Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тана савдоси
Бу сўз бирикмаси зикр қилинган ҳамоно фоҳиша ва зинокорлар эсга келади. Зино Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам ман қилинган, ҳаддан ўтган бузуқ ва оқибати хатарли нарсадир. Маънавий тубан, ўз қадрини поймол қилган аёл ва эркак бу йўлга юради. Зинокорлар нафақат ўзларини хонавайрон қилишади, балки улар туфайли элдан барака кўтарилади, қаҳатчилик юз беради.
Зино сабабли қотиллар пайдо бўлади. Улар бу йўлга кирган аёлларнинг ҳомилаларини олиш билан машғул. Қизлар, аёллар зино орқали, хиёнат сабабли ҳомила орттириб, қилар ишни қилиб бўлишгач, ўзларини бу “шармандалик юки”дан қутқарадиган “халоскор” излаб қолишади. Кимларнингдир воситасида излаб топганлари ўша кимсалар ҳомилани бурда бурда қилиб олиб ташлашади.
Ислом дини беш нарсани қаттиқ муҳофаза қилади: ақл, насл, жон, дин, мол. Шунинг учун Аллоҳ таъоло ана шу нарсага тажовуз қилганларга дунё-ю охиратда қаттиқ жазо борлиги ҳақида ҳам огоҳлантириб: “Зинога яқинлашманглар. Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят)
Нур сурасида “Зиёнкор аёл ва зинокор эркак-улардан ҳар бирига юз даррадан уринглар….”-деб, уларнинг бу қилмишларига бериладиган жазо нақадар оғирлигини айтади.
Одам сотган Абдуллоҳ
Бугунги кунда ер юзида қуллар қолмаган. Ҳамма ҳур. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида озод одам боласини сотиш қаттиқ қораланган: Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган, юқорида ҳам келтирганимиз ҳадисда: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло “Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўламан: Мен билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, баҳосини еган одамнинг ва одам ишлатиб, ҳақини бермаган одамнинг, дейди” дедилар”.
Чет элларга ишлаш учун кетганларнинг кўпларини бегоналар эмас, ўз юртдошлари, маҳалладошлари сотишганини эшитиб қоляпмиз. Қулнинг орзуси битта – озодликка чиқиш бўлгани сингари, ўша сотилган инсонлар ҳам кеча бўлсин, кундуз бўлсин, тутқунликдан қутулиб, ўз юртига қайтиш чорасини қидиришади. Бундай имкон туғилиши биланоқ фойдаланиб олишади ва уйига келишгач, ўша ўзини сотиб юборган “ишбилармон” танишидан, унинг оиласидан ўч олиш ҳаракатига тушишади.
Одам сотганлар эса, буни жуда яхши ҳис қилишгани учун юртига қайтолмай юришади. Қайтса, эл юрт олдида шарманда бўлишидан ташқари, яна қамоққа тушиб жазоланиш ҳам кутиб турибди. Шунинг учун улар ўша юртларда юришга мажбур. Лекин қилган қилмишлари эвазига хор зор бўлиш хавфи уларни ҳеч қачон, бир лаҳза бўлсин, тарк этмайди. Улар худди асаларининг эркагидек уйига қайтолмай қолиб кетишлари ҳам мумкин. Бундай шармандаликлардан Аллоҳ сақласин!
Ёлғон савдо
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғончи биздан эмас”, деганлар. Ўзини мўмин мусулмон ҳисоблайдиган кишига мана шу ҳадиси шариф кўп нарса беради. Бу улуғ қоида ва чегара. Гап сўзда бўладими, ишда, савдода бўладими, қатъи назар, мўмин инсон ёлғондан узоқда туради. Ёлғонни одат қилган киши энг аввало ўзига ёмонлик қилган бўлади; ёлғон аралашган жойдан барака қочади. Чунки ҳамма нарсадан хабардор Аллоҳ таоло ёлғончини яхши кўрмайди.
Кўплар ширин, чиройли ёлғон билан ишларини битириб юришга уста. Уларнинг шиори: “Э э, ишинг битгунча чўчқани “тоға” де!”. Йўқ нарсани савдо қилишиб, пулини олганлар, бузуқни соз деб, яримни бутун деб сотганлар, ўзиники бўлмаган нарсани пуллаганлар, бирор нарсани олиб, ҳақини бермасдан ё бир қисмини бериб, қолганини ўзлаштириб кетганлар, ўзларича фойда қилдим, деб ўйлашса да, аслида, катта зиён қилишади, ишидан, ризқидан, хонадонидан файз-барака кўтарилади, охиратда азобга гирифтор бўлишади. Чунки Аллоҳ таоло ёлғон аралашган иш ва гаплардан рози бўлмайди.
Пора савдоси
Мазкур савдо жаҳон мамлакатларини ўйлантириб турган катта муаммолардан биридир. Пора муомаласи барча динларда гуноҳ ҳисобланади. Икки олам саййиди Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) порадан қаттиқ қайтарганлар: “Пора берувчи ҳам, олувчи ҳам, ўртада турувчи ҳам жаҳаннамга ташланади”.
Порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Пора воситасида ноҳақлик ҳақ мақомига чиқиши боис жамият пароканда бўлади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, ривожи ва гуллаб-яшнашини, охирати обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши керак.
Хиёнат (хоинлик) савдоси
Хиёнат асло яхшилик келтирмайди. Хиёнатнинг тури кўп: дўстликка хиёнат, оиласига, жуфтига, яхши кўрганларига хиёнат, хўжайинига, шеригига, аҳдлашганларига хиёнат, ота она, ака ука, опа сингилга хиёнат, Ватанига, ватандошларига, динига, диндошларига хиёнат, омонатга, молга хиёнат, устозга хиёнат… Ҳеч бир динда, ҳеч бир давлатда хиёнат оқланмайди.
Ўқитувчи, ишчи хизматчи, шифокор, муҳандис ё бошқа соҳада ишловчи иш вақти ўз жойида бўлмасдан, ойлик маошини олса ҳам, хиёнат ҳисобланади. Чегарачи чегарада ухлаб қолса, бу ҳам хиёнат. Постда турган посбон ёки қоровул иш жойини ташлаб кетса, бу ҳам хиёнат. Солиқ олувчи солиқ тўловчи билан келишиб, солиқни камайтириш ҳисобига бир қисмини ўзи ўзлаштириб олса, бу ҳам жиноят, ҳам хиёнат. Ҳар хил иморат қурувчи ва таъмирловчилар, йўллар қурувчилар ва таъмирловчилар ёхуд бошқа соҳаларнинг масъуллари қилинмаган ишни қилинди деб, ёки оз харажат қилинган жойга кўп харажат кўрсатиб, давлатнинг пулини ўзлаштирса, гарчи буни бошқалар билмай қолса да, хиёнат, жиноят, ўғрилик ва гуноҳнинг каттасини қилган бўлади.
Ўзини ақлли деб санайдиган одамга кетидан жазони жалб қиладиган амаллар қилиш ҳеч тўғри келмайди. Унинг билатуриб, бундай қилиши худди “Қамоқхонага ҳам одам керак, дўзахга ҳам одам керак, мен ана ўшандайлар тоифасиданман” деганидай бўлади. Бу гапларни айтишдан мақсад – мазкур икки жойга дўстларимиз ҳам, ётларимиз ҳам тушмасин. Ҳаммамизнинг муроду ниятимиз мана шу нуқтада кесишуви керак.
Абдурахмон Хурсандов-“Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби