(Сохта салафийларнинг қабр зиёратини ҳаромга чиқариши ва пайғамбар а.с қабрини зиёратини таъқиқлашларига раддия).
Расулуллоҳ (с.а.в) исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни тақиқлқган эдилар. Чунки ўша вақтда жоҳилиятнинг баъзи одатлари сақланиб қолган эди. Ўликларнинг қаҳрамонлигини мадҳ этиб мақтаниш, баланд овозда йиғлаш, бақир-чақирлар шулар жумласидан. Инсонларнинг қалбига исломнинг одоб-аҳлоқи ўрнашгач қабр зиёратига ижозат этилди. «Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади», дедилар. (Термизий ривояти) Пайғамбаримиз (с.а.в) ушбу ҳадис орқали зиёрат қилишнинг асосий ҳикматини эслатмоқдалар, яъни, охиратни эслаш, дунёга бўлган муҳаббатни сўндиради, манманлик, мағрурлик, кибр-ҳавони тарк қилади, ўлганларни кўриб ўлимни эсга олади, натижада охират ҳаракатини кўпроқ қилишга интилади. Ушбу ҳадиси шариф орқали Пайғамбар (с.а.в) қабрларни зиёрат қилишга нафақат изн балки тарғиб қилдилар. Оиша р.а дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в): «Жаброил келиб, менга: «Роббинг сени аҳли Бақиъга келиб истиғфор айтишингга амр қилди», деб айтди», дедилар. Оиша р.а айтади: «Уларга нима дейман, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. «Мўъминлар ва муслимлардан бўлган диёр аҳлига салом. Аллоҳ биздан ўтганларни ва қолганларни раҳм қилсин. Албатта, биз ҳам, иншаАллоҳ, сизларга қўшиламиз», деб айт», дедилар». (Муслим ривоят қилган) Ушбу ҳадисда қабристон аҳлига дуо қилиш, ёши ўтган аёлларнинг ношаръий ҳатти-ҳаракат қилмасдан, сабрсизлик ва додлаб йиғламасдан зиёрат қилишлари рухсат этилиши тушунилади.
Пайғамбар с.а.в қабрларини зиёрат қилиш хусусида Ибн Умар р.а дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в): «Ким менинг қабримни зиёрат қилса, менинг шафоатим унга вожибдир», дедилар (Имом Дорақутний ривояти). Яъни Ибн Умар р.а дан Расулуллоҳ с.а.в айтдилар «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, гўёки тириклигимда зиёрат қилгандек бўлур» (Имом Дорақутний ривояти). Демак ҳар бир қалбида Расули Акром (с.а.в)га чексиз муҳаббати бўлган мусулмон киши у зоти шарифнинг равзалари томон талпинади. Қабри шарифга юзланиб у зот билан юзма-юз туриб, у кишини кўриб тургандек тасаввур билан зиёрат одобларига риоя қилган ҳолда ул зотга ҳурмат билан салом бериб зиёрат қилишни орзу қилади. Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в): Бирор киши менга салом берса албатта Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан», дедилар. (Абу Довуд ривояти).
Барчаларимизни Расулуллоҳ (с.а.в) қабрларини зиёрат қилиш бахтини ва қабристонларни зиёрат қилиб ибратланишни насиб этсин!

✍️✍️Бойсун тумани “Пулхоким” жомеъ
масжиди имом хатиби: А.Тошматов

© O’zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati

ПОДЕЛИТЬСЯ
Олдинги мақола
Кейинги мақола

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here