Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58).
Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дедилар (Муслим ривояти).
Бошқа бир ривоятда эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).
Юқоридаги оят ва ҳадисларан кўриниб турибдики мўмин кишига қай тариқа бўлса ҳам озор беришлик гуноҳи кабира экан. Бугунги кунда баъзи бир кишилар шаҳид бўламан, савоб оламан деб ўйлаб жаннатмакон юртини ташлаб қонли ўлкаларга кетмоқдалар. Аммо улар савоб ўрнига қанчадан қанча гуноҳи кабираларни гарданларига олмоқдалар. Бунинг ҳаммаси илмсизлик, Аллоҳ таоло берган ақл идрокни тўғри ишлата олмасликдир. Аллоҳ таоло ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин. Амийн.
Бандихон тумани бош имом-хатиби Н.Махаммадиев