Муқаддас ислом динимизда ўзаро мехрибонлик, сахийлик, қийналган кимсаларга ёрдам бериш ва хожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинади. Дархақиқат, инсон нафақат ўзи хақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан хам, хамнафас бўлиб яшаш керак, чуни Аллох таоло чин мўмин–мусулмонларни Қуръон каримда шундай таърифлаган: Яъни: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллохдан қўрқингиз, шояд рахим қилинсангиз” (хужрот сураси 10-оят) яна бир ояти каримида шундай келади, яъни: “Мўминлар ва мўминлар бир бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадиллар, ёмонликдан қайтарадилар.” ( тавба сураси 71-оят) бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в) хам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар: Яъни “мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустахкам ушлаб турган бино сингаридур” (Имом Бухорий ривояти). Демак биз бир жамиятда яшар эканмиз, кундалик хаётимизда қўни-қўшни, дўст ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани бўлади. Бундай холатдаги инсонларни дардини эшитиб ва имкон даражасида кумак бериш мўминлик вазифаси хисобланади. Бу хақида Шайх Саъдий Шерозий хам “Гулистон” китобида қуйидаги ибратли байтни келтирган Яъни: Бани одам аъзолари гўё бир тандир Чунки азал яратилиши бир гавхардандир Қачонки бир азога оғриқ етади Бошқа хамма азоларда тинчлик кетади Гар ўзгалар ташвиши-ю ғамини емассан, Одамийлик исмига лойиқ эмассан Имкониятимиз бор экан, иложи борича ўзгаларга манфаатимиз тегадиган ва мухтожнинг хожатини чиқарадиган ишларни қилиб олишимиз керак бўлади. Куч қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида хеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга хам олмай, юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллохга ёлвориб “ Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солех(банда) лардан бўлсам!” дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч –қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, хайр-эхсонни қилиб, ўзгаларни хожатини чиқариб солех кимсалардан бўлиб олиш керак. Ана ўшанда ўлим элчиси келса, хеч нарсадан қўрқмай, хеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Демак, вақтида Аллох талло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в) боқувчиси йўқ ва мискинларга ёрдам берган кимса хақида шундай деганлар: Яъни “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-харакат қилувчи киши худди аллох йўлида жидди жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)” (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти). Қавму қариндошлар ва махалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларнинг холидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш хам мўминнинг оғирини енгил қилишликка киради. Нафақат моддий ёрдам балки, маънавий ёрдамга мухтожларни хам эътиборимиздан четда қолдирмаслигимиз керак. Қавму ва қариндош ва махалла кўй ичида адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган кимсаларга ёрдам қўлимизни чўзиб, улар билан самимий муносабатда бўлишимиз лозим. Бу хақда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дедилар яъни: “Ким одамларни хидоят йўлига чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрича савоб бўлади. Ким одамдларни залолат йўлига чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гунохларича гунох бўлади” (Имом муслм ривояти). Демак, хар бирмиз моддий ва маънавий кўмакда бардавом бўлсак юқорида баён қилинган улкан савобларга эришамиз. Энг савобли ишлардан яна бири етимини кафолатига олишдир. Бунга берилган ажру мукофотлар хақида Пайғамбаримиз (с.а.в)дан кўплаб хадислар келган. Жумладан у зот машхур хадисларида шундай деганлар, яъни: “Мен ва етимини ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, -деб кўсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар. (Имом Бухорий ривояти.) Кейинги пайтларда етимларни бошини силаб, савоб топиш ўрнига тирик етимларни кўпайтириб ўз фарзандларини таъминламаётган оталар учрамоқда. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шаротида яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг рохатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларни қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!? Жамиятда гохида оилаларнинг бузилиши хам учраб туради. Шунда болалар ё отсиз, ё онасиз бўлишга мажбур бўлади. Хўш мана шундай холатда болаларни ким таъминлаш керак? Болани ўзи билан олиб кетган онами, ёки боладан ажраган отами? Аллох таоло Қуръони каримда шундай деб мархамат қилади: Яъни: “Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадур…” (Бақара сураси 233-оят) Афсуски кейинги вақтларда айим кишилар ўз фарзандлари олдидаги оталик бурчини англаб етмасдан нафақат динимиз кўрсатмасига амал қилмай гунохкор бўлмоқда, балки давлатимизнинг қонуни олдида хам жавобгарликка тортилмоқда. Натижада зиммаларидаги моддий таъминоти пулларини (алиментларини) мажбурий равишда ундиришгача борилмоқда. Бу эса, фарзандлар олдидаги ота-онанинг бурчлари борасидаги миллий ва динний қадрятларимизга эътиборнинг сустлашгани фарзандларимизни комил инсон сифатида тарбия қилишимизга салбий таъсир кўрсатиб, ота мехри ва эътиборисиз носоғлом мухитда улғаяётган, молиявий чекланганлиги туфайли қўшимча таълим–тарбия олиш имкониятига эга бўлмаган болаларимизнинг сони ортишига сабаб бўлмоқда. Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, хозирги кунда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланаётган нафақалар (алимент) дан ота бош тортиши жойиз эмас, балки боласини моддий ва маънавий жихатдан таъминлаш шаръан унинг бурчидир. Аллох таоло барчамизни ўз зиммасидаги бурчларини тўлиқ бажарувчи бандалардан қилсин.

Музработ туман Бош имом-хатиби Б.Қосимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here