#Байрам
#Табри#Мақола
Байрамингиз муборак бўлсин
Маълумки, 1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.
Юртимизда Ватан ҳимояси каби улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” катта байрам ва шодиёна билан ўтказилади.
Муқаддас ислом динида “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривояти) деб ривоят қилинган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан ҳам шуни англаш мумкинки, Ватан ҳимояси йўлида олиб борилаётган ҳар қандай хизмат савобли амаллар қаторига киради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради” деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.
Бугунги кунда дунёнинг турли жойларида кескин тус олаётган вазиятда, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Сўнгги йилларда давлатимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам тубдан ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба берадиган жанговор қудрати йилдан йилга ошиб бормоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир ҳарбий хизматчининг билими, малакаси ҳамда руҳий тайёргарлиги оширилиб борилмоқда. Уларнинг оилаларига муносиб шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар, фарзандларини олий таълим муассасаларига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилиш, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш ҳамда замонавий инфратузилма барпо этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, тинчлик бор жойга байрамлар ярашади, шунинг учун жаннатмакон диёримизда ушбу тинчликни таъминлаб келаётган ҳарбий хизматчиларни яна бир бор ушбу байрам билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва албатта масъулиятли хизматларида куч-қувват тилаб қоламиз.Аллоҳ таоло ўзи мададкор бўлсин
✍✍Ўзбекистон мусулмонлар идораси Сурхондарё вилояти вакили А. Сайфидинов