Ислом дини инсониятни гўзал одоб-ахлоққа чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган. Ҳалимлик исломнинг чиройли одоблардан бири бўлиб, у юмшоқлик, беозорлик, меҳрибонлик маъноларини ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом камдан-кам учрайдиган, бошқаларда жамулжам ҳолда топилмайдиган нодир ва камёб сифат ва хусусиятларга эга бщлганлар. Чунки у зот чиройли хулқ ва олийжаноб сифатлар чўққисида бўлиб, барча умматга намуна эдилар. Ҳалимлик, бардошлилик ҳамда озор ва қийинчиликларга сабр қилиш ана шундай сифатлар сирасига киради. Қуръони каримнинг бир қатор сураларида Аллоҳ таолони ҳалимлик сифати билан сифатланиши ҳам бу фазилатнинг нақадар улуғ даража эканига далолат қилади. “Яхши сўз ва кечириш ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ беҳожат ва ҳалим Зотдир” (Бақара сураси, 263-оят). Ҳалимлик, юмшоқлик пайғамбарлар ва пайғамбарликнинг энг улуғ ахлоқларидан бири эканини қуйидаги ояти карималарда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло пайғамбарлар отаси Иброҳим (алайҳис-салом) хулқи ҳақида “Тавба” сурасининг 114-оятида айтади: “Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”. Нафақат Иброҳим а.с балки барча пайғамбарлар ўз умматларига мулойим ширинсўз бўлшганлар. Маълумки, Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари башариятга намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажралмас сифатларидан бўлган. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, пешвоси эканлари барчамизга яхши маълум. Аллоҳ таоло ана шу юксак ахлоқ даражасида бўлган ҳазрат Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга берган буюк ахлоқий сифатлар тўғрисида хабар бериб бундай дейди: “Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли имрон сураси, 159- оят). Пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳалимлик сифати биз умматга намуна бўиши керак. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида умматларнинг энг яхшилари ҳақида хабар бериб, бундай дейди: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир”. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ушбу оят ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, яъни ҳалимлик қиладилар”, — деган эканлар. Пайгамбаримиз (соллаллоху алайхи ва саллам) бундай де¬дилар: «Аллох таоло Исломни ўзига хос дин килди. Сизнинг динингизга сахийлик ва гўзал хулкдан бошқаси ярашмайди. Кўзингизни очинг. Динингизни шу икки хислат билан гуўзаллаштиринг». Яна у зот айтдилар: «Гўзал ахлоқ Аллохнинг энг буюк неъматидир». Расулуллохдан (соллаллоху алайхи ва саллам) сўрашди: «Ё Аллохнинг Расули, имон нуқтаи назаридан муминларнинг кайсиниси фазилатлироқ?» «Хулқи гўзал бўлганлари», — дедилар. Яна у зот (алайхиссалом) мархамат килдилар: «Сиз молларингиз (мол-дунёингиз) билан инсонларни хузур-халоватга етказа олмайсиз. Уларни очик чехра, кулар юз ва гузал хулк ила хузур-халоватга етказасиз. Сирка асални бузганидек, ёмон хулк ҳам амалларни бузади». Оилада, фарзандлар тарбиясида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган кундалик муомалаларда вазминлик, босиқликка амал қилиб ҳаёт кечиришимиз лозим бўлади. Шундай қилсак, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари қаторидан ўрин олиб, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг чин умматларидан бўламиз.
Шўрчи туман бош имом-хатиби А.Ҳабибуллаев