Қуръон ва суннатда келган аёлларга оид оят ва ҳадислар!
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 19-оятида эркакларга мўмина аёллар билан муомала қилиш тарбиясини берди: “……Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.
“…Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир…” (Бақара сураси, 228-оят), деб баён қилинган.
Ҳадиси шарифларда аёллар хусусида шундай келтирилади:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига айтадилар: “Онангни лозим тут, Албатта жаннат унинг қадамлари остидадир”. (Насоий ва Аҳмад ривояти, ҳасан ҳадис).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки онасининг икки кўзи орасидан ўпса (бу амали) у учун дўзахга тўсиқ бўлади”.
“Аллоҳ таоло аёлларга яхши муомала қилишларингизни тавсия этади, чунки улар оналарингиз, қизларингиз, холаларингиздир…”
(Табароний ривояти)
“Аллоҳнинг наздида бандаларнинг энг яхшиси ўз аҳли аёлига фойдаси кўпроқ тегадиган кишидир”
(Ибн Можа ривояти)
“Хотиннинг эрдаги ҳақлари: Эр овқатланганда хотинини ҳам овқатлантириш, ўзи янги кийим кийса, хотинга ҳам янги кийим олиб безантириш, юзига урмаслиги, ҳақорат қилиб сўкмаслиги, аразлаганда узоққа кетиб эмас, фақат бўлак ётишлигидир”
(Аҳмад ривояти)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса-ю, у уларнинг хар-хашаларига, оғирликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур» , дедилар. Бир киши: «Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради. «Иккита қизи бўлса ҳам» , дедилар. Бир киши: «Биттта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради. «Битта бўлса ҳам», дедилар». Яна бир ривоятда: «Ёки уч синглиси бўлса-ю» , деб келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Кимнинг бир қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутулиб, жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади».
Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.
Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани «Қорлиқ» жомеъ масжиди имом хатиби Турдиев Ҳамидуллоҳ