Суннатга ва жамоатга эргашамиз, нодир ва хилоф нарсалардан ва тафрикадан четда бўламиз.
Шарҳ: “Суннат”дан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва рошид халифаларнинг йўллари.
“Жамоат”дан мурод мусулмонлар жамоаси. Улар сахобалар ва қиёмат кунигача уларга яхшилик ила эргашганлардир. Уларга эргашиш ҳидоятдир. Уларга хилоф қилиш залолатдир. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига, саҳобаларнинг ва уларга яхшилик ила эргашганларнинг йўлларига эргашамиз. Нодир ва хилоф нарсаларга эргашишдан сақланамиз. Шунингдек, хилоф равишда иш тутишдан сақланамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳоба ва тобеъинларнинг йўлидан юрган мусулмонлар жамоасидан ажрашдан сақланамиз.
“Ахли сунна вал жамоа” тушунчаси шудир.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:
“Айт: “Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир”. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
“Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ ҳидоят топибдилар. Ва агар юз ўгирсалар, демак, улар фақатгина ашаддий муҳолифликдадирлар” (Бақара сураси, 137-оят).
“Ким ўзига ҳидоят равшан бўлганидан кейин Расулга мухолифлик қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонига қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритиб, куйдирамиз. У қандай ҳам ёмон борар жой!” (Нисо сураси, 115-оят).
“Ўзларига очиқ-ойдин хужжатлар келганидан кейин бўлиниб, ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлманглар. Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 105-оят).
Ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам узун ҳадисларида жумладан қуйидагиларни айтганлар:
“Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофларни кўради. Бас, сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид — ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар. Уларни маҳкам ушлаб, озиқ тишлар билан маҳкам тишлангиз” (Абу Довуд, Термизий ва Насоий Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Термизий сахих, деган).
Ва яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Икки китобнинг аҳли динларида етмиш икки миллатга бўлиниб кетдилар. Албатта, мана бу уммат етмиш учта миллатга — яъни фирқага — бўлиниб кетади. Фақат биттасидан бошқа ҳаммаси дўзахдадир. Ўша биттаси жамоатдир деган сўзлари. (Ахмад, Табароний ва Хоким Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). (“Сахих ҳадислар силсиласи”,203/204). Яна бир ривоятда: “(Одамлар:) “У биттаси қайси, эй Аллоҳнинг Расули?! дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва саҳобаларим тутган нарса”, дедилар (Термизий “Иймон” китобида ривоят қилган ва Хасан деган).
Олтинсой туман “Хидиршо ота”
жомеь масжид имом хатиби: Абдусалом Султонов