Албатта, ҳар бир киши учун Ватан сўзи муқаддас калимадир. Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади ва у жой жуда қадрли ва қимматли даргоҳ бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир.

Пайғамбаримиз (с.а.в)  “Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” деб марҳамат қилганлар.

Дарҳақиқат, хотиржамлик улуғ неъмат. Буни қўшни мамлакатлардаги кишилар келганда бир сўраб кўрингда. Улар бу тинчлик неъмати ҳақида кўзларида ёш олиб гапиришади. Тинчлигимизни сақлаб турганлар ҳақида Расулуллоҳ с.а.в.нинг ушбу муборак ҳадислари бор:

Лайлатул Қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабар берайинми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси

Мана ҳозир кўчалар тинч, шаҳар тинч. Бу неъматларни инсон ҳар доим эътироф қилиб туриши керак. Бу нимадан осойишталигимиз посбонлари, чегарада турган аскарларимизнинг ҳушёрликлари, қолаверса Юртбошимизнинг олиб бораётган одилона-оқилона сиёсатлари буларнинг барчаси мана шу хотиржамлик неъматига олиб келмоқда.

Ҳадисда:  “Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди” дейилган.

Ношукр инсонлар орамизда учраб туради. Уларга парво қилманг, чунки уларни Худонинг Ўзи уриб қўйган. Уларда шукр қилишлик неъмати йўқ. Улар доимо Аллоҳнинг ғазабида. Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек:

Кимики эрталаб дунёдан хафа бўлиб уйғонса, Аллоҳнинг ғазабида уйғонибди. Кимики эрталаб озгина қийинчиликларга ношукрлик қилиб турса, ношукрчилиги Аллоҳга етади” деганлар.

Азиз биродарлар, кўпроқ дуо қилайлик Аллоҳ таоло бизларга берган неъматларини янада зиёда қилсин, иймону қадриятларимизни қайтишига сабаб бўлган мустақиллигимиз қиёматга қадар давом этсин. Юртимизни ёмон кўзлардан, фитнаю фасодлардан, балою офатлардан, душманларнинг ёмонлигидан Парвардигорнинг ўзи асрасин!

Агар бир банда ҳар луқма тановул қилаётганида ва ҳар ҳўплам ичимлик ичаётганида Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ таоло ўша бандасидан албатта рози бўлади

ҲИКОЯТ: Олдинги замонларнинг бирида Аллоҳ таоло бир пайғамбарга ваҳий юбориб дебди: “Фалончи икки умматингга бориб айт (улар иккаласа эру хотин экан) бундан кейин улар 60 йил яшайдилар. Шу қолган ярми умрини фароғатда, ярмини машаққатда ўтказишади. Улар танлашсин аввал машаққатни танлашадими ёки фароғатними?” Шунда пайғамбар бориб ўша эру хотинга илоҳий ҳукмни айтиб берибди ва танлашлик ихтиёрларини ҳам тушунтирибди. Эри хотинига маслаҳат солибди: “Хотин, аввал машаққатни танлайлик, чунки ҳозир бизлар ёш ҳар қандай машаққатни кўтара оламиз, эрта қариганимизда мазза қилиб кейин фароғатда яшаймиз” дебди. Хотини: “Йўқ, аввал енгилликда яшайлик, чунки хайрли ишлар қилиб қоламиз, кейин қолган умримизда қариндошлар, қўни қўшнилар ёрдам бериб қолар” дебди. Хуллас эр хотинининг гапига рози бўлибди. Улар аввал осон ҳаётни танлашибди. Шундай қилиб уларга Аллоҳ таоло аввал енгил ҳаётни насиб қилибди. Ҳар куни хотини эрига: “Дадаси туринг энди қолган умримизнинг 30 йили фароғат эканлигини биламиз шунинг шукронасини адо этайлик кейин машаққатда адо этолмаймиз”, деб улар иккаласи ҳар куни Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукронаси адо қилиб келдилар. 30нчи йилнинг охирги куни яқинлашганида эр хотинига: “Хотин, энди бундан буёғи фақат машаққат бўлади, бунга тайёр бўлайлик ва қолган умримиз бир биримизга суянчиқ бўлайлик”, деб насиҳат қилди. Эртаси куни, яъни машаққатли умрнинг аввалги куни ҳам аввалгидай ўтди. Шундай қилиб, ойлар ўтди йиллар ўтди-ки худди олдинги умрдек фароғатда, эру хотин бориб пайғамбардан сўрашибди: “Ахир бизлар қолган ярми умримизни Аллоҳ таоло машаққатли қилган бўлиши керак эди-ку, нима учун қолган умримиз ҳам аввалгидек ўтаяпти ёки бизлар санада адашдикми?” Пайғамбар икки ракаат намоз ўқиб Парвардигордан илтижо қилиб сўрабди, шунда Аллоҳ таоло пайғамбарига ваҳий юбориб: “Улар фароғатдаги умрида менга ҳар куни шукр қилишди, шунинг учун Мен уларнинг қолган умрини ҳам фароғатли қилиб қўйдим. Кимики Менга шукр қилса неъматимни зиёда қиламан”, деб марҳамат қилибди.

Аллоҳ таоло каломи шарифида  “Роббингизнинг (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир( 7.Иброҳим) деб марҳамат қилади.

 

Денов тумани “Абу Ҳанифа” жомеъ масжиди имом ноиби     Н.Холматов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here