Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Чунки ақида нотўғри бўлган ҳолда қилинган амаллар қанчалар кўп ва ихлос билан бажарилган бўлмасин, унинг заррача фойдаси йўқдир. “Ақида” сўзи луғатда: “ақд” сўзидан олинган бўлиб, “маҳкам боғламоқ” маъносини англатади. “Ақида” сўзининг кўплиги эса “Ақоид” бўлади.

Истилоҳда эса: Ақида илми деб – эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар тўғрисида баҳс юритадиган илмга айтилади. Яъни, ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши, ҳамда қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб, ўрнаштириб олиши лозим бўлган – қатъий далиллар билан собит бўлган шаръий эътиқодий ҳукмларга ақида дейилади. Буюк ватандошимиз Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмини ўрганиш зарурлигини баён қилиб шундай деган:

Ақида билмаган шайтона элдур

Агар минг йил амал деб қилса елдур

Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, соф Ақидани билмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди.

Чунки динда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз, ёлғиз ихлоснинг ўзи билан нажот топаман деган кишилар адашадилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилдилар. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқдилар. Агар уларда илм бўлганида, улар бу ишни қилмаган бўлар эди”.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзлари хаворижларга нисбатан айтилгандир. Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” деб номлашган. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким”ни (яъни, Муовия розияллоҳу анҳу билан қилинган битимни) қабул қилишини куфр деб ҳисоблаган. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаннат башоратини берган зотни кофирга чиқаришган. Али розияллоҳу анҳу уларнинг даъволарига жавоб бериш ҳамда уларни тўғри йўлга бошлаш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида кенг баҳс-мунозара бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг хатоларини илмий исботлаб берганларидан сўнг улардан икки мингдан зиёди хаворижликдан қайтган эди.

Минг афсуски, бугунги кунда ҳам худди шу хаворижлар каби “такфирчи” оқимлар пайдо бўлиб, омма мусулмонларни куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётгани ачинарли ҳолатдир.

Аслида, мусулмон киши қачон диндан чиқади? Гуноҳлар сабабли мусулмон кишини кофир дейиш жоизми?

Мусулмон кишини куфрга чиқариш жуда ҳам хатарли ишдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларида мусулмонларни куфрга чиқаришдан қаттиқ қайтарганлар. Жумладан:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўзининг биродарига “Эй кофир”, деса, (куфр ҳукми) иккисидан бирига қайтади дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда мусулмон кишини кофирга чиқарувчилар учун катта таҳдид бордир. Агар у кишининг гапи рост бўлса, мазкур биродарининг кофир экани табиийдир. Аммо унинг гапи ёлғон бўлиб чиқса, шу гапни айтган кишининг ўзи кофир бўлади. Чунки у киши бу сўзи билан мўмин кишига кофирлик ҳукмини берган бўлади ёки имонни куфр деган бўлади.

Шуни таъкидлаш лозимки, баъзилар динни жуда ҳам енгил олиб, Аллоҳ таоло буюрган амалларни адо қилишни ортга сурсалар, яна баъзилар эса уни ҳаддан ошириб юборишади. Бу иккиси ҳам нотўғридир. Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири — банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси — банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.

Динда ғулувга кетиш — мусулмон халқларининг ўртасини бўлиб юборишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида ватанда беқарорлик вужудга келади. Юртнинг қуввати заифлашади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

«Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур» (Анфол сураси, 46-оят).

Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай деган:

“Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”(Ҳужурот сураси, 6-оят)

Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”дедилар. Муслим ривояти.

Чунки киши ҳар хил хабарларни эшитади. Уларнинг ичида рости ҳам бўлади, ёлғони ҳам бўлади. Агар текшириб кўрмай, эшитганининг ҳаммасини гапираверса, ёлғон гапларни ҳам гапириб қўйиши мумкин бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:

“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиёни тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва турли фирқаларга бўлиниб кетманг …»

Мусулмон киши ҳамиша хушёр бўлмоғи, тинчликка раҳна соладиган бирор мункар ишни кўрса, бирор бир бузғунчиликка гувоҳ бўлса, дарҳол олдини олмоғи лозим.

Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Халқимизни аждодларига муносиб тўғри ақидада собит турадиган халқлардан қилсин!

Музработ туман бош имом 

 хатиби Бобохон Қосимов.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here