Раддия Шахидлик ва худкушликнинг фарқи
Муқаддас ислом динимизнинг асосий дастури бўлган қуръони каримда бир неча ўринларда иснсон ўз жонига қасд қилишлиги қораланган.Ҳамда, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзининг муборак ҳадисларида инсонларни ўз жонига қасд қилишликдан қайтарганлар.Шу ўринда таъкидлаш лозимки,бирон кимса ўзини ўзи ўлдириши агарчи бир яхшилик йўлида деб ўйласа ҳам ,ёки дин йўлида бўлса ҳам шаҳид ҳисобланмайди,балки ўз жонига суиқасд деб аталади ва баҳоланади.Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деб марҳамат қиладилар:”Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса,қиёматда ҳам ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти)
Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг ўз жонига қасд қилиши ,ҳамда қонини тўкиши худди бошқаларнинг жонига қасд қилиши каби энг оғир гуноҳ ҳисобланади.Аллоҳ таоло муқаддас каломи бўлган қуръони каримда марҳамат қиладики: яъни,:”Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир.Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган )одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”(Моида сураси 32-оят). Инсон ўз жонига қасд қилишликнинг охиратдаги оқибатлари ёмондир.Муқаддас ислом динимиз таълимотига кўра,инсоннинг ўз жонига қасд қилиши улкан кечирилмас гуноҳ ҳисобланади.Бу ҳақда Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб марҳамат қиладики, яъни,”Ўзларингизни ўлдирмангиз ! Албатта Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир” (Нисо сураси,29-оят). Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига омонат ўлароқ ато қилган жон, яъни тирикликни фақат Ўзи ҳоҳлаган пайтда қайтариб олади.Жонни банданинг ўзи олишга ҳаракат қилиши-шошилиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликдир.Токи ажал вақти келгунича банда бу омонат жонни тўғри йўлда асраб-авайлаб ишлатиши керак.Бугунги тинч осойишта замонда яшаётган инсонларни ўз жонларига қасд қилишликдан қайтариш, ҳамда бу гуноҳнинг нечоғлик оғирлиги тўғрисида ўз умматларига таълим беришлик учун Сарвари коинот Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўтган умматлар ҳаётида бўлган воқеалардан ҳам мисол келтирадилар. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки, яъни,”Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди.У оғриққа чидай олмасдан,қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди.Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди.Шунда Аллоҳ таоло: ”Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди.Шунинг учун унга жаннатни харом қилдим”, деди”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).Динимиз ўз жонига қасд қилишга олиб борадиган йўлларни ҳам инсонлар учун беркитган.Масалан, мусулмон киши, ҳатто ўзига ўлим тилаши мумкин эмас.Чунки, амаллар солиҳ бўлиб, умрнинг узун бўлишлиги биз учун катта мукофот ҳисобланади.Сир эмаски, бугунги кунда интернет тармоғида ёшларга ўзини-ўзи портлатиш ва ўлдириш ғояларини сингдиришга уринаётган уларни ҳаёлий жаннат ваъдаси билан “шаҳид бўлиш”га чақираётган турли гуруҳлар кўпайиб бормоқда.Ваҳоланки, ислом динида ўзини портлатиш йўли билан ўзининг ва ўзгаларнинг жонига қасд қилиш катта гуноҳ ҳисобланади.Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан келтирилган ҳадисларда ўз жонига қасд қилганлар ёки ўзгаларни ўлдирганлар дўзаҳда абадий азобланиши айтиб ўтилган.Шунингдек, ислом динида ўзини ўзи ўлдиришга олиб келадиган, инсон умрига зомин бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат қилиш лозим эмаслиги таъкидланган.Мусулмон одам ўзини ўлдиришидан келиб чиққан гуноҳ уни алдаб шу йўлга бошлаган ва шунга тегишли ”фатво” берган шахсга ҳам тушади.Қуръони каримда “(Эй Мухаммад ), Айтинг :”Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат) лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайдилар)”, дейилган (Каҳф сураси, 103-104-оятлар). Айни вақтда , эътиқод йўлида ҳалок бўлганларга жаннатда жой ҳозирлаб қўйилиши унинг Аллоҳга яқин инсон бўлиши ғоялари ДЭО лар томонидан жангариларни маънавий-руҳий илҳомлантиришда айниқса ҳудкуш террорчилик ҳаракатлари содир этишни ташкил этишда кенг қўлланиб келинмоқда. Бугунги кунда бир неча хорижий мамлакатларда террорчилик гуруҳи даъватчиларининг сохта алдовларига учган ёш ўсмирлар, аёллар ўзларини портлатиб, ҳам ўзларининг ҳам бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар.Ислом динида шаҳидлик мартабаси ўзининг киндик қони тўкилган Ватани учун, муқаддас дини, имон-эътиқоди, обрў-эътибори, ўзининг, яқинларининг жони, мол-у дунёсини асрашлик йўлида зулм билан ўлдирилсагина бериладиган улуғ мақомдир.Ҳозирги вақтдагидек ислом динининг туб мазмун-моҳиятини нотўғри талқин қилаётган оқим аъзоларининг ёлғон ваъдалари-ю, даъватларига эргашиб ўзларининг, ҳамда ўзгаларнинг азиз жонларига қасд қилаётганларнинг ўзларини ўлдиришликлари шаҳидлик эмас, балки худкушликдир.Худкушлик-бегуноҳ инсонларнинг жонларига қасд қилиб террористларнинг найрангларига жавоб бериб, уларнинг қазиган чоҳларига ўзларини кўра-била туриб отишликлари оқибатида ўзини ва ўзга бир инсонни қасддан ўлдиришдир.Ана шу мудҳиш ишларни қилишликка даъват этаётганларни ҳам кутиб турган аламли азоблар охиратда бордир.Бугунги кун ёшларимиз бу каби диний масалаларни юртимиз уламоларидан сўраб-суриштириб ўрганишликлари учун кенг имкониятлар мавжуд.Фақатгина мана шу кўрсатилаётган тўғри йўлда оғишмай амал қилишликлари лозимдир.
Жарқўрғон тумани бош
имом хатиби Х.Рўзиев