Ислом таълимоти инсоннинг барча фаолиятини тўғри йўлга солиш, уни гўзал ва намунали мақомда шакллантиришга даъват этади. Афсуски бу илоҳий таълимот ҳамма томонидан бирдек муҳаббат билан ўзлаштирилмади, унинг йўриқларига етарли амал қилинмади, бунинг оқибатида одамлар кутилмаган тўсиқларга, қийинчиликларга, ғам-андухларга кўпроқ дучор бўлмокдалар. Фуқаронинг бахтсизлиги жамият ҳаётининг равонлигига путур етказади. Аллоҳ таоло инсонга тафаккур бағишлаб, уни ер юзидаги мавжудодлар орасида энг азиз ва мукаррам қилиб яратди. Худди шу тафаккур, ақл билан инсон яхшини ёмондан, эзгуликни ёвузликдан ажратиш қобилиятига эга бўлди. Худди шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонга сайёрамизни гуллаб-яшнатиш вазифасини юклади. Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: “Биз одам зотини мукаррам қилиб яратиб, қуруқлик ва сувда юрадиган қилиб, уларга ҳалол-пок ризқлар бердик ҳамда уларни кўп маҳлуқ отлардан афзал қилиб қўйдик” (“Исро” сураси, 70-оят). Инсоннинг аклий ва жисмоний камолоти кушандалари инсоният ўткир спиртли ичимлик ишлаб чиқаришни ўрганиб олгандан буён, унинг ўзи бу офат домига тушиб у  учун курашиб келади. Афсуски, даврлар ўтиши билан бу «кайфи ширин заҳар»нинг хилма-хил турлари яратилди. Булар илгаридан маълум бўлган май, шароб, бўза ва эндиликда кенг урфга кирган спирт, ароқ, коняк, вино, пиво ва бошқа шунга ўхшаш нарсалардан иборат бўлиб, барчаси инсон умрининг эгови ҳисобланади. Мазкур ичимликлар таркибида этил спирит бўлганлигидан истеъмол қилган кишини маълум муддатга сархуш килади. Бу одатни тез-тез такрорлаш эса кишининг алкоголь домига тушиб қолишига сабаб бўлади. Аллох таоло қуръони каримда шундай мархамат қилади “Эй Муҳаммад, сиздан ароқ ва қимор ҳақида сурайдилар. Сиз айтингки, буларда буюк гуноҳ бордир ва инсонлар учун бир оз манфаатлари ҳам бор ва гуноҳлари манфаатларидан кўп каттадир” (“Бакара” сураси, 219-оят).Бу оятдан кўринадики, май ичиш ва қимор ўйнаш ҳам оғир гуноҳлардан саналар экан. Бироқ оятнинг давомида қимор ва хамрнинг инсонлар учун фойдаси ҳам борлигини тасдиқловчи сўзлар келади. Уламолар бу фойдалар нима эканини ҳам баён қилишган. Хамрдаги фойда уни сотиб пул топишдадир, қимордагиси эса қиморбозлар ўша пайтда ютишса, камбағалларга бир оз маблағ беришар экан. Лекин гуноҳи фойдасидан кўра кўп эканлигини оятнинг охирида алоҳида таъкидлаб айтилгани кўпчиликни ҳам хамрни, ҳам қиморни ташлашга мажбур қилди. Бу оятда ишора билан эмас, балки очиқ айтилган: «Хамр улкан гуноҳ унинг одамлар кўзига кўринаётган жузъий фойдасидан кўра гуноҳи катта, у ҳаромдир». Уламоларимиз маст қилувчи нарсаларнинг орқасида қилинадиган хар-бир иш харом, ишлаб чиқариш, савдоси садақаси ҳам харомдир деганлар. Шунинг учун ҳам, жуда муккасидан кетмаган, таъсирчан кишилар бу ояти карима нозил бўлгандан сўнг хамр ичишни ташладилар.

Афсуски, хозирги даврда, хатто ўсмир-ёшлар, аёллар ўртасида ҳам ичкиликбозликка, гиёҳвандликка, кашандаликка ружу қўйиш ҳоллари учрамоқда. Инсон онадан ичувчи ёки кашанда бўлиб туғилмайди, албатта. Буни келтириб чиқарадиган бир қатор сабаблар мавжуд. Туғилган кунларни нишонлаш, чақалоқ дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган турли тадбирлар, фуқаролар ўртасида уюштириладиган ўтиришлар, битирув кечалари, хатна тўйлари, никоҳ тўйлари, қудачақириқ ва бошқа маросимларда спиртли ичимликларнинг тановул этилиши бу иллатнинг томир отиб кетишига сабаб бўлмоқда. Тўй тантаналари, хурсандчилик маросимларида шу шодиёна «гуноҳкорлари» шаънига мақтовлар айтилиб, кадаҳ кўтарилади, ёш-у қарига, аёл-у эркакка шиша ичида «беозоргина» турган оғуни ичиш таклиф этилади. Бу ҳолни тантанада иштирок этаётган ёш болалар кўриб-кузатиб турадилар. Катталарнинг бундай киликларини кўрган болада аста-секин ундан татиб кўриш иштиёқи уйғонади, Шундай килиб, оз-оздан хурсандчилик, кайф-сафони бошидан кечирган бола ичишга ўргана боради. Болалар ўртасида ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби тузалиши қийин бўлган вабонинг тарқалишига ота-оналарнинг ўз юмушлари билан ўта бандлиги, болаларни назоратсиз қолдиришлари, оилавий низолар, ортиқча бойлик орттиришга ружу қўйиш, боланинг керагидан ортиқ таъминланганлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда. Маълумки, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, турли наркотик моддаларни чекиш мамлакат тараққиётига, инсон камолотига салбий таъсир этади. Шунинг учун ичкилик ва нашавандликдан сақланишга даъват этилади.Спиртли ичимликлар инсоннинг маънан ва ақлан ривожланишига катта зарар етказади. Ундан ортиқча истеъмол килган киши на оиласи учун, на жамият учун фойда келтиради, балки уларга катта талафотлар келтиради. «Юсуф Хос Хожиб, Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Саъдий, Алишер Навоий, Бобур каби донишмандларимиз ҳам ичкиликбозликнинг зарарли оқибатларини кўрсатиб, одамларни унга ружу қўймасликка даъват этганлар.Хазрати Алишер Навоий ичувчи киши «ёмон итдек одамларга ўз-ўзидан ҳамла қилади. Уни шунчаки ёмон ит эмас, қопадиган ит деса ҳам бўлади. Ичишлик ҳам дард ўти, ҳам сувидир: ёки, у дўзах ўти ҳам тўфон сувидир… Бу ўтда тўрт унсургина ёниб, йўқ бўлиб кетмайди, ақл-у ҳис, дин-у ислом ҳам йўқолади, деганлар.Ичкилик одамни субутсиз, бебурд, ёлғончи, разил кишига айлантириб қўяди. У мияга қаттик таъсир этиб, жигарни, асабни ишдан чиқаради, юрак фаолиятини заифлаштиради.Ичкиликка берилган кишининг хаёти, албатта, фожиа билан тугайди. Бундай одам ор-номус, урф-одат ва мулозаматларни унутади, рахм-шафқат деган тушунчалардан узоқлашиб кетади, паришонхотир, нафосатсиз, дидсиз бир махлуққа айланиб қолади.

Тамаки ўсимлиги жаҳон миқёсида махсус экилиб кўпайтирилади. Тамаки гиёҳидан турли хилдаги сигаретлар, танасидан мохоркалар, шунингдек, нос ҳам тайёрланади. Тамаки гиёҳидан тайёрланган моддаларни чекиш инсон саломатлиги учун ўта зарарлидир. Кашандалар ва нос-кашларнинг аксарияти ўпка раки, асаб, бўғма касалликлари билан оғрийдилар. Кашандалик саломатлик учун ниҳоятда зарарли одатлардан саналади. Сигарет чекиш натижасида унинг таркибидаги никотин моддаси инсон аъзоларига кўзғатувчи таъсир кўрсатиб, қон босимини оширади, майда томирларни янада торайтиради, нафасни тезлаштириб, овқат хазм қилиш тизимининг ширасини кўпайтиради.Чекиш жараёнида никотин ва тамаки тутуни таркибидаги бошка моддалар инсон аъзоларини захарлайди. Чекувчиларнинг хадеб йўталадиган бўлиб қолиши ана шундандир. Кашандалик оғиз бўшлиғи, томоқ, нафас йўлларида ўсмалар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Чекувчи одам касал бўлганда унинг соғайиши хам оғир кечади.Чекиш мия қувватининг пасайишига олиб келади. Наркотик моддаларнинг қайси турини истеъмол қилишдан қатъи назар, ҳаммаси ҳам наслга ёмон таъсир этади, гиёҳванд аёл ёки эркакнинг фарзандлари туғма ногирон, майиб-мажруҳ, ақли заиф, жисмонан ривожланмайдиган бўлиб туғиладилар. Гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган киши организми уни вақтида қабул қилмаса туролмайди, бундай (наша, кўкнор, қорадори, кокаин, героин, кофеин ва бошқалар) моддаларга кучли эҳтиёж сезаверади. Бунда кишида бош оғриғи, юрак безовталиги, оёқ-қўлларининг қалтираши, тер босиши, лоҳаслик каби ҳолатлар пайдо бўлади.Гиёҳванд моддаларни сурункали истеъмол қилиб юрувчи, усиз яшай олмайдиган бундай кишилар атроф-муҳит учун ҳам, оила ва жамият учун ҳам хавфлидир. Шу боис мамлакатимиз ҳудудида гиёҳвандлик томир отишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчи саналади. Инсон бошига келадиган ғам-ташвишлар, бало-қазо мусибатлар хар-бир одамнинг ўзининг қилган амалига яраша эканлигига Аллох таолонинг мана бу ояти далил бўлади.  «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз билан нарса-гуноҳ сабабли (етур)» (Шўро сураси, 30-оят);

Баъзан оилада бола туғилиши қувонч эмас, ташвиш келтиради. Ичувчи ота-онадан кўпинча ақлан заиф, довдир фарзандлар туғилади. Бундай болалар ота-она учун ҳам, жамият учун ҳам катта муаммодир.Кузатишлар шундан далолат берадики, 1000 нафар ақли заиф боладан 500 нафарининг онаси, 70 нафарининг эса отаси ҳам, онаси ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилар экан. Франсуз врачи Демма 28 йил давомида эри ҳам, хотини ҳам ичкиликбозликка берилган ўнта оилани кузатган. Бу оилаларда туғилган 57 боланинг 25 нафари ёшига етмай ўлган, 5 нафарида тутқаноқ касали бўлган, 5 нафарининг бош миясида сув йиғилган, 12 нафари ақли заиф бўлган, фақат 10 болагина соғлом туғилган.     Тутқаноқ касали билан оғриган ҳар 100 боладан 60 нафарининг ота-онаси ашаддий ароқхўр бўлганлар.Ичликилик турли жиноятларнинг онасидир. Далилларга мурожаат қилинса, 70 фоизга яқин қотиллик, 80-90 фоиз безорилик асосан мастликда рўй беради. Агар фуқаролар томонидан спиртли ичимликларни истеъмол қилиш 35 фоизга камайтирилса, қотиллик камида 40 фоизга, безорилик 25 фоизга камайиши аниқланган. 100 грамм ароқ ичиш киши жисмидаги фаол ишлаётган 7500 тўқимани йўқ қилади. 75 грамм ароқ истеъмол қилингандан сўнг мушакларнинг кучи 20 дан 40 фоизгача камаяди. Бу эса ўз-ўзидан меҳнат унумдорлигининг пасайишига олиб келади. 25 фоизга яқин ароқхўрлар мастлик пайтида ўзини ўзи ўлдиришни ўйлайди. 100 грамм спиртли ичимлик спортчини икки ҳафтага ишдан чиқаради. Спиртли ичимликлар ичиш, чекиш, айниқса, аёллар ва ёш болаларга кучли ва тез таъсир этади. Аёл киши бир-икки йил мобайнидаёқ алкоголга ўрганиб қолади. 13-14 ёшли ўғил ёки қиз болага бериладиган бир қадаҳ кучсиз вино катта ёшли одамнинг бир шиша ароқ ичгани каби ёмон таъсир этади. Оилада ичкиликбозликми, гиёҳвандликми, кашандаликми, носвой чекишми қайси бири мавжуд экан, у ерда соғлом фикрли фарзанд камолоти, оилавий бахтиёрлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат-иззат ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.Оиланинг соғлом турмуш тарзи, дунёқараши, ота- онанинг ҳалоллиги, поклиги, меҳнатсеварлиги, эътиқоди фарзандларни ичкиликбозликдан, гиёҳвандликдан, кашандаликдан асровчи омиллардир.

 

Олтинсой тумани  “Раҳмонберди хожи” жоме масжиди имом хатиби Абсаломов Зикрулло

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here