Аксар миянг тўла илм,аммо уни омма қабул қила олмай қолади. Ҳамма нарсага ақлинг етади , лекин сени одамлар эътибор билан тинглаб, гапингни тушуниб олмайди.Сабаби нималиги билан қизиққанмисан?! Олимликнинг ҳамма поғоналаридан ўтган бир инсон бор. У жуда илмли,доно ва маданиятли киши. Бирорта кимса билан уришиб — жанжалганини ҳеч ким кўрмаган. Катта минбарларда маъруза қилади.Қоғозга қарамасдан жуда узоқ ва доно гапириши мумкин. Ҳар сафар бу инсонни жон — жаҳдим билан тинглашга уринаман. Унинг ҳамма гапи тўғри ва мантиқли , эшитаман, аммо бир паст аввал нима дегани эсимдан чиқиб кетади! Аммо бир Ҳадиси шарифда илмингни тушунтириб бера олсанггина олимсан дейилган. Хўш, бу доно инсон нега мақсадини менга етказолмаяпти? Нима учун уни тушунолмаяпман? Минбарни — муқаддас.Чунки у даъват нуқтаси, даъват эса халқни комиллик сари етаклашдир. Бу — маънавий тарбия, жамиятни соғломлаштириш,демак.Нотиқ аввал элнинг юрагига қулоқ тутиб, томирини тинглаб,дардини қаерда эканини обдан ўрганади,сўнг унга дори қўйиш учун минбарга чиқади. У ҳеч қачон вақтидан эрта келиб қолмайди .Долзарб муаммо, долзарб юмушлар учун ўз вақтида аниқ муолажалар тавсия қилади. Табиб беморни ўзига ишонтириш керак. Бемор унга ихлос қўйгандагина дорилари шифо бўлади.Хўш, нотиқ нима қилса тингловчининг ихлосини қозонади? Одамларни яхшиликка етаклаш ҳам ибодатдир.Ибодат эса таҳоратсиз бўлмас. Нотиқнинг таҳорати унинг руҳияти ва қалбининг тозалигидир. Кимки ўзини нотиқ санаб, аммо минбарга чиқиб — тушиб , кўпда ўзи яйрамаган ва бировни ҳам яйратмаган бўлса, мурожаатлари тошга сув сепгандай халққа сингмай тураверса, билингки, у таҳоратсиз юрагида , ниятида ғубори бор! Халқ сизга қулоғини-ю қалбини очиб бериши учун қуйидаги қатор шартларни бажаришингиз керак! 1.Ҳаётингизда ҳеч кимга бахиллик қилманг ва ҳеч кимдан нафратланманг. 2. Ўзгаларнинг айбини қидириш , қасд олиш деган нарса феълингиздан батамом ўчирилсин. 3. Қайси даврага киришингиздан қатъи назар, ҳамиша рўпарамда Хизр ё камида олимлар ўтирибди денг, гўё имтиҳон топшираётгандай ўзингизни йиғиштириб, борингизни бир мақсадга йўналтириб, масъуллик билан сўз айтинг. 4. Кибрли одамни халқ қабул қилмайди: минбарга чиқаётганингизда кўнглингизда “ ҳозир фалончидан ўткизиб гап айтаман ёки ҳаммани қойил қолдириб юбораман” деган ўй мутлақо бўлмасин! (Бу гаплар дарҳол сиз , биз билмайдиган йўллар билан эшитувчининг юрагига узатилади.) 5. Операция қилаётган жарроҳдай берилиб, ихлос билан нутқ ирод қилинг. 6. Минбардаги меҳнатингизга ҳаргиз тамада бўлмнг! 7. Ўзингиз амал қилмаган илмларни бировларга ўргатишга уринманг! 8. Яхшиликка хизмат қиладиган ёлғонни гапиринг, аммо иш битириш учун қора нарсани оқ деб таърифламанг. Мана шу шартларга амал қилсангизгина минбарга чиқинг. Бу гаплар сизга ножиддий кўринса, билганингизни қилинг ва натижасини кўринг. Агар нотиқ, нафақат нотиқ, элга атаб шеър ёзаётган, ҳикоя битаётган, илм ўргатиб мураббийлик қилаётган ёки куйлаётган одам ўз касбини маънан поклик билан олиб бормас экан, бир синоатни кўради: Аллоҳ у билан одамлар орасига бетон девор уриб қўяди, осмонча ихтиро қилган бўлса ҳам, бир вагон китобни бошига жойлаган бўлса ҳам, сўзи тошга теккандай қайтаверади. Сабаби, унинг феълида кирлиги, нафасида микроби бор, шунинг учун Аллоҳ унинг сўзини одамларгача етказмайди, бандаларини зарарланишдан асрайди. Қобилиятли бўлиб, илм ўрганиб, ундан ўзига фазилат юқтирмаган инсоннинг жазоси шу.
“хожа Кабул Ахбор” жомеъ масжиди имом хатиби А.Жўраев