Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳишом ибн Абдулмалик ҳаж қилиб, Ҳарамга келди. Ҳарамга киргач, «Саҳобалардан бирортасини олиб келинглар», деди. Саҳобалардан ҳеч ким қолмаганини айтишган эди, тобеинлардан бирор кишини олиб келишни буюрди. Шунда унинг олдига Товус Ямонийни олиб келишди. Товус унинг ҳузурига кириб, оёқ кийимини гиламга ечди, мўминларнинг амирига салом бермади, унга «амирул муъминин» деб мурожаат қилмади, изн сўрамасдан ёнига ўтириб олди-да, «Аҳволинг қалай, Ҳишом?» деди. Халифа бундай муомаладан қаттиқ ғазабланиб, ҳатто хаёлига Товусни қатл қилдириш ҳам келди. Шунда ёнидагилар: «Эй мўминларнинг амири, сиз Аллоҳнинг ҳарамида, қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳарамидасиз. Бундай қилиш мумкин эмас», дейишди. Халифа бироз ғазабидан тушгач, «Эй Товус, нима учун бундай қилдинг?» деб сўради. «Нима қилибман?» деди Товус. «Оёқ кийимингни гиламимнинг устига ечдинг. «Эй мўминларнинг амири» демадинг, куням билан чақирмадинг. Изнимсиз олдимга ўтириб олдинг, яна «Аҳволинг қалай, Ҳишом?» дединг. Товус: «Оёқ кийимимни гиламинг четига ечганим шуки, мен уни ҳар куни беш марта Аллоҳниг ҳузурида, яъни масжидда ҳам ечиб қўяман. Менга танбеҳ бериб, ғазаб қилма. «Мўминларнинг амири» демаганим шуки, амирлигинга барча мўминлар ҳам рози эмас. Шунинг учун ёлғончи бўлиб қолишдан қўрқдим. Куня билан чақирмаганимга келсак, Аллоҳ азза ва жалла Ўз пайғамбарларини «Эй Довуд», «Эй Яҳё», «Эй Ийсо» деб атаган, лекин душманларига эса куня билан, масалан, «Абу Лаҳаб» деб хитоб қилган. «Изнсиз ўтириб олдинг» дединг. Мен мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Дўзах аҳлидан бўлган кишини кўрмоқчи бўлсанг, ўзи ўтириб, атрофидагилар тик турган кишига қарагин», дега»лар».

Ҳишом ибн Абдулмалик Товуснинг жавобларига тан бериб, ундан насиҳат сўради. Товус: «Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Жаҳаннамда хачирлардек илону чаёнлар бўлади. Улар раиятига адолатли бўлмаган амирларни чақади», деганлар», деди-да, ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди».

«Солиҳлар гулшани» китобидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here