“Закот” сўзи (арабча) луғатда “поклик”, “барака” ва “ўсиш”, маъноларини билдиради. Зотан, закоти берилган мол покланади, унга барака ато этилади ва у кўпайиб, ўсади.
Закот бермаган кишининг моли эса унинг ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради, баракаси қочади ва касодга учрайди. Қачон закотини берсагина покланади. Аксинча, йўқ.
Шаръий истелоҳда “Махсус молдан (яъни, нисобга етган молдан) махсус қисмини (яъни, шариат тайин қилган қисмини) махсус инсонлар (яъни, ҳақдорлар) учун Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ҳеч қандай манфаат эвазисиз закот ниятида мулк қилиб бериш”, демакдир.
Закот молиявий ибодат ҳисобланади.
У ҳижратнинг иккинчи санасида рўзадан кейин фарз қилинган.
Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَ أَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَ آتُوا الزَّكَاةَ ۚ وَ مَا تُقَدِّمُوا لِأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللَّهِ ۗ إِنَّ اللَّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرَ،
Яъни, “Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганларингизни кўрувчидир”.
“Бақара” сураси, 110-оят.
Закотнинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:
Закот инсоннинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини нечоғлик юксаклигини билдирувчи ибодатдир. Ушбу амал соҳиби Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ молидан фақир ва муҳтожларнинг ҳақларини бериши, натижада уларнинг оиласига кенгчилик ва қувонч олиб кириши натижасида Аллоҳ таолонинг розилигига эришади. Ҳавои нафсини жиловлашни ўрганади. Раббисининг розилигини ҳавои нафси ва қуруқ дунё матосидан устун, деб билади.
Шунингдек, закот жамият ўртасида ижтимой алоқаларни мустаҳкамлайди. Инсонни баднафсликдан асрайди. Натижада муҳтож ва фақир кимсалар билан бадавлат кимсалар ўртасида адоват, ҳасад, туҳмат, босқинчилик, тажовуз, ўғирлик мисол салбий муносабатлар авж олишининг олдини олади.
Мана сизга закотнинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!
Шеробод туман бош имом хатиби У.Буронов