Қиз бола тарбияси алоҳида диққат-эътиборни, меҳр-у парвоналикни талаб қилади. Қиз бола тарбиясига жуда кичкиналигидан эътибор билан қараш керак, дея ҳисоблайман. Ўзбек хонадонларида қадимдан қизлар тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Уларнинг одоби ва тарбияси доимий диққат марказида бўлган. Шундай экан, мен ҳам она сифатида қизлар тарбиясига оид ҳаммамизга аён, аммо ҳар вақт ҳам етарли эътибор берилмаётган масалалар ҳақида фикр билдиришни лозим топдим.
Халқимизда қиз боланинг бахти, кўп жиҳатдан она тарбиясига боғлиқ эканлиги уқтирилади. Қиз бола уй ишларини бажаришда онасига дастёрлик қилади. Унга ўхшаб иш қилишга тиришади. Она қизини кучи етган ишларга солиб, ёши ўсган сари юмушларнинг тури, ҳажмини кенгайтириб боргани маъқул. Қизга иш буюрилганида, уни осон ва тез бажариш йўли кўрсатилса, яна ҳам яхшироқ бўлади.
Она озодаликни, саранжом-саришталикни, хушсуханликни севса, куйди-пишди, меҳмондўст, меҳрибон бўлса, қиз бола ундай уйда яйраб-яшнаб, эркин ўсади. Ҳар бир аёлнинг ҳаёт тарзи, юриш-туриши, эрига, қайн-бўйинларига муносабатлари, рўзғор тутиши, иффат-андишаси фарзандларига, айниқса қиз болага ибрат бўлиши керак.
Ота-оналар қизларининг келажаги ҳақида кўпроқ қайғуришлари лозим. Қизлар уй юмушларига кўпроқ тортилса, ёшлигидан эпли қилиб тарбияланса, уйни йиғиштириш, ҳовли ва кўчаларни супуриш, кийим тикиш, тўқиш, озиқ-овқат харид қилиш, таом тайёрлаш, меҳмон кутиш, дазмол босиш ва кўплаб бошқа юмушларга кўникма ҳосил қилади.
Қиз бола эртами, кечми униб-ўсган хонадонидан бошқа жойга келин бўлиб тушади. У ерга борганида қоқилмаслиги, гап эшитмаслиги, ували-жували бўлиб кетишини ўйлаб иш тутиши муҳимдир. Қиз бола уйида одобни яхши олса, мулойим, ширинсухан бўлса, борган жойида ҳам шундай муносабатларга риоя қилади ва оила ҳурмат-иззатига эришади.
Баъзи ота-оналар кап-катта қизларини талтайтириб, уй-рўзғор ташвишларидан, турмуш қийинчиликларидан четда тутадилар. Она бутун қийинчиликларни ўз бўйнига олади. Шундай қилиб, уқувсиз, нўноқ, ҳеч ишда йўқ қилиб ўстирадилар. Қиз бола меҳнатда чиниқиши керак. Қиз бола ўзини бачканалаштирадиган нарсалардан холи бўлиши, ҳамма ерда доим ўзини содда, камтар ва сипо тута билиши, муомалада ширинсўз, шунингдек, ҳаёли, андишали бўлиши, ҳаёт масалаларини ҳал этишда ақл-идрок, фаросат билан иш юритиши керак.
Қиз бола учун ўзининг табиий чиройини упа-элик билан бўяш, сунъийлаштириш бемаъниликдир. Қўша-қўша тақинчоқлар, қиммат кийимлар қиз болага чирой бермайди.
Латофатлилик, солихалик – аёлнинг олий зийнати, унинг учун бундан-да ортиқроқ зеб йўқ. Латофат барча гўзалликларни ўзида жамловчи ва барча кўркамликларни юзага чиқарувчидир. Солиха қизларни ҳамма ҳурмат қилади. Оилада, рўзғор тутишда, меҳмон кутишда хулқ-атвори ва инсоний фазилатлари билан ажралиб туради. Мехнаткаш қизларни дастурхон тузаш маҳорати, чой қуйиши, уй ва ҳовлиларни тоза ва саранжом ушлашларидан билиб олса бўлади.
Қизларга мулойимлик ярашади. Мулойимлик инсоннинг инсонлигини билдирадиган омиллардандир. У ҳурмат билан мурувватдир, ҳушёрлик ва софликдир. Оғир, босиқ, мулойимлик билан самимий муомалада бўлиш аҳлоқ-одобнинг юксак фазилатидир.
Хулоса қилиб айтсак, онанинг қалбидаги дарёдай меҳр ҳар қанча фарзандни ардоқлашга етади. Фарзандларимизни, шу жумладан, қизларимизни она учун ҳам, жамият учун ҳам фойда етказадиган меҳнатсевар, билимдон, юксак маданиятли, ақлли, доно, оила бошқарадиган этиб вояга етказиш сиз билан бизнинг бурчимиздир.
Аммо бунда меҳрнинг ўзигина кифоя қилмайди. Унга, албатта талабчанлик қўшилиши зарур. Шундагина қизлар келажакда яхши уй бекаси, фаол жамоатчи, яхши мутахассис, лобар келин, солиха аёл, меҳрибон она бўла оладилар.
Ота-оналарнинг: «Сепли қизим бўлгунча, эпли қизим бўл» – дея қизларига насиҳат қилишларининг боисиям шунда бўлса керак.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Хосият Қосимова