Жонажон Ватанимиз ўзининг мустақил ривожланиш йилларида асрларга тенг йўлни босиб ўтди. Тарихан қиска бу даврда шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз қиёфаси бутунлай ўзгарди. Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Энг муҳими, халқимиз қалбида ўз юртига эгалик ҳисси, шу улуғ Ватаннинг бугунги ва эртанги куни учун масъулият ва даҳлдорлик туйғуси ортиб, унинг онгу тафаккури ва дунёқараши юксалиб бормокда.
Мустақиллик йиллари бутун мамлакатимизга, ҳар бир худуд ва минтақага бунёдкорлик ва янгиланишлар бошлаб келганлигининг тасдиғини Сурхондарё вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бугун воҳанинг қай бир гўшасига борманг, яшаш, яратиш завқини ҳис этасиз. Кишининг ақлини лол қолдирадиган, кўзини қувонтирадиган, қалбига ёруғлик соладиган турар жойларнинг, таьлим масканларининг, спорт иншоотларининг замонавий бинолари қад ростлаганига гувоҳ бўласиз. Билиб қўйган яхши: Ҳаёт қандай кечса, теварак-атрофдаги манзаралар қандай бўлса, кишиларнинг ҳаёти мазмуни, кайфияти ҳам шунга мос бўлади. Таъбир жоиз бўлса, Ватан истиқлоли Сурхондарёликлар ҳаётида янги саҳифаларни очди. Бугун уларнинг юрт ободлиги, халқ фаровонлигидан бахтиёр қиёфаси, эртанги кунга ишончи тинч ва осойишта замондан мамнунлик ҳиссини кўз-кўз этади.
Одатда ҳар қандай иморат ҳам диққат эътиборни, меҳрни талаб этади. Таъбир жоиз бўлса, халқимизга, юртимизга насиб этган истиқлол иморати ҳам доимий муҳофазани, садоқат ва меҳрни талаб этади. Она юртини, эркинликни ёмон кўзлардан, ғараз ниятли кишилардан асраш ва керак бўлса, ҳимоя қилиш зарур. Бу эса ҳар биримиздан доимий ҳушёрликни, аҳилликда иш олиб боришимизни тақазо этади.
Минг афсуски, биз хотиржам яшаб турган ушбу лаҳзаларда ер юзининг айрим давлатлари, масалан Шарқ мамлакатларида бесаранжомликлар, тартибсизликлар кечмоқда. Хусусан, Ироқ ва Суриядаги нохуш воқеа ва ҳодисалардан яхши хабардормиз. Бу юртларда содир бўлаётган мудҳиш хунрезликлар дунё аҳлини жунбушга келтирмоқда. Халдимизда “Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади», деган гап бор. Ушбу мамлакатлар аҳолиси бугунги кунда мисли кўрилмаган нохушликлар, фожиалар билан юзма-юз турибди. Минглаб одамлар адашган қавмнинг, ёлғон, ичи пуч ғоялар билан суғорилган қора кучларнинг ўқига учиб, бемавруд хазон бўлди. Яна минглаб кишилар эса она юртини, туғилиб ўсган манзилу-маконини ташлаб, жонини қутқариш учун боши оққан томонларга, кетди ва кетмоқда.
Ўзларини Ироқ ва Шом ислом давлати дея эълон қилиб дунё харитасидан ўрин олишга жон-жаҳди билан уринаётган қора кучлар мисли кўрилмаган жиноятларни содир этиб улгуришди. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, улар ҳамон инсониятга қарши жиноятларни содир этишни давом эттиришмоқда, ўз мақсадларига эришиш йўлида ғайриинсоний нимаики иш бўлса, барчасини амалга оширишмоқда. Аслида ғайриинсоний, ғайриахлоқий ишларни амалга ошираётган бу қашқирлар галасини инсон деб бўладими? Бугун тинчликсевар инсоният уларнинг килмишларини якдиллик билан қоралаб турибди. Бу қора кучларнинг йўлини тўсиш учун барча амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Хўш, ИШИДчиларнинг асл мақсадлари нима? Мақсади — тинч яшаётган мамлакатлар халки ҳаётига қутқу солиш, шу йўл билан уларнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш, пировардида ўша маконларда ўзларининг таги пуч ғояларини сингдиришдан иборатдир. Тўғри, улар ислом дини номидан иш кўрмоқдалар, лекин бу тўдалар амалга ошираётган ишлар шуни кўрсатиб турибдики, уларнинг Ислом динига хеч бир дахли йўқ.
Чунки ислом ҳеч маҳал куч ишлатишга, зўравонликка, қотилликка, бировнинг жонига, халол молига тажовуз қилишга асло даъват этмайди. Бугун дунёнинг барча ислом уламолари якдиллик билан ИШИДчиларнинг тутган йўли, ғоялари бошдан адоқ пуч ва ботил эканлигини эътироф этишди. Демак, бу нарса шуни такрор ва такрор исботлайдики, ИШИДчиларнинг муқаддас ислом динимизга мутлақо дахли ҳам, алоқаси ҳам йўқ.
Эндиликда ИШИДчилар тинчликсевар инсониятнинг ғазаб ва нафратига дучор бўлмоқдалар. Бугун воқеа ва ҳодисалар тахлили шуни кўрсатмоқдаки, қўлида қурол тутган, мияси, ақл-идроки ёвузлик билан қуршалган бу қора тўдаларнинг мақсади барчага аён бўлиб қолди. Бу ёвуз тўданинг қилаётган ишлари инсон зотини ларзага солмоқда. Ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг: бегуноҳ одамни киприк қоқмасдан бўғзига тиғ тортиш, бу ишни совуққонлик билан амалга ошириш, заиф жинс вакилларини қул бозорида чиққан нархига сотиш, зўрлаш, бир вақтнинг ўзида бир неча жангарига хотинликка топшириш, бегуноҳ кишиларни тарихий ватанидан айириш учун киши ўта худбин, ёвуз, дийдаси қаттиқ, бир сўз билан айтганда, жаллод бўлмоғи керак. Аслида ИШИДчилар XXI асрнинг қонхўр жаллодлари сифатида майдонга чиқдилар. Эндиликда тарихчи- мутахассислар ИШИДчиларнинг бугун кенг ҳудуд бўйлаб амалга ошираётган қонхўрликларини Иккинчи жаҳон уруши йилларида гитлерчи фашистларнинг қилмишларидан-да ошиб тушаётганлигини эътироф этишмоқда.
Ироқ ва Шом тарафларда бўлаётган хунрезликлар ҳар бир кишидан хушёрлик ва огоҳликни талаб этади. Эндиликда “Менинг ҳовлим қишлоқнинг ҳов чеккасида, менга нима?” қабилида иш тутиб бўлмаслигини ҳамма билиб-сезиб турибди. Ақли бутун ҳар бир одам бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёр туриб баҳо бермоғи, қўлдан келганича ёмонликнинг йўлини тўсмоғи лозим.
Навруз Курбонов