Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов секторлар раҳбарлари, мутасадди ташкилот ва муассасалар бошлиқлари иштирокида фаолиятида муаммога дуч келаётган тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳафтанинг ҳар жума куни тадбиркорлар билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилгани хусусий сектор вакиллари фаолиятида учраётган муаммоларга ечим топиб, уларнинг қонуний талабларини ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаб, тадбиркорларнинг янги-янги ғояларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ташкил этилган “Тадбиркорлар қабули” да ҳам икки юзга яқин муаммоли масала ўртага ташланди. Бу масалаларнинг аксарияти мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиб, ечими топилди. Муддат талаб этиладиган таклиф ва масалаларни ўрганиб ҳал этиш юзасидан тегишли тадбирлар белгиланди. Ижроси қатъий назоратга олиниб, уларни ечиш юзасидан зарур ишлар амалга оширилмоқда.
– Тадбиркорликнинг нони ширин, аммо меҳнати оғир, – деди вилоят ҳокими учрашувда. – Буни яхши биламиз. Сизлар ҳам кейинги йилларда соҳа вакилларини ўйлантираётган масалаларни ечишнинг шаффоф усуллари яратилганидан хабарингиз бор. Шу боис талабларингиз қонунга зид бўлмаса, биз бажонидил уларнинг ечимини топамиз. Ўртага ташлаган масалаларингизни ҳал этиб берамиз. Масалан, ер ажратиш очиқ, барча учун тенг шароит яратилган ҳолда электрон аукцион орқали амалга оширилмоқда. Лекин, ҳали ҳам айрим тадбиркорларимиз ҳосилли ерларни сўраб, мурожаат этаётир. Эндиликда балл бононети юқори ҳосилдор экин майдонларидан хусусий сектор учун ер ажратилмайди. Аксинча, ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонлари асл ҳолига қайтарилади. Кредит бериш ҳам соддалаштирилиб, ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга чек қўйилди. Агар тижорат банки раҳбари сизнинг қонуний манфаатингизни ҳимоя қилмаса, биз бундай раҳбарларга нисбатан тегишли чора кўришга мажбур бўламиз. Ўйлайманки, бу гаплардан тўғри хулоса чиқарасизлар.
Учрашувда элликдан ортиқ тадбиркор ўзини қийнаётган масалалар юзасидан вилоят ҳокимига бевосита мурожаат этди. Очиқ, юзма-юз мулоқот чоғида ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида ер ажратиш, қурилишга рухсат бериш, тижорат банкларидан кредит олиш, олинган кредит маблағининг тўлов муддатини узайтириш, фермерлик фаолиятини тиклаш ва бошқа бир қатор масалаларда муаммолар борлиги кўзга ташланди.
Термиз шаҳридаги “Мебелсавдо” оилавий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотларига маҳаллий бозорда катта қизиқиш бор. Ўн киши меҳнат қилаётган корхона жамоаси ўтган йили вилоятдаги қатор ташкилот таълим муассасаларини замонавий мебеллар билан жиҳозлаб берди. Бироқ, ҳозиргача маблағни тўлиқ ундириб ололмаётир. Шу боис мижозлар билан оилавий корхона ўртасида бир миллиард сўмликка яқин қарздорлик юзага келган. Бу оилавий тадбиркорларнинг фаолият юритишига таъсир этмоқда.
Мазкур мурожаат жойида ўрганилиб, қайси ташкилот ва муассасанинг қанча қарзи борлиги таҳлил қилинди. Тадбиркорнинг масаласини қисқа кунларда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.
Деновлик тадбиркор аёл Ф.Раҳманова туман марказида хусусий мактаб қуриш ва бунинг учун тижорат банкининг кредит маблағига эҳтиёж сезаётганини маълум қилиб, мурожаат этди. Тижорат банки анчадан буён кредит маблағи ажратишни пайсалга солаётганини таъкидлади. Бу масала ҳам атрофлича муҳокама этилгач, тадбиркор аёл сўраётган 4 миллиард сўм маблағ тез кунларда ажратиб бериладиган бўлди.
Тадбиркорлар қабулида ўртага ташланган таклиф ва муаммоларнинг аксарияти жойида ечимини топди. Амалдаги қонун ва тартибларга мос келмайдиган таклифлар қатьий рад этилди. Ечилиши маълум вақт талаб этадиган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларига аниқ вазифалар юклатилиб, ижроси вилоят ҳокими томонидан назоратга олинди.