳисси зўравонлик ҳаракатларига мойиллиги билан ажралиб турадиган диний экстремизмнинг пайдо бўлишига олиб келади”[1]. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишга буюрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради», деганлар.
Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қоралайди. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
“Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”.
Пайғамбар (с.а.в) эса: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир” деб уқтирганлар. деганлар.
Динда ҳаддан ошмай мустақим туриш васатийликдир. Аллома Юсуф Абдуллоҳ Қаразовий ўзининг «ал-Хасоисул Омма лил-Ислом» номли китобида васатияни қуйидаги таърифини келтиради: «Васатиянинг ўрнига «мувозанат» иборасини ишлатиш ҳолатлари ҳам бор. Бу билан икки бир-бирига қарши тарафлар орасида ўртамиёналик ва адолатни ирода қилинади. Токи улардан бири ўз тасирини ўтказиб бошқасини йўққа чиқармасин. Тарафлардан бири ўзига тегишли ҳақдан кўпни олиб қарши тарафга устинлик қилмасин ва уни йўқ этмасин. Қарама-қарши тарафлар дейилганда руҳонийлик ва моддийлик, якка шахс ва жамоат, воқеъийлик ва хомхаёл, собитлик ва турғинсизлик каби нарсалар кўзда тутилган бўлади. Мазкур қарама-қарши нарсалар орасида васатийликнинг жорий қилиш уларнинг ҳар бирига ўзига яраша ва керакли имкон бериш ҳамда бунда зарар етказиш ва чегарадан чиқиш, ҳаддан ташқари қаттиқ тутиш ва ҳаддан ташқари бўш қўйиб юбориш ҳолатларига йўл қўймаслик ила бўлади».
Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим. Хулоса ўрнида бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш билан якунлаймиз: «Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…».
Чориев Низомиддин Тошболта ҳожи ўғли-Термиз шаҳар бош имом хатиби