Агар сизни никоҳ ақдига ёки никоҳ тантанасига чақиришса, у ерга боринг. Модомики, у ерда шариатга зид ишлар бўлмаса, шариат ҳаром қилган ичимликлар ичилмаса, ундай зиёфатларда қатнашиш суннат амаллардан саналади. Зеро, бағрикенг ислом шариати турмуш қуришни ибодат ва тоат амаллардан деб эълон қилган. Шунинг учун ҳам никоҳ ақдини масжидларда боғлаш зарур. Фиқҳ китобларимизда бунга далиллар жуда кўп.
У ерга борганингизда фақат маросимга мос, чиройли сўзларни, табрикларнигина айтинг. Бошқаларни хафа қиладиган, дилни оғритадиган, қулоқларга ёқмайдиган бемаза сўзларни мутлақо гапирманг. Зеро, мўмин одам фаросатли, зийрак ва ақлли бўлади.
Келин-куёвни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуолар билан муборакбод этинг. Зеро, у зот: “Аллоҳ сизларга бу никоҳни муборак қилсин, иккалангизни Ўзининг марҳаматига эриштирсин ва ўрталарингизни яхшилик устида жамласин”, деб дуо қилар эдилар. (Бу ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Ҳоким ва Ибн Можа бу ҳадисни саҳиҳ дейишган.)
Келин-куёвларга баъзи одамлар одат қилганидек, “Бахт ва ўғиллар тилаймиз” деб тилак билдирманг. Бу жоҳилият табриги бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай табриклашдан қайтарганлар. Бизга юқоридаги ҳадисда келтирилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кифоя қилади.
Яна бир ҳадисда: “Аллоҳ сизларга бу никоҳланишингизни муборак қилсин, сизларга Ўзининг марҳаматидан насиб айласин”, дейилган. (Бу ҳадисни Насаий ва Ибн Можа ривоят қилишган.)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйландилар. Мени олиб келиб, уйларига олиб кирдилар. Кирсам, ичкарида ансория аёллар бор экан. Улар: “Яхшилик ва барака устига келинг, кўп ризқу насиба устига келинг”, деб дуо қилишар эди”. (Бухорий ривояти.)
Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, «Мусулмон кишининг энг муҳим одоблари» китобидан
Г.Рахимова
Денов туман бош отинойиси