Хотиннинг эрга нисбатан вожиботлари ҳақида сўз юритамиз. Абу Умома розийаллоҳу анҳудан ривоят этилади: «Мен Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитдим. У зот марҳамат қилиб: «Бир киши иккинчи бир кишига сажда этиши жоиз бўлганида, эрнинг хотинга бўлган ҳаққининг улуғлигидан уни эрига сажда этишга албатта амр этган бўлардим», дедилар». Абу Довуд ўз «Суннат»ларида ривоят этганлар. Бу қисмдаги ҳадислар эрнинг хотинга нисбатан кўп ҳақ ва ҳуқуқларини таъкидлайди. Буларнинг иккитаси муҳимроқдир:
Биринчиси – ўзини номаҳрамдан эҳтиётлаб беркитиш ва эрининг манфаатларини авайлаб сақлаш.
Иккинчиси – қаноат. Салафи солиҳлар даврида хотинлар қаноатли бўлишган. Эр уйидан ташқарига ризқ-рўз топиш учун чиқмоқчи бўлса, аҳли аёли унга қарата: «Ҳаром топишдан эҳтиёт бўлинг. Бас, биз очлик ва йўқчиликка сабр этишимиз мумкин, аммо оташи дўзахга тоқат эта олмаймиз», деб айтишарди.
Хотинга вожиб бўлганлардан яна бири эрнинг молу-дунёсини исроф этмаслик. Агар унинг ризоси билан таом берса, эрига бўлган савобдек ўзига ҳам ажр бўлади, аммо унинг розилигисиз бўлса, эрига савоб, ўзига эса гуноҳ бўлади.
Турмушга чиқишдан олдин қизнинг онаси унга муошарат одобларини ўргатмоғи лозим бўлади. Хотин уйида ўтирмоғи ва чархи билан машғул бўлмоғи (яъни, уй юмушларини адо этмоғи… – тарж.) лозим бўлади. Қўни-қўшнилари билан оз сўзлашмоғи, эри йўқлиги вақтида улар билан кўп кирди-чиқди этмаслиги зарур. Эри бор ва йўқ ҳолларда унинг ҳаққини риоя қилиб сақламоғи вожиб. Ҳамма вақт эрининг хурсанд бўлишини исташи, ўзи ва унинг мол-мулки борасида уни ҳеч қачон хафа этмаслиги лозим. Эри маъқул кўрмаганларни уйига асло киритмайди. Эри рухсат этгандагина уйига киритади. Хотин ҳиммати-ҳаракатини ишларини чиройли бажариш ва уй тартибини саранжом-саришта этишга қаратмоғи зарур. Ҳовли-жойдаги мумкин бўлган ҳар бир ишни адо этишда қоим бўлади. Эри ва унинг барча қариндошлари ҳақларини ўзининг ҳаққидан муқаддам билади. Бу никоҳ китобининг охиридир
Я.Очилов
Термиз туман бош имомхатиби