Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол

Ўн йилдан буён фарзанд кўрмаётганимиз сабабли бола асраб олиш ниятимиз бор. Шариат бўйича асранди боланинг ҳам анча-мунча ҳуқуқлари бор деб эшитдик. Шулар ҳақида батафсилроқ маълумот берсангизлар.

Маърифатхон

Бувайда тумани

 

Бошқа ота-она қарамоғига, «фарзандлигига» олиб тарбия қилинган бола Ислом фиқҳида «асранди бола» дейилади. Етимни ёки қийинчиликда қолган оиланинг боласини олиб, шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш жуда ҳам савоб иш. Лекин Қуръони Каримнинг (Аҳзоб сураси, 4-5-оятлар) ҳукмига кўра, бировнинг боласини «ўз фарзандим» дейиш ҳаромдир. Бундай қилган одам гуноҳкор бўлади. Тутинган ўғил фарзанд ўрнига ўтмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тарбияга олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ҳақиқий отаси номи билан чақиринг деб тўғри йўлга ҳидоят қилади. Мабодо асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким экани номаълум бўлса, улар сизга Ислом дини бўйича «қардошларингиз ва дўстларингиздир». Илоҳий ҳукм «дин қардошим» ёки «дўстим» деб мурожаат қилишга буюради, «ўғлим», «фарзандим» деб мурожаат қилиш дуруст эмас.

Инсон наслини сақлаб қолиш асосий исломий масалалардан бири бўлганидан никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина шаръий ҳукмлар юритилган. Булар ҳаммаси инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин ва шаффоф бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб қолади. Инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-ҳариш ишлар юзага чиқади: маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади; бир куни келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши эҳтимоли бўлади; мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ҳам ўнглаб бўлмас хатолар юзага келиши мумкин. Шунинг учун ҳам Исломда бу иш ҳаром қилинган. Айни чоғда, асранди бола бировни «отам» деб танлаши ҳам катта гуноҳдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ўзи билиб туриб отасидан бошқанинг боласиман деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», деганлар (Бухорий ва Муслим ривоят). Шариатда никоҳ ва мерос масалаларида бундай болалар асраб олган оила учун бегоналар билан баробар. Масалан, бир оилада асранди ўғил вояга етса, шу оиладаги «сингилга» уйланиши мумкин. Маълумки, ўз пушти камаридан бўлган ўғлининг хотини, яъни келини ота учун абадий маҳрам саналади, лекин асранди боланинг хотини тутинган «ота» учун фақат вақтинчалик маҳрам бўлади. Агар асранди фарзанд хотинини талоқ қилса, тутинган ота унга уйланиши мумкин. Худди бегона бир аёлга уйланганидек. Чунки асранди ўғил насл-насаб жиҳатидан ҳеч қачон ҳақиқий фарзанд каби бўлолмайди.

 

«Тафсири Ҳилол», 4-жуз

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан олинди.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here