Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, бир қиз тушида кўрган эмишки, Қуръони Каримдаги Бақара сурасининг 6 – 7-бетида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг киприклари бор эмиш ва уни қайнатиб ичилса, ҳозирги кунда инсониятга таҳдид солиб турган Коронавирусга шифо бўлар эмиш.

Ушбу хабарлар мутлақо асоссиз ёлғон ҳисобланади. Сабаби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни тушда кўриш камдан-кам мўминларга муяссар бўлади. Бўлганда ҳам бундай вазиятда, бу тахлитда насиҳат қилмайдилар. Иккинчидан, у зоти бобаракотнинг киприклари ҳам бу кунгача сақланмаган. Сақланганда ҳам, ҳар бир Қуръондан чиқиши ақлга сиғмайдиган ишдир. Бу – фитначиларнинг вазиятдан фойдаланиб уюштираётган навбатдаги фитнасидан бошқа нарса эмас. Чунки, мазкур хабарга ишониб, эргашган одам ушбу мудҳиш касалдан қутулмаса, динимизга, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлиши – фитначиларнинг мақсадидир. Шунинг учун ҳамюртларимизга тавсиямиз, турли хил бўлар-бўлмас, асоссиз маълумотларга ишониб кетавермасинлар, тарқатмасинлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Бинобарин, ҳар қандай маълумотга ишониб, қарор қабул қилавериш дунё ва охиратда пушаймонга сабаб бўлиши мумкин. Текширилмаган хабарни тарқатган одам ҳам айни гуноҳга шерик бўлиб қолади. Маълумотни олиш ва аниқлашда аввало, ҳар бир соҳанинг ўзининг мутахассисига мурожаат қилиниши керак. Бундан кейинги ҳаётимизда ҳам содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиришда мутахассислар фикри ва расмий хабарларга мурожаат қилишимиз лозим.

М.Ҳошимхонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилояти вакиллиги ходими 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here